O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASI

HUZURIDAGI "O`ZARXIV" AGENTLIGI


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ «ЎЗАРХИВ» АГЕНТЛИГИ БОШ ДИРЕКТОРИ

БУЙРУҒИ

ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН АХБОРОТ-КУТУБХОНА ВА АРХИВ МУАССАСАЛАРИГА ТАҚДИМ ЭТИЛГАН ҲУЖЖАТЛАР БИЛАН ИШЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ ЙЎРИҚНОМАНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 27-сон, 334-модда)

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 7 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2807]

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрдаги 320-сон «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ахборот-кутубхона ва архив муассасаларига тақдим этилган ҳужжатлар билан ишлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Бош директор ўринбосари Д. КУЧАРОВА

Тошкент ш.,

2016 йил 20 июнь,

45-сон

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги бош директорининг 2016 йил 20 июндаги 45-сон буйруғига
ИЛОВА

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ахборот-кутубхона ва архив муассасаларига тақдим этилган ҳужжатлар билан ишлаш тартиби тўғрисидаги

ЙЎРИҚНОМА

Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрдаги 320-сон «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ахборот-кутубхона ва архив муассасаларига тақдим этилган ҳужжатлар билан ишлаш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ахборот-кутубхона ва архив муассасалари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни доимий равишда жамлаб, тўлдириб ва сақлаб бориладиган электрон нусхалари мажмуини — электрон базасини (бундан буён матнда электрон база деб юритилади) юритиши шарт.

2. Мазкур Йўриқнома талаблари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ахборот-кутубхона ва архив муассасаларига тақдим этилган ҳужжатларга нисбатан татбиқ этилади.

2-боб. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ахборот-кутубхона ва архив муассасаларига тақдим этилган ҳужжатлар билан ишлаш

3. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ахборот-кутубхона ва архив муассасаларида мазкур Йўриқноманинг иловасигамувофиқ электрон шаклда юритиладиган журналда топшириш-қабул қилиш далолатномасига асосан ҳисобга олиб борилиши шарт.

4. Ахборот-кутубхона ва архив муассасаларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ҳисобга олиш ва журнални юритиш учун муассаса раҳбарининг буйруғи билан масъул ходим тайинланади.

5. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳисобга олингандан сўнг, улар ахборот-кутубхона ва архив муассасалари масъул ходимлари томонидан 3 иш куни ичида электрон базага киритилади. Бунда ҳужжатлар ҳар календарь йил ҳамда ҳар бир давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи бўйича алоҳида-алоҳида туркумлаштирилган ҳолда жойлаштирилади.

6. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказлари тегишли ҳудуд бўйича жамлаган электрон базаларни умумлаштириш учун Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига 1 мартдан кечиктирмай тақдим этиши лозим.

7. Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар қуйи давлат архиви муассасалари томонидан жамланган электрон базалар умумлаштириш учун 20 февралга қадар тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Марказий давлат архиви ёки вилоятлар давлат архивларига тақдим этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Марказий давлат архиви, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат архивлари томонидан тегишли ҳудуд бўйича умумлаштирилган (жамланган) электрон базалар 25 февралга қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивига тақдим этилади.

8. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви ҳудудий ахборот-кутубхона ва архив муассасалари томонидан тақдим этилган электрон базаларни 1 мартга қадар республика бўйича умумлаштириб, ўз электрон базаларини шакллантириши шарт.

9. Электрон базалар тегишлича ҳудуд бўйича жамланган ҳолда 20 февралдан кечиктирмай Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказларининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Марказий давлат архиви, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат архивларининг, республика бўйича умумлаштирилган ҳолда эса, 5 мартдан кечиктирмай Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивининг расмий веб-сайтларида алоҳида саҳифада жойлаштирилиши лозим.

10. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви бошқа ахборот-кутубхона ва архив муассасаларига республика бўйича умумлаштирилган электрон базалардан фойдаланиш учун ўз расмий веб-сайтлари орқали шароит яратиб бериши шарт.

11. Электрон база калит сўзлар (кўп учрайдиган ёки ҳужжат номининг қисқача мазмунини билдирувчи сўзлар), ҳаволалар ҳамда бошқа параметрлар асосида керакли ахборотни тез ва осон қидириш ҳамда қидирилаётган ахборотларни фойдаланувчига тақдим этиш, шунингдек компьютер орқали ўқилиш имкониятига эга бўлиши керак.

12. Ахборот-кутубхона ва архив муассасаларида электрон базаларнинг ахборот хавфсизлиги тегишлича Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Ахборот хавфсизлиги сиёсати талабларига мувофиқ таъминланади.

13. Ахборотдан фойдаланувчилар электрон базалардан ўзига керакли бўлган маълумотлар билан ахборот-кутубхона ва архив муассасаларида алоҳида ажратиладиган компьютерлар воситасида интернет тармоғига уланган ҳолда (онлайн) ёки электрон базанинг локал нусхалари олинган ҳолда (оффлайн) танишиб чиқиш ҳуқуқига эга.

14. Электрон базадаги ахборотлардан нусхалар олиш фойдаланувчиларнинг буюртмаларига асосан тегишли ахборот-кутубхона ва архив муассасалари томонидан кўрсатиладиган хизматлар доирасида амалга оширилади.

3-боб. Якуний қоидалар

15. Мазкур Йўриқнома талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

16. Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан келишилган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Х. МИРЗАХИДОВ

2016 йил 16 июнь

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А. ХОДЖАЕВ

2016 йил 16 июнь

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ахборот-кутубхона ва архив муассасаларига тақдим этилган ҳужжатлар билан ишлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага
ИЛОВА

___________________________________________________________________ да

(муассасанинг номи)

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ҳисобга олиш

ЭЛЕКТРОН ЖУРНАЛИ

Юритилиши бошланди: 20 ___ йил «___»________.

Юритилиши тугатилди: 20 ___ йил «___»________.

 

Т/р

Ҳужжатларни тақдим этган ташкилот

Ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана

Жами қабул қилинган ҳужжатлар (ҳар бир

шакли бўйича алоҳида)

(дона)

Шундан:

Ҳужжатларни қабул қилиб олган шахснинг Ф.И.О. ва имзоси

«PDF» шаклдаги ҳужжат (варақ)

«WAV» («MP3») шаклдаги ҳужжат

(соат, дақиқа, сония)

«AVI» («MP4») шаклдаги ҳужжат

(соат, дақиқа, сония)

«JPEG» шаклдаги ҳужжат (дона)

 

1

2

3

4

5

6

7

8

 

  Yuklab olish (*.doc 39 kb)