Архивлар 100 ёшда. Термиз шаҳрида юбилей тадбирлари бўлиб ўтди

Жорий йил Республикамизда архивлар ташкил этилганлигига 100 йил тўлди. Шу сабаб Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида 5-6 ноябрь кунлари Ўзбекистонда давлат архивлари тизими ташкил топганининг 100 йиллигининг байрам тадбирлари бўлиб ўтди. Ўтказилган тадбирлардан асосийси бу замонавий архитектура талаблари асосида қурилган ва шу кундан фойдаланишга топширилган Сурхондарё вилояти давлат архивининг очилиш маросимидир. Очилиш маросимида Сурхондарё вилояти хокими Т.Боболов, "Ўзархив" агентлиги Бош директори У.Юсупов, байрам тадбирларига иштирок этиш учун 10 га яқин давлатлардан ташриф буюрган меҳмонлар, Республика архив муассасаларидан раҳбар ходимлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Меҳмонлар бинога ташриф буюриб, фаолият олиб бориш учун яратилган шароитлар ва замонавий коммуникация технологиялари, ҳужжатларни хавфсиз сақлаш учун таъминланган жихозлар билан яқиндан танишдилар.

Ўтказилаётган тадбирлар давомида “Медиа майдонда тарихий тадқиқотлар ва архившунослик интеграцияси” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Конференцияда юртимиз ва халқаро олимларнинг архив соҳасидаги муҳим соҳа ва йўналишлар хусусида маърузалар қилишди. Конференция бугун ўз ишини давом эттирмоқда.