“Мустақил юрт архивлари” мавзусидаги давра суҳбати

Мавзу: “Мустақил юрт архивлари” мавзусидаги давра суҳбати

Ўтказиш вақти: 2016 йил 9 июнь, соат 10:00да

Ўтказилиш жойи: Ўзбекистон Республикаси кинофотофоно ҳужжатлари марказий давлат архиви, Тошкент шаҳар, Чилонзор тор кўчаси, 16-уй

Тадбир ташкилотчиси: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги

Ўзбекистон Республикаси кинофотофоно ҳужжатлари марказий давлат архивида 2016 йилнинг 9 июнь куни Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллиги ҳамда 9 июнь - Халқаро архивлар кунига бағишланган  “Мустақил юрт архивлари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида юртимиз Мустақиллигининг дастлабки босқичлари тўғрисида, мустақиллик йилларида турли соҳалардаги ривожланиш, ёшларга яратилган имкониятлар, имтиёзлар тўғрисида, шунингдек, республика архивларининг мустақиллик даврида эришган ютуқлари, ўрнатилган халқаро муносабатлари ҳақида алоҳида сўз юритилди.

Шунингдек, мазкур тадбир доирасида “Ўзбекистон архивлари: кеча ва бугун”  номли  фотокўргазма ташкил этилди. Кўргазмада Ўзбекистон архивларининг мустақилликкача ва мустақиллик давридаги фаолияти солиштирма шаклида ёритиб берувчи фотосуратлар намойиш этилди. Фотокўргазма анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси кинофотофоно ҳужжатлари марказий давлат архиви билан ҳамкорликда  ташкил этилди.

“Мустақил юрт архивлари” мавзусидаги давра суҳбатида “Ўзархив” агентлиги  тизимидаги архивлар вакиллари, фаҳрли меҳмонлар, Яшнобод қурилиш касб-хунар коллежи ҳамда  Юнус Ражабий номидаги Тошкент Педагогика коллежи талабалари  иштирок этдилар. Ўзбекистон Республикаси кинофотофоно ҳужжатлари Марказий давлат архиви етакчи архивчиси А. Абдуқодирова “Мустақилликнинг ёшлар учун очиб берган имкониятлари”,  мавзусидаги  маърузаси,  Яшнобод қурилиш касб-хунар коллежи талабаси О.Рахимжонов, Б.Ибрагимов “Мустақил Ўзбекистон архивлари ёшлар талқинида” ва Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви катта илмий ходими Н.Мирзаевнинг “Архив: кеча ва бугун”, Юнус Ражабий номидаги Тошкент Педагогика коллежи талабаси Ш.Кобиловнинг  “Жаҳон архивларининг ишлаш услублари” мавзусидаги маърузалари тингланди. Маърузаларда Мустақиллик йилларида юртимиз архивлардаги ижобий ўзгаришлар, замонавий технологиялар  билан таъминланиши, янги бино, қўшимча сақловхоналарнинг фойдаланишга топширилиши, архивларда ходимлар ва фойдаланувчилар учун қулай шароитлар яратилганлигига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Фахрий меҳмон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Асрор Аброрхўжаев Ўзбекистон архивларининг ёшларни тарбиялашдаги аҳамияти  тўғрисидаги  фикрлари анжуман иштирокчилари зўр қизиқиш уйғотди.

Шунингдек тадбирда алоҳида қимматли архив ҳужжатларидан тайёрланган архивнинг фаолиятини ёритиб берувчи видео ролик ва тарихий киноҳужжатлардан лавҳалар намойиш этилди.

Давра суҳбати якунида муҳокама ва мунозаралар, қизиқарли  савол-жавоблар бўлиб ўтиб, иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

 

“Ўзархив” агентлиги Ахборот хизмати
тел.: (+99873) 277-11-68, факс: 277-13-35, www.
 archive.uz