АБДУЛЛАЕВ ЭРКИН АБДУЛЛАЕВИЧ

 #архив_фахрийлари #ветераны_архивов

Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивидаги фаолият йиллари: 1960-2007 йиллар
  Абдуллаев Эркин Абдуллаевич 1934 йил 7 августда Тошкент шаҳрида туғилган. 1954 йили Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетига ўқишга киради.
  У архив соҳасидаги фаолиятини 1960 йилда СМ ЎзССР қошидаги Архив бошқармасида илмий ходим лавозимидан бошлаган, ЎзССР МДАда эса 1961-1982 йилларда катта илмий ходим, бўлим мудири лавозимларида ишлаб келган. Фаолияти давомида у илмий ва ишлаб чиқариш фаолиятларида қатнашиб, “Ўрта Осиё ва Қозоғистонда аёлларни озод қилиш” номли ҳужжатли тўплам чиқишида бевосита иштирок этган. ЎзССР МДАда “Хўжалик ҳисобидаги идораларга қарашли ҳужжатларни қайта ишлаш” бўлимини очилишида бевосита иштирок этган ва шу бўлим мудири этиб тайинланди.
Архивдаги фаолияти давомида у ўзининг юқори малакага эга, ҳужжатларга илмий-техник ишлов бериш ишларида комплекс қамраб олувчи мутахассис сифатида кўрсата олди. Бир неча фахрий ёрлиқлар билан, ҳусусан, СССР ва ЎзССР Архив бошқармаларининг Фаҳрий ёрлиқлари, шунингдек, “Архив иши аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Э. Абдуллаев 1982 йил 28 майдан то 1984 йил 20 ноябргача ЎзССР МДАнинг директори лавозимида ишлаган. 1984 йил 20 ноябридан ўзининг илтимосига кўра “Идоравий архивларда жамлаш, қимматдорлигини аниқлаш ва шартнома асосида иш юритиш” бўлими мудири этиб тайинланади. Бу лавозимда у 1992 йил 15 декабргача ишлади.
1992 йил 15 декабрдан Э. Абдуллаев яна ЎзР МДА директори лавозимига қайтади. 2007 йил 1 июнда пенсияга чиқиши муносабати билан директорлик лавозимидан озод этилади. 
2004 йил 14 июнда “Меҳнат фаҳрийси” медали билан тақдирланади. Ўзининг 47 йиллик иш фаолияти давомида у ходимларнинг ҳар бири билан индивидуал ёндошиб, уларни касбга бўлган меҳр ва масъулиятини янада ошишига катта хизмат қилди. 
Оҳиратлари обод бўлсин!
Ўзбекистон Миллий архиви томонидан тақдим этилган материаллар асосидан тайёрланган.


Manba : "Ўзархив" агентлиги Ахборот хизмати