O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASI

HUZURIDAGI "O`ZARXIV" AGENTLIGI


 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги билан Ўмон Султонлиги Ҳужжат ва архивларни сақлаш бўйича миллий бошқармаси ўртасида архивлар ва ҳужжатларни сақлаш соҳасида

Англашув Меморандуми

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ва Ўмон Султонлиги Ҳужжат ва архивларни сақлаш бўйича миллий бошқармаси, (бундан кейин Томонлар деб юритилади),

Ўзбекистон Республикаси ва Ўмон Султонлиги ўртасидаги дўстона муносабатларни инобатга олиб,

ўзаро манфаатдорлик асосида ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантиришга биргаликдаги интилишдан келиб чиқиб,

қуйидагилар тўғрисида ўзаро англашувга эришдилар:

1-модда

Томонлар ўз давлатлари миллий қонунчилигига мувофиқ тенглик ва ўзаро манфаатдорлик асосида қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни ривожлантирадилар:

1) маданий, адабий ва тарихий босма нашрлар;

2) архив иши, манбаашунослик, библиография;

3) ҳужжатларни сақлаш ва консервация қилиш ҳамда уларнинг технологиялари.

Томонлар бошқа ўзаро келишилган йўналишларда ҳамкорликни амалга оширишлари мумкин.

2-модда

Томонлар мазкур Меморандумнинг 1-моддасида кўрсатиб ўтилган ҳамкорлик йўналишлари бўйича илмий тадқиқотлар, ўқув курслари алмашинуви ва мутахассислар ташрифини ривожлантирадилар.

3-модда

Мазкур Меморандумнинг 2-моддасида кўрсатиб ўтилган ташрифларда йўл ҳаражатлари юбораётган Томон, турар-жой ва яшаш ҳаражатлари эса кутиб олаётган Томон ҳисобидан қопланади.

 

 

 

4-модда

Мазкур Меморандум Томонлар давлатлари ўртасида тузилган икки томонлама шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларга даҳл қилмайди.

Мазкур Меморандум Томонлар учун ҳуқуқий ва молиявий мажбуриятларни юзага келтирмайди.

5-модда

Мазкур Меморандум қоидаларини қўллаш ва шарҳлашда юзага келадиган мунозарали масалалар музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал этилади.

6-модда

Томонлар ўзаро келишув асосида мазкур Меморандум тафсилотларини келишиб олишлари ва дастурларни амалга оширишлари мумкин.

7-модда

Томонлар ўзаро ёзма розилиги билан мазкур Меморандумга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар тузиш йўли билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

8-модда

Мазкур Меморандум имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири унинг амал қилиш муддатини тугатиш нияти ҳақида бошқа Томонни ёзма равишда огоҳлантирган санадан икки (2) ой ўтганга қадар амал қилади.

 ____________шаҳрида 201__ йил_______________ да икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида имзоланади, бунда барча матнлар бир ҳил кучга эга.

Матнлар талқин қилишда ихтилофлар юзага келган тақдирда инглиз тилидаги матндан фойдаланилади.

 

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги номидан

 

 

 

Ўмон Султонлиги Ҳужжат ва архивларни сақлаш бўйича миллий бошқармаси номидан