Марғилон шаҳрида байрам шукуҳи. Янги бино муборак.

Марғилон шаҳар давлат архиви биносининг очилиши ва Архивлар кунига бағишланган байрам тантанасида иштирок этиш учун “Ўзархив” агентлиги Бош биректори Аъламов Умиджон Бахтиярович лутфан таклиф этилди.

Марғилон шаҳар давлат архиви биносининг очилиш маросимига ташриф буюрган меҳмонни давлат архиви ходимларидан ташқари коллеж ўқувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек Марғилон шаҳар ҳокими, Марғилон шаҳридаги Марказий мачити имом хатиби кутиб олдилар. Карнай садолари остида бошланган тадбир айнан ушбу маросим учун махсус тайёрланган миллий ҳунармандчилик ва касаначилик санъати намуналаридан ташкил топган кўргазмани томоша қилишга уланиб кетди. Қадимий ёзувларни акс эттирган кўҳна китоблар, Марғилоннинг номини бутун дунё танитган атлас шойилари, коллеж ўқувчилари томонидан яратилган санъат намуналари тадбир иштирокчиларида юқори таассурот қолдирди.

Кўргазмадан сўнг, анжуман қатнашчиларини табриклаш учун “Ўзархив” директори Аъламов Умиджон Бахтиярович ва Марғилон шаҳар ҳокими Убайдуллаев Мирзоҳид Муродиловичлар таклиф этилдилар.

Сўзга чиққан агентлик Бош директори йиғилганларни 9 июн “Ҳалқаро архивлар куни” билан муборакбод этди. Архив соҳасида ҳормай-толмай меҳнат қилаётган соҳа ходимларига бу машаққатли фаолиятларида куч-ғайрат, шижоат тилади. Меҳнат коллективининг ўз кучи билан бинони шундай муҳташам ҳолга келтирганлари учун, ўзлари учун қулай шароит яратишда ўз куч ва меҳнатларини аямаганликлари учун ўз миннатдорчилигини билдирди ва келгуси ишларида улкан зафарлар тилади.

Шунингдек, мазкур бинонинг очилиши ва архивчилар куни билан тадбир иштирокчиларини Марғилон шаҳар ҳокими ҳам қизғин табриклади. У ўз сўзида Марғилон шаҳар давлат архиви ходимларига ўз миннатдорчилигини билдирар экан, меҳнат жамоасининг ўз куч ва меҳнатлари эвазига бунёдга келган бу кўркам бинонинг очилишида иштирок этаётганидан мамнун эканини изҳор этди.  Шу билан бир қаторда, жамоанинг келгуси бунёдкорлик ишларида Марғилон шаҳар ҳокимлиги яқиндан ёрдам кўрсатишини таъкидлади. 

Шунингдек, архив биносининг бунёдкорлик ишларида фаол қатнашган бир гуруҳ ходимлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Табрикдан сўнг рамзий тасма қирқиш маросими бўлиб ўтди. Алвон рангдаги тасма қирқилгач, бинонинг рамзий калити Марғилон шаҳар давлат архиви директорига топширилди. Шундан кейин йиғилганлар бино ичкарисига йўл олдилар. Озода ва шинам, турли экспонатлар билан безатилган йўлакдан, янги таъмирдан чиққан кенг фойега ўтилди. Бу ерда амалга оширилган ишлар кўздан кечирилди. Сақловхонадаги ҳужжатларнинг темир стеллажларда тартибли жойлашуви,  ишларнинг тизимли йўлга қўйилгани, фуқароларни қабул қилиш учун яратилган қулайликлар меҳмонларнинг эътибори ва эътирофига сазовор бўлди.

Бинонинг учинчи қаватида жойлашган сақловхоналарда йиғилганлар бу ерда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўлдилар. Бош директор қисқа муддатда шунча ишларни амалга оширган меҳнат жамоасига яна бир бор ўз миннатдорчилигини билдирди. Уларнинг бундай беминнат меҳнатлари албатта раҳбарият томонидан муносиб тақдирланишини билдирди.