O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASI

HUZURIDAGI "O`ZARXIV" AGENTLIGI


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ ГРАНТ МАБЛАҒЛАРИНИ ЖАЛБ ЭТГАН ҲОЛДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ ДАВЛАТ АРХИВЛАРИНИ РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ ҲАМДА УЛАРНИ ТЕХНИК МОДЕРНИЗАЦИЯЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 34-сон, 332-модда)

Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, республика марказий давлат архивларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва электрон архив фондларини ташкил этиш, уларни архив материалларини рақамлаштириш ҳамда қайта тиклаш замонавий ускуналари билан жиҳозлаш мақсадида:

1. Маълумот учун қабул қилинсинки, марказий давлат архивларини техник ва лабораториявий жиҳозлаш, уларда электрон архив фондларини ташкил этиш бўйича «Ўзбекистон Республикасининг марказий давлат архивларини ахборотлаштириш» лойиҳасини амалга ошириш учун Корея Республикаси Ҳукумати томонидан 2008-2009 йилларда Ўзбекистон Республикасига 3 млн. АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари берилади.

2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги билан биргаликда мазкур грант маблағларини олиш учун барча зарур тартиб-қоидаларни Корея томони билан келишиб олинган муддатларда расмийлаштирсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги зиммасига грант маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви, Марказий кинофотофоноҳужжатлар давлат архиви ҳамда Марказий илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари давлат архивининг биноларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш вазифаси юклансин.

4. «Ўзбекистон Республикасининг марказий давлат архивларини ахборотлаштириш» лойиҳаси ҳамда республиканинг марказий давлат архивлари биноларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги — буюртмачи этиб;

«Алоқалойиҳа» лойиҳалаштириш институти — бош лойиҳалаштирувчи этиб;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки — грант маблағлари ҳисобидан ҳисоб-китоб операцияларини амалга оширувчи банк этиб белгилансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги зиммасига Корея Республикаси Ҳукуматининг грант маблағлари ҳисобидан олиб келинадиган ускуналар ва материаллардан қатъиян мақсадли фойдаланиш ҳамда уларнинг сақланиши юзасидан жавобгарлик юклатилсин.

6. «Ўзбекистон Республикасининг марказий давлат архивларини ахборотлаштириш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида Корея Республикаси Ҳукуматининг грант маблағлари ҳисобидан олиб келинадиган ускуналар ва материаллар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.

7. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК мазкур грант доирасида олиб келинадиган ускуналар ва материалларни аэропортларда ҳамда темир йўл станцияларида йиғимлар ундириб олинмаган ҳолда юкларни тушириш ишлари амалга оширилиши ҳамда сақланишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги «Ўзархив» агентлиги талабномаларига кўра, лойиҳани амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларнинг кириш визалари консуллик йиғими ва бошқа йиғимлар ундириб олинмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги «Ўзархив» агентлиги талабномаларига кўра, лойиҳанинг хорижий қатнашчиларига кўп марталик визалар бериш ва муддатини узайтириш, шунингдек уларнинг истиқомат жойида вақтинча рўйхатда туриш ва унинг муддатини узайтиришни белгиланган тартибда расмийлаштиришни таъминласин ҳамда улар давлат божи тўлашдан озод қилинсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги 2009 йилги Инвестиция дастурини шакллантиришда марказий давлат архивлари биноларининг реконструкциясини амалга ошириш учун марказлаштирилган манбалар ҳисобидан маблағлар ажратилишини назарда тутсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, асосланган ҳисоб-китобларга кўра «Ўзархив» агентлигига 2009 йилда, Ўзбекистон Республикаси марказий давлат архивлари биноларини капитал таъмирлашга «Фан» бўлими бўйича ажратиладиган маблағ доирасида зарур маблағлар ажратиб берилишини таъминласин.

11. «Ўзархив» агентлиги:

Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси билан биргаликда 2008 йилнинг 1 декабригача мазкур лойиҳа доирасида зарур лойиҳа-смета ҳужжатларини белгиланган тартибда экспертиза қилиниши ва тасдиқланишини таъминласин, бунда архив материалларини сақлаш ҳамда фойдаланиш учун мўлжалланган биноларга нисбатан қўйиладиган талабларга риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилсин, шунингдек олиб бориладиган ишларнинг сифати устидан қатъий назорат ўрнатсин;

2008 йил учун ажратилган бюджет маблағлари ва Ўзбекистон Республикаси марказий давлат архивларининг бюджетдан ташқари маблағлари доирасида марказий давлат архивларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича ишлар қисми 2008 йилда молиялаштирилишини таъминласин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2008 йил 21 август,

ПҚ-949-сон

 

  Yuklab olish (*.doc 25.6 kb)