ЛАҲЗАЛАРГА ЖО БЎЛГАН УМР

 

          Куни кеча Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уриши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Унда мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб, Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, 1941-1945 йиллар инсоният бошига мислсиз оғир кунлар ва азоблар олиб келди, бу қақшатли уруш қанчадан-қанча оилаларни хонавайрон, уларнинг фарзандларини сарсон-саргардон қилди, минглаб оталарни фарзанд доғига зор қилди, онани ўғлидан, хонадонлардан шодлик ва қувончдан айирди. Айни пайтда бу бахтли кунларимиз учун ўз жонини фидо қилган жасур инсонларни хотирлаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

             Ўтмиш солномаси бўлмиш архив ота-боболаримиз ҳаёти ва фаолиятига доир муҳим ҳужжатларни ўз ичига қамраб олган. Йиллар оша сақланиб келаётган ҳужжатларни ўрганиш, асраш ва уларни келажак авлодга етказиш ҳар биримизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади. Халқимиз ўзининг фарзандлик бурчини адо этиб, жангу жадалларда ҳалок бўлган, шу ёруғ, дориломон кунларга етиб келолмаганлар хотираси олдида доимо бош эгади. Шу билан бирга бугун ҳаёт бўлган, орамизда яшаётган уруш қатнашчиларига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.

             Ота-боболаримиз шиддатли жангларда сабот, матонат билан қаҳрамонлик кўрсатган бўлсалар, момоларимиз, оналаримиз меҳнатнинг машаққатли заҳматларини чекишган, жигарларини садоқат билан кутишган.

  Бу йил Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаймиз. Эл-юрт озодлиги, осойишталиги йўлида мардонавор жанг қилганлар орасида тиниб-тинчимас, меҳнатсевар инсон подполковник, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва “Тинчликни химоя қилиш” Бухоро вилоят кўмитаси раиси (марҳум) Мирзо ака Ачиловнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Бугун ана шу инсон ҳақида архив материаллари асосида баъзи маълумотларни сизни ҳукмингизга ҳавола этмоқчимиз.

Мирзо Шерович Ачилов 1926 йилнинг 2 мартида Бухоро туманидаги Кафтавул қишлоғида ўрта ҳол косиб оиласида дунёга келган. 1944 йилнинг ноябрь ойида ҳарбий хизматга чақирилган. Ўша йилнинг декабрь ойидан бошлаб ҳаракатдаги Армиянинг 1-Белоруссия фронти танкка қарши тўпчилар дивизионида хизмат қилади. Урушда Польшанинг Варшава, Познань, Лодз шаҳарларини озод қилишда қатнашган. Одер дарёсининг мустаҳкамланган Плацдармини ёриб, ундан кечиб Берлинни қамал қилиб босиб олиш ва 1945 йилнинг майида Эльба дарёси қирғоғида америкалик иттифоқчилар билан учрашиш насиб этган.Мирзо Ачиловнинг ғалабанинг машаққатли йўли ҳақидаги хотираларидан:  ”...... ўша даҳшатли урушнинг охирги 1944-45 йилларини эслайман. Ноябрь..... Қиш қилич яланғочлаб қолаётган пайти, бизларни аскарликка чақирдилар.Ўшанда эндигина 18 ёшга қадам қўйган йигитлар эдик. Ҳануз эсимда, қуролдошлар Б.Муродов, К.Кенжаев, Ф.Нуров, А.Аннаев ва бошқалар билан поездда узоқ туну-кунлар Ғарбга қараб кетарканмиз, фашистлар томонидан куйдирилган шаҳарлар, портлатилган кўприклар, тамоман ёндирилган қишлоқлар, харобазорга айлантирилган аҳоли яшайдиганшаҳарчалар, бузилган темир йўллар, батамом ер юзидан йўқотилган Орша темир йўл бекати... урушгача гуллаб яшнаган Минск вокзали ҳам бутунлай йўқ қилинган эди, ўрнида эса ёлғизгина вагон қаққайиб турар, бу жойнинг темир йўл бекати эканлигини шу мунғайиб турган вагон эслатиб турар эди.

 Бундан ҳам фожиалироқ - шу жойларда яшаб кун кечирган юзлаб минглаб одамларнинг хонавайрон бўганликлари, ўлдирилганликлари, жароҳатланганларни ва қочоқларни кўриб душманга нисбатан ғазабимиз ортар эди. Бу заминни озод қилишга, жонини, қонини аямасдан қурбон бўлганларни кўриб қалбларимиз ларзага тушар эди. Шунинг учун ҳам асосий мақсадимиз Гитлер Германияси армиясини тиз чўктиришэди. Эҳтиётдаги 125-ўқчи пиёда полки билан ҳали таслим бўлмаган Польшанинг маркази-Варшавага яқин жойга келиб поезддан тушдик.

Биринчи Белоруссия фронти 82-Суворов ва Кутузов орденли Қизил байроқли дивизияси ихтиёридаги 146-тўпчи, алоҳида танкка қарши, қирувчи дивизионида хизмат қила бошладик. 76 миллиметрли бу тўпни деярли билмас эдим. Начора, бу мураккаб техникани ойлар эмас, балки соатлар мобайнида ўзлаштиришга мажбур эдик. Янги қуролдошларни таҳликали вазиятнинг ўзи уруш қоидасини тез ўрганишга даъват қилар экан.Дивизия командири, ўрта бўйли, ҳар қандай вазиятда тўғри йўлни танлайдиган, ёшларга талабчан, латиш миллатига мансуб майор Григорий Кросс эди. Тўпчилар бўлинмамиз рус, украин, белорус, ўзбек ва бошқа миллатлардан иборат жипслашган жамоа эби.Тартиб-интизом ниҳоятда қаттиқ қўйилган бўлиб, ҳар бир дақиқа ҳисобда эди ва ҳаммамиз бир кишидек ҳаракат қилардик.Тўпларни отишга тайёрлаб қўйганимиздан кейин бизлардаги икки тўп оралиғидан тўртта “катюша” установкасини 200мертча ўтказишиб яшин тезлигида  ҳар биридан 16 тадан “салют” бериб, ана худди шундай тезликда қайтиб чиқиб келган томонга кетдилар.Кўз олдимизда барча дарахтлар, уйлар, кўчаларда кучли ёнғин бошланди ва ниҳоят навбат бизларга тегди-ю, “берлинга қараб ҳамма турдаги снарядлардан отилаверсин” командаси янгради.Икки соатлик отишмадан кейин ҳамма жой тинчиб қолди. Олдимизда окопларда ётган поляк жангчилари “УРРА!” – деб Берлин кўчаларига кириб кетдилар.Вазиятга қараганда улар кечадан бери окопларда мудофаада ётган эканлар.

 Кун - дунё тан олган биринчи май байрами эди. Бирон соат ўтар-ўтмас, автомашиналаримиз келиб қолди-ю, тўпларни илдириб, тартибли равишда саф тортиб таслим бўлиб бош эгган Берлин кўчаларига кириб кетдик. Албатта, кўчаларда автомашиналар, танклар душманники-ю бизларники аралаш ёниб, ағдарилиб ётарди. Бинолар бомба ва тўплар дастидан ўпирилиб, ҳали ҳам куяр, баъзи жойларда кучли тўсиқлар ҳосил қилган эди, лекин бу тўсиқлар кўча четларига судралиб чиқарила бошланган эди. Бутун қолган ёки ярим бутун биноларнинг деярли ҳамма қаватларида оқ мато, вақтинча оқ байроқ, чойшаб осилган эди. Бу шаҳарнинг таслим бўлганидан дарак берарди. Кўчаларда ўзимизнинг аскарлару зобитлар билан баъзида бирга юрган кишилардан бошқа одамлар кўринмасди.

  Бизлар бугун Берлинни босиб олган эдик! Шундай қилиб Европанинг марказида жойлашган, дунёнинг энг катта ва бир вақтлар жаҳонни титраган Берлин оёғимизнинг остида харобазорга айланган ва таслим бўлган эди.Колоннамиз ниҳоятда катта, бахайбат, ўз вақтида чиройли бўлган, ҳозир эса эгасиз қолган кошона ёнида тўхтади. Ҳамма қуролдош ўртоқларимиз бир овозда: ....“Рейхстаг, Рейхстаг” - деб, бақиривердилар - бу катта кошона фашизмнинг охирги тахти эканлигини энди билган эдим.Ҳамма автомашиналардан жангчилар, сержант ва зобитлар тушиб,  Рейхстаг деворларига тирмашиб, ким исми шарифини, ким қаердан Берлингача келганини, ким бўр билан, ким бинодан снаряд ёки бомба зарби билан тушган синиқ ғиштлардан фойдаланиб ёзавердилар.Уларнинг баъзи бировлари бир-бировининг елкасига чиқиб ёзув қолдирарди.

Хей, бормисан Ғалаба! Сенга етгунча не-не заҳматларни кўрмадик, сен учун ширин жонини фидо қилганларнинг саноғи йўқ. Келганинг рост бўлсин, нафасинг қутлуғ келсин! Тинч ва осойишта ҳаётга бошла энди.!” – дея барчамиз баралла бақиравердик, чунки ватан учун қурбон бўлган ҳар бир ватандошимизнинг руҳида истиқлол умиди бор эди. Ўша руҳ мангу шод бўлсин, ўз эркига эришиб, озод ва обод Ватанни бунёд этаётганларни қўллайверсин.” – ана шундай хотирлари билан ғалабанинг машаққатли йўлидаги собиқ жангчининг Ватани ва халқи олдидаги муқаддас бурчини адо этишдек хотиралари тарихнинг зарварақларида ёзиб қолдирилган.

        Ватанига қайтиб келганидан сўнг, 1951 йилда азиз юрти Бухорои Шарифга қайтиб, ички ишлар бошқармасида фаолият юритди. Ички ишлар бошқармасида ишлаган вақтида Милициянинг икки йиллик мактабини ва Ички Ишлар Вазирлиги ҳузуридаги тўрт йиллик олий Мактабини битирган. М.Ачилов Бухоро ва Шофиркон туман ички ишлар бўлимларида, Когон шахар жиноий қидирув бўлимида сўнгра Бухоро вилоят жиноий қидирув бўлими бошлиғининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

            Қарийб 30 йил мобайнида осойишталикни таъминлаш, инсон манфаатини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши кураш йўлида тиним билмади. 1980 йилда ички ишларда ҳалол, самарали меҳнат қилган бу инсон милиция Подполковниги унвони билан нафақага чиқди.

    Ички Ишлар тизимидан нафақага чиққандан сўнг вилоят ижроия қўмитасида катта референт, 1984 йилдан бошлаб “Тинчликни ҳимоя қилиш вилоят жамғармаси”да жамғарма раиси бўлиб ишлаган. М.Ачиловнинг 1285-сонли шахсий келиб чиқиш фондидаги ҳужжатлар билан танишар эканмиз, кўзимиз учта қалин китоб шаклида тикилган йиғмажилдга тушади. Уларда Бухоро, Когон, Ғиждувон, Навоий, Кармана, Зарафшон, Учқудуқ шаҳарларида, шунингдек, туманларда яшовчи аҳолидан тўпланган “Тинчлик учун овоз бераман” деб ёзилган 350 мингдан ортиқ имзолар мажмуи мавжуд. Аслида бу китоб 4 та жилддан иборат. Унинг биринчи, безатилган йиғмажилди бугунги кунда жаҳон Тинчлик Кенгашининг Женевадаги Штаб Квартирасида сақланмоқда. ”Тинчликни ҳимоя қилиш вилоят жамғармаси”даги иш фаолиятида вилоят, шаҳар ва туманларида кўпгина жамоа ва давлат хўжаликларида, касалхоналарда, олий ўқув юртлари, мактаблар, ташкилотлар, халқ таълими бўлимлари, фабрика-заводлар, комбинат концернлар ва бошқа жамоаларда урушга қарши митинглар ўтказишда фаол қатнашган.

          Шунингдек, “Тинчликни ҳимоя қилиш вилоят жамғармаси” томонидан 1991 йилнинг охирагача бир миллион юз минг сўмдан зиёд маблағга кийим-кечак, кир ювиш машиналари, гилам, паласлар олиб кам таъминланган ва кўп болалик оилаларга ёрдам уюштирилган. 1941-1945 йиллардаги урушда ҳалок бўлган ва бедарак йўқолган жангчиларнинг бухоро вилоят бўйича “ХОТИРА” китобини чоп қилишга бир миллион, Кармана, Олот, Вобкент, Бухоро туманларида иккинчи Жаҳон урушида ҳалок бўлганлар учун қурилаётан ёдгорликларига 200 минг сўм ва олий ўқув юртларида ўқиётган, афғон урушида қатнашган талабаларга 20 минг сўм пул жамғарма томонидан ёрдам сифатида берилган.

          Мирзо Ачилов нафақада бўлишига қарамай ички ишлар бошқармасида, милиция батальонида, ўқув курсларида ёшларни халққа, ватанга муҳаббат, эрк, истиқлолга садоқат руҳида тарбиялашда фаол иштирок этган. Эл-юрт тинчлиги, унинг осойишталигини таъминлаш Мирзо ака ҳаёти фаолиятининг асосий мазмуни эди. У бутун умрини, куч-ғайратини, салоҳиятини шу мақсадга бахшида этган инсонлар сарасига кирарди.

Мирзо Ачилов шунингдек, мусиқа ва шеър шайдоси эди. У киши ҳар замонда юрак дардларини қоғозга тушириб турарди. “Бухоро” нашриёти томонидан 1999 йили у кишининг “Лаҳзаларга жо бўлган умрим” шеърий тўпламини чоп этди. Эзгу қалб эгаси, тиниб-тинчимас, озод ва обод Ватан йўлида ҳамиша жонфидо ана шундай табаррук инсонлар эл орасида қадр топган. Ана шундай Мустақиллик ва фаровон кунларимизда уларнинг хотирасини ҳамиша ёдда сақлаш, номини тилга олиш келажак авлоднинг муқаддас бурчидир.                                           

 “Ўзархив” агентлиги Ахборот хизмати


Manba : "Ўзархив" агентлиги Ахборот хизмати