2020 йил 29 июнь куни Ўзбекистон Миллий матбуот маркази биносида “Ўзбекистон Республикасининг “Архив иши тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг мазмун ва моҳияти” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

2020 йил 29 июнь куни Ўзбекистон Миллий матбуот маркази биносида “Ўзбекистон Республикасининг “Архив иши тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг мазмун ва моҳияти” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуман Uzreport телеканали ҳамда "Ўзархив"  агентлигининг ижтимоий тармоқлардаги расмий каналларида тўғридан-тўғри намойиш этилди.
Тадбирда “Ўзархив” агентлиги раҳбарияти, Миллий архив фонди ҳужжатларини ўзида сақлаш ҳуқуқи берилган вазирликларнинг идоравий архивлари масъуллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
 Анжуманда юқорида номи қайд этилган Қонун лойиҳасини қабул қилишга қандай омиллар сабаб бўлгани, киритилаётган ўзгартиришлар ва Қонуннинг  мазмун-моҳияти тўғрисида йиғилганларга атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, амалдаги Қонунда Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган айрим вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотлари архивлари ҳуқуқий мақомини белгиловчи тушунча мавжуд эмас. Қонунда тугатилган ташкилотлар ҳужжатлари фақат давлат архивларига топширилиш белгиланган. 
Мазкур норма республикада нодавлат архивларнинг жамланиши ва ривожланишига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, давлат архивлари катта ҳажмда тугатилган ташкилотлар ҳужжатларини сақловга қабул қилиши ва улар асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг кўплаб сўровларини бажариш билан машғул бўлиб, Миллий архив фонди ҳужжатларига доир архив ишлари ўта сустлашиб бораётир. 
Давлат архивларида Ўзбекистон Республикасининг маданий мерос объектларининг ёдгорликлар сирасига киритилган Миллий архив фонди ҳужжатлари сақлансада, уларнинг биноларини тасарруфдан чиқариш бўйича нормаларнинг қонунчиликда мавжуд эмаслиги ҳам соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатаётир. 
Айрим вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотларга Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган. Лекин, мазкур ҳуқуқ асосида уларда архив ишини давлат архивлари талаблари асосида ташкил этиш имконияти мавжуд эмас. 
Қайд этилганидек, давлат архивларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳияти мазкур ишларни жадал суръатларда амалга ошириш имконини бермайди.
Шунинг учун ҳам мазкур Қонун лойиҳасида қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда. 
Аввало, Қонуннинг асосий тушунчалар моддасига давлат ихтисослаштирилган архиви тушунчалари қўшимча тарзда киритилмоқда. Тугатилган ташкилотлар архив ҳужжатларини тегишли архивларга, шу жумладан нодавлат архивларини ҳам истисно қилмаган ҳолда топшириш билан ўзгартирилмоқда. Давлат архивлари биноларини архивлар тасарруфидан чиқариш нормаси қатъийлаштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган айрим вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотларда давлат ихтисослаштирилган архивларини ташкил этиш мумкинлиги нормаси киритилмоқда. Давлат архивларига топширилаётган Миллий архив фонди ҳужжатларининг электрон базаларини яратиш  ва ушбу билан архив ҳужжатларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида ташкилотлар томонидан архив ҳужжатларини давлат архивларига электрон нусхалари билан бирга топшириш белгиланмоқда.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ўзида архив ҳужжатларини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган ташкилотларда давлат ихтисослаштирилган архивларининг ташкил этилишини, давлат архивлари биноларини тасарруфдан чиқариш мумкинмаслигини, архив ҳужжатлари электрон нусхалари билан бирга топширилишини (Латвия, Эстония, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон) назарда тутади.
Ҳужжат лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали параллел равишда regulation.gov.uz тизимига жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Таклифлар инобатга олинган ҳолда қайта тўлдирилган Қонун лойиҳаси шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш режалаштирилмоқда.
Анжуман Uzreport телеканали ҳамда "Ўзархив"  агентлигининг ижтимоий тармоқлардаги расмий каналларида тўғридан-тўғри намойиш этилди. Такроран ахборот дастурларида намойиш этилади.


Manba : "Ўзархив" агентлиги Ахборот хизмати