O'zbekiston Respublikasida arxiv ishini yanada rivojlantirishga doir qo'shimcha chora-tadbirlar to'g'risida

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА АРХИВ ИШИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 35-36-сон, 347-модда; 2016 й., 17-сон, 176-модда)

Республикада архив ишини ва иш юритишни янада ривожлантириш, архив ҳужжатлари сақланишини таъминлаш ва улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, тармоқнинг норматив ва методик базасини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

2011 йилгача архив ишини ва иш юритишни ривожлантириш дастури ҳамда мақсадли мўлжаллари 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ;

* 2-илова рус тилидаги матнда берилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги марказий аппаратининг тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

архив иши ҳудудий бошқармаларининг намунавий тузилмаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қуйидагилар 2011 йилгача архив ишини ва иш юритишни ривожлантириш дастурининг (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) асосий вазифалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатлари сақланиши ва сақлаш хавфсизлиги шарт-шароитларини такомиллаштириш;

давлат архивларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни рақамлаш, таъмирлаш, консервация қилиш ва архив ҳужжатларидан эҳтиётлаш мақсадида нусха олиш бўйича юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш;

республиканинг умумий фойдаланиладиган архив ахборотлари маълумотлари базасини шакллантиришни назарда тутувчи архив муассасаларининг маълумотлар узатиш ва интеграциялашган ахборот тизимининг корпоратив тармоғини яратиш;

масофадан ўқитишнинг замонавий технологияларидан фойдаланган ҳолда архив иши ва иш юритиш ходимлари малакасини мунтазам равишда ошириш тизимини шакллантириш.

3. Давлат бюджети маблағлари, республика архив муассасаларининг бюджетдан ташқари даромадлари ва грант маблағлари Дастурни молиялаштириш манбалари ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Дастур тадбирларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини ҳамда архив иши ва иш юритишни ривожлантиришнинг белгиланган мақсадли мўлжалларига эришилишини таъминласин.

5. Вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари идоравий архивлар фаолиятини ривожлантириш, идоравий сақлашдаги Миллий архив фонди ҳужжатларининг сақланишини ва илмий-техник жиҳатдан ишланишини таъминлаш, шунингдек архив иши ва иш юритиш ходимлари малакасини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрсинлар.

Олдинги таҳрирга қаранг.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳасини тузишда:

ушбу қарорда назарда тутилган мақсадли мўлжалларга эришиш тадбирларини, шунингдек 2011 йилгача архив иши ва иш юритишни ривожлантириш дастурини амалга оширишга;

идоравий сақлаш босқичида Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини илмий-техник жиҳатдан ишлашга ва уларнинг сақланишини таъминлашга, шунингдек вазирликлар, идоралар ва республика бошқа ташкилотларининг ҳар йилги таклифларига мувофиқ ходимлар малакасини ошириш тадбирларига зарур бюджет маблағлари ажратилишини назарда тутсин.

(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 апрелдаги 122-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 176-модда)

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар йили тақдим этиладиган ходимлар рўйхатлари асосида архив иши ва иш юритиш ходимлари малакасини мунтазам равишда ошириш курсларини ташкил этсин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги ва Молия вазирлиги билан давлат янги архивларини ташкил этиш тўғрисидаги қарорлар лойиҳаларини келишиб олсинлар.

9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида архив ишини бошқаришни янада такомиллаштириш тўғрисида» 2004 йил 3 февралдаги 49-сон қарорига(Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2004 й., 2-сон, 8-модда) 5-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2008 йил 26 август,

194-сон

 

  Yuklab olish (*.doc 64 kb)