“Архив фаолиятини автоматлаштириш ва архивларда ахборот-коммуникацион технологияларини жорий этишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги матбуот анжумани

Мавзу: “Архив фаолиятини автоматлаштириш ва архивларда ахборот-коммуникацион технологияларини жорий этишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги матбуот анжумани

Ўтказиш вақти: 2016 йил 27 декабрь, соат 11:00да

Ўтказилиш жойи: Ўзбекистон Миллий матбуот маркази, Тошкент шаҳар, Навоий кўчаси, 16-уй

Тадбир ташкилотчиси: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги

2016 йилнинг 27 декабрида Ўзбекистон миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг ягона режаси”га асосан “Ўзархив” агентлиги томонидан “Архив фаолиятини автоматлаштириш ва архивларда ахборот-коммуникацион технологияларини жорий этишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги бугуннинг устувор масаласига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги томонидан архив фаолиятини автоматлаштириш оқибатида жисмоний ва юридик шахсларга яратилаётган қулай имкониятлар ҳамда архивларда ахборот-коммуникацион технологияларини жорий этишдаги ютуқлар ва истиқболдаги режалар муҳокама этилди.

Архив иши соҳасидаги фаолиятни ташкил этиш ва бошқаришда 2010 йил 15 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Архив иши тўғрисида”ги қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида архив ишини бошқаришни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳамда бошқа қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Соҳада яратилган мукаммал қонунчилик тизими архивларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, электрон архив фондларини яратиш ҳамда рақамлаштиришнинг замонавий ускуналари билан жиҳозлашда янги истиқболларни очмоқда.

Архивларни келажак авлодга бекаму кўст етказиш соҳа мутахассисларининг энг биринчи вазифасидир. Шундан келиб чиқиб, 2008 йилдан бошлаб барча давлат архивларида ахборот-коммуникацион технологияларидан фойдаланилган ҳолда асл ҳужжатларнинг умрини узайтириш мақсадида алоҳида қимматли ҳужжатларнинг электрон нусхаларини яратиш ишларига киришилди. Ҳозирга қадар 510 минг сақлов бирлигидан ортиқ, шу жумладан 5,3 миллион кадр қоғоз асосдаги, 240 мингдан ортиқ фото, 1800 дан ортиқ кино, 2700 дан ортиқ фоно архив ҳужжатларининг электрон нусхалари яратилиб, жами давлат архивларида сақланаётган алоҳида қимматли ҳужжатларнинг 75 фоизи электрон форматга ўтказилди.

Бугунги кунда ахборот олишга бўлган эҳтиёж тобора ошиб бораяпти. Мазкур жараён архивлар фаолиятини ривожлантиришда янгича ёндашувни талаб этмоқда.
Шу маънода, мавжуд архив муассасаларининг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланишига катта эътибор қаратиляпти. Бу эса иш самарадорлиги оширибгина қолмай, ҳужжатларни сифатли ва узоқ муддатга сақлаш имкониятини бермоқда. Шунинг билан бирга, аҳолининг архив ҳужжатларидан фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида www.archive.uz сайти мунтазам фаолият юритмоқда. Ушбу сайтда “Хизматлар” ва “Интерактив хизматлар” туркумларида фуқароларга архив муассасалари томонидан кўрсатиладиган хизматларга оид кенг кўламли маълумотлар ҳавола қилинган. Шунингдек, веб-сайт модернизация қилиниб, унда аҳоли ва тадбиркорлар учун Агентлик раҳбариятининг виртуал қабулхонаси жорий қилинди. Виртуал қабулхона орқали интернетдан фойдаланувчилар электрон рақамли имзоларсиз бевосита Агентлик раҳбариятига мурожаат этишлари мумкин.

Жисмоний ва юридик шахсларга янада қулайликлар яратиш мақсадида Агентлик веб-сайтида ҳужжатларнинг қидирув тизими жорий этилиб, давлат архивларида сақланаётган 57 235 та корхона, ташкилот ва муассасаларнинг шахсий таркиб ҳужжатлари тўғрисида маълумотлар жойлаштирилди. Бу эса ўз навбатида мурожаат этувчиларнинг ортиқча вақт йўқотишлари ва йўл сарф-ҳаражатларини камайтиришга хизмат қилмоқда.

Фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси ва Ягона давлат интерактив хизматлари портали орқали ҳам яқиндан кўмак берилмоқда.

Архив фаолиятини автоматлаштириш бўйича соҳада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Ўзархив” агентлигининг бевосита кўрсатмасига асосан Ўзбекистон Республикаси Илмий-техникавий ва тиббиёт ҳужжатлари марказий давлати архиви томонидан архив ҳужжатлари сақланиши ва хавфсизлиги устидан назорат қилиш ҳамда бошқаришнинг интеграциялашган тизими, архив сақловхоналарида микроклиматни бошқариш ва назорат қилишнинг автоматлашган тизими, архив фаолиятини автоматлаштириш учун марказлашган ахборот тизими ҳамда архив ҳужжатларини қидирув тизимлари ишлаб чиқилиб, соҳага жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси марказий давлат архивлари, Тошкент шаҳар, Сирдарё, Андижон, Қашқадарё, Жиззах ва Фарғона вилоятлари давлат архивларида жорий этилган замонавий ахборот (сенсорли) киоскларининг электрон базалари янада кенгайтирилиб, давлат архивлари фаолияти ва уларда сақланаётган ҳужжатлар ҳақида маълумотлар жойлаштирилди.

Бу каби қулайликлар туфайли давлат архивлари ўқувхоналарида архив ҳужжатларидан фойдаланувчилар ва қизиқувчиларнинг сони тобора ортмоқда. Биргина 2016 йилнинг ўзида 31 400 дан ортиқ ҳужжат фойдаланувчилар томонидан ўқувхоналарида кўриб чиқилган.

Шунингдек, архив соҳасининг барча жабҳаларида ахборот-куммуникация тизимини жорий қилиш натижасида кундан-кунга фуқаролардан келиб тушаётган сўровларнинг сонида ўсиш суръати кузатилмоқда. Ўз навбатида уларнинг мурожаатларига тезкор, қулай ва ўз вақтида жавоб қайтарилиши архив муассасалари билан фуқароларнинг ўртасида ўзаро ва ишчан алоқаларни мустаҳкамланишига замин яратмоқда. Жумладан, 2016 йил давомида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги, хусусан, меҳнат фаолияти ва иш ҳақини тасдиқлаш, ўқув муассасаларида ўқиганликни тасдиқлаш ҳамда мукофотланганлик тўғрисидаги архив маълумотномаларини бериш бўйича 2 512 та сўровлар қабул қилиниб, ижроси таъминланди. Бу кўрсаткич 2015 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 35 фоизга ошганлигини кузатишимиз мумкин.

Тадбирни ёритишда яқиндан ёрдам берган оммавий ахборот воситалари вакилларига “Ўзархив” агентлиги томонидан миннатдорлик билдирилади.

 

“Ўзархив” агентлиги Ахборот хизмати
Тел.: (+99871) 277-11-68,
 факс: 277-13-35, www. archive.uz

 

Кўчириб олиш (doc. 77,8 kb)