O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASI

HUZURIDAGI "O`ZARXIV" AGENTLIGI


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ «ЎЗАРХИВ» АГЕНТЛИГИ БОШ ДИРЕКТОРИНИНГ

БУЙРУҒИ

ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДАГИ АХБОРОТНИ АХБОРОТ-КУТУБХОНА ВА АРХИВ МУАССАСАЛАРИГА ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 27-сон, 333-модда)

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 7 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2806]

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрдаги 320-сон «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив муассасаларига тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомиловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Бош директор ўринбосари Д. КУЧАРОВА

Тошкент ш.,

2016 йил 20 июнь,

44-сон

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги бош директорининг 2016 йил 20 июндаги 44-сон буйруғига
ИЛОВА

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив муассасаларига тақдим этиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрдаги 320-сон «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни (бундан буён матнда ахборот деб юритилади) ахборот-кутубхона ва архив муассасаларига тақдим этиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ахборот «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига асосан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан тасдиқланадиган ўз фаолияти тўғрисидаги ахборот рўйхатига (бундан буён матнда ахборот рўйхати деб юритилади) мувофиқ ахборот-кутубхона ва архив муассасаларига тақдим этилади, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги фойдаланилиши чеклаб қўйилган ахборот бундан мустасно.

2. Ахборот ахборот-кутубхона ва архив муассасаларига улардан кейинчалик ахборотдан фойдаланувчилар танишиб чиқиши учун тақдим этилади.

3. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ахборотни ахборот-кутубхона ҳамда архив муассасаларига тақдим этиш учун масъул ходим тайинланади.

2-боб. Ахборотни ахборот-кутубхона ва архив муассасаларига тақдим этиш

4. Календарь йил тугагандан сўнг, ўтган йилга оид (1 январь — 31 декабрь ҳолатига) ахборотлар акс эттирилган ҳужжатлар жамланиб, уларнинг электрон нусхалари тайёрланади. Бунда:

матн, шу жумладан жадвал, схема ва бошқа матнли маълумотлардан иборат бўлган ҳужжатлар — «PDF» шаклда;

овозли ёзувлар — «WAV» ёки «MP3» шаклда;

видео ёзувлар — «AVI» ёки «MP4» шаклда;

тасвирлар, шу жумладан фотосуратлар — «JPEG» шаклда тайёрланади.

5. Ахборотларнинг электрон нусхалари ахборот рўйхатига мос равишда номланган электрон жилдларга жойлаштирилади ва CD ёки DVD дискларга (бундан буён матнда дисклар деб юритилади) ёзилади. Бунда дискларга ахборот рўйхатига асосан тузилган ва мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ электрон шаклда («PDF») расмийлаштирилган тақдим этилаётган ҳужжатлар рўйхати (бундан буён матнда ҳужжатлар рўйхати деб юритилади) ҳам ёзилади.

6. Ахборотлар акс эттирилган дисклар ҳар йили 31 январгача:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари марказий аппарати томонидан — Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивига;

ҳудудий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ёки Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказларига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ёки вилоятлардаги давлат архивларига ёхуд Тошкент шаҳар давлат архивига кузатув хати орқали тақдим этилади.

7. Ахборот-кутубхона муассасаси (архив муассасаси) масъул ходими 5 иш куни ичида тақдим этилган дискларда акс эттирилган ахборотларнинг ҳужжатлар рўйхатига мувофиқлиги, шунингдек ушбу ахборотларнинг компьютерда ўқилиши имконияти бирма-бир текшириб чиқилади.

8. Текшириш натижасида дисклардаги ахборотлар ҳужжатлар рўйхатига мувофиқ бўлса, шунингдек ушбу ахборотларнинг компьютерда ўқилиши имкони мавжуд бўлса, ахборот-кутубхона муассасаси (архив муассасаси) масъул ходими ҳамда тегишли давлат ҳокимияти органи (давлат бошқаруви органи) масъул ходими томонидан икки нусхада мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда топшириш-қабул қилиш далолатномаси тузилади.

Далолатнома топширувчи ва қабул қилиб олувчи шахслар томонидан имзоланади ҳамда тегишлича ахборот-кутубхона муассасаси (архив муассасаси) раҳбари томонидан тасдиқланади ва ташкилотнинг муҳри қўйилади.

Далолатноманинг бир нусхаси ахборот-кутубхона муассасасида (архив муассасасида) қолади, иккинчи нусхаси эса, тегишли давлат ҳокимияти органи (давлат бошқаруви органи) масъул ходимига топширилади.

9. Дисклардаги ахборотлар ҳужжатлар рўйхатига мувофиқ бўлмаганда ёхуд ушбу ахборотларнинг компьютерда ўқилиши имкони мавжуд бўлмаганда, улар (агар ахборотлар бир нечта дискка ёзилган бўлса, номувофиқлик ва (ёки) камчилик аниқланган дисклар) қабул қилинмайди ва тегишли ахборот-кутубхона муассасаси (архив муассасаси) кузатув хати билан уларни тақдим этган ташкилотга қайтарилади. Бунда аниқланган ҳар бир номувофиқлик ва (ёки) камчилик кузатув хатида кўрсатилиши ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилиши шарт.

10. Давлат ҳокимияти органи (давлат бошқаруви органи) томонидан ахборот-кутубхона муассасаси (архив муассасаси) кузатув хатида кўрсатилган номувофиқлик ва (ёки) камчиликлар бартараф этилгандан сўнг, ахборотлар ёзилган диск (дисклар) белгиланган тартибда 10 кун ичида тегишли ахборот-кутубхона муассасасига (архив муассасасига) қайта тақдим этилиши лозим.

3-боб. Якуний қоидалар

11. Масъул ходимлар ахборотларнинг тўғрилиги ҳамда ўз вақтида топширилиши ва қабул қилиб олиниши учун жавобгар ҳисобланади.

12. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

13. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан келишилган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Х. МИРЗАХИДОВ

2016 йил 16 июнь

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А. ХОДЖАЕВ

 

  Yuklab olish (*.doc 44 kb)