O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASI

HUZURIDAGI "O`ZARXIV" AGENTLIGI


Мавзу: “Жисмоний ва юридик шахсларнинг архив муассасаларига мурожаатлари ҳамда бу борадаги долзарб масалалар” мавзусидаги матбуот анжумани

Ўтказиш вақти: 2017 йил 28 февраль, соат 11:00да

Ўтказилиш жойи: Ўзбекистон Миллий матбуот маркази, Тошкент шаҳар, Навоий кўчаси, 16-уй

Тадбир ташкилотчиси: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги

2017 йилнинг 28 февралида Ўзбекистон миллий матбуот марказида 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг ягона режаси”га асосан “Ўзархив” агентлиги томонидан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг архив муассасаларига мурожаатлари ва бу борадаги долзарб масалалар” мавзусидаги бугуннинг устувор масаласига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг архив муассасаларига келиб тушаётган мурожаатларининг ижросини ўз вақтида таъминлаш, уларни архив муассасалари раҳбариятига бевосита мурожаат этишлари учун қулай имкониятлар яратиш, бу борада юзага келаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан истиқболдаги режалар муҳокама этилди.

Ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги хусусан, меҳнат фаолияти ва иш ҳақини тасдиқлаш, ўқув муассасаларида ўқиганликни тасдиқлаш ҳамда мукофотланганлик тўғрисидаги архив маълумотномаларини бериш масалалари бўйича келиб тушаётган сўровлар архив муассасалари томонидан маълумот тақдим этиш бўйича кўрсатиладиган хизматлардан бири бўлиб, сўровлар ижроси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Архивлар ва идоравий архивлар томонидан хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисида Низом асосида тартибга солинади.

Рақамларга эътибор берилса, 2016 йил давомида республика бўйича архив муассасалари томонидан ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги (меҳнат фаолияти ва иш ҳақини тасдиқлаш, ўқув муассасаларида ўқиганликни тасдиқлаш ҳамда мукофотланганлик тўғрисидаги архив маълумотномаларини бериш) жами 209 429 та сўровлар қабул қилиниб, шундан 206 431 таси, яъни 98,5 фоизи бевосита архив муассасалари томонидан кўриб чиқилди, 175 000 дан ортиқ сўровлар фуқаролар томонидан шахсан архивларга ташриф буюрган ҳолда амалга оширилган.

Шунингдек, архив муассасалари томонидан архив ҳужжатлари асосида алоҳида фактлар, воқеалар, маълумотларни аниқлаш (тасдиқлаш) бўйича 2016 йил давомида фуқаролар ва ташкилотлардан келиб тушган жами 124 742 та мавзули сўровлар бажарилди. Шундан 99 448 таси кўчмас мулк объектларининг кенг кўламдаги хатлови бўйича ҳокимликлар ҳузурида ташкил этилган комиссиялар томонидан келиб тушган сўровлар бўлиб, улар бепул амалга оширилди.

Архив муассасалари томонидан аҳоли ва тадбиркорларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Ягона давлат интерактив хизматлари портали орқали ҳам яқиндан кўмак берилмоқда. 2016 йил давомида “Ўзархив” агентлиги марказий аппаратига Ўзбекистон Республикаси Призидентининг виртуал қабулхонаси “РМ.gov.uz портали” орқали 151 та, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали эса 203 та мурожаатлар келиб тушди.

Зарурият келиб чиққанда жисмоний ва юридик шахслар куннинг исталган пайтида, ўзларига қулай вақтларда архив муассасаларига мурожаат этишлари учун “Ўзархив” агентлигининг (0371) 230-50-44 Ишонч телефон рақами ҳамда ishonch@archive.uz ишонч электрон почтаси туну-кун ишлаб турибди.

Шунинг билан бирга, аҳолининг архив ҳужжатларидан фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида www.archive.uz расмий веб-сайти мунтазам фаолият юритмоқда. Ушбу сайтда “Хизматлар” ва “Интерактив хизматлар” туркумларида фуқароларга архив муассасалари томонидан кўрсатиладиган хизматларга оид кенг кўламли маълумотлар ҳавола қилинган. Шунингдек, жорий йилнинг январь ойида Агентлик веб-сайти модернизация қилиниб, унда аҳоли ва тадбиркорлар мурожаатлари бўйича янада кенг имкониятлар яратиш мақсадида Агентлик Бош директорининг виртуал қабулхонаси жорий қилинди. Виртуал қабулхона орқали интернетдан фойдаланувчилар бевосита Агентлик раҳбариятига мурожаат этишлари мумкин.

Жисмоний ва юридик шахсларга янада қулайликлар яратиш мақсадида Агентлик веб-сайтида ҳужжатларнинг қидирув тизими жорий этилиб, давлат архивларида сақланаётган 58 мингдан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларнинг шахсий таркиб ҳужжатлари тўғрисида маълумотлар жойлаштирилди. Бу эса ўз навбатида мурожаат этувчиларнинг ҳужжатларни излашда ортиқча вақт йўқотишлари ва йўл сарф-ҳаражатларини камайтиришга хизмат қилмоқда.

Тадбирда Тошкент шаҳар сегментида жисмоний ва юридик шахсларнинг сўровларини ижросини бажариш механизмларини такомиллаштириш ва қулай шароит яратиш мақсадида Тошкент шаҳар давлат архивининг Учтепа туман филиалида Архив хизматларини кўрсатиш маркази лойиҳаси муҳокама этилиб, амалга ошириш режалаштирилди. Тошкент шаҳрида жойлашган барча архивларга тегишли бўлган мазкур лойиҳа орқали пойтахтда Ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровларни бир жойда қабул қилиш, ижросини таъминлаш, бепул маслаҳатлар бериш ва ҳужжатларни топишда кўмаклашиш йўлга қўйилади. Шунингдек, мазкур марказ томонидан архив сақловига тадбиркорлик субъектлари ҳужжатларини марказлашган ҳолда қабул қилиш ва уларга услубий ёрдам бериш бўйича хизматлар кўрсатилади.

Тадбирни ёритишда яқиндан ёрдам берган оммавий ахборот воситалари вакилларига “Ўзархив” агентлиги томонидан миннатдорлик билдирилади.

Юклаб олиш (doc. 76,5 kb)