Bosh direktor tabrigi 8-mart

Ҳурматли, қадрдон ва муҳтарам архивчи хотин-қизлар!

 

Баҳор! Янгиланиш ва ёшариш фасли! Баҳор кириб келиши билан қалбимизда ўзгача шукуҳ, ўзгача қувонч ва ўзгача бир сўз билан ифодалаб бўлмас ҳис туйғулар жўш уради.

Табиат очилиб, кўнгилларимиз ёруғ туйғуларга тўлиб бораётган мана шу шукуҳли айём Сиз азиз аёллар байрами билан ҳамоҳанглиги биз эркакларни янада қувонтиради...

Сиз, азизларни, сизлар орқали бутун архив муассаларида фаол ишлаб келаётган барча хотин-қизларни 8 март байрами билан чин қалбимдан муборакбод этишдан бахтиёрман!

Ҳеч кимга сир эмас, Сиз азиз архивчи аёлларнинг жонбозлигингиз сабаб мамлакатимизда архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи муассасалар тартибли, саранжом-саришта.

Биз бугун Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган, ҳаёт давомийлиги ва абадийлигини ўзида мужассам этган аёл зотини, табаррук зотларни улуғлар эканмиз, ўзининг латофати ва нафосати, вафо ва садоқати, қалб саховати билан оилани оила қиладиган, хонадонларимиз бекаси ва чароғбони бўлмиш сиз, мунис аёлларимизга ҳар қанча тасаннолар айтсак, сизларни ҳар қанча эъзозлаб, бошимизга кўтарсак, арзийди, албатта.

Сизларни байрам билан чил қалбимдан табриклар эканман, умрингиз узоқ, иқболингиз зиёда бўлсин! Барча эзгу орзу-ниятларингиз амалга ошсин! Доимо оилангиз ва фарзандларингиз, эл-юртимиз ардоғида бўлинг, азиз, аёллар!

 

Ҳурмат ва эҳтиром ила,

Бош директор А.Х.Абдуллаев!