ПРЕСС-РЕЛИЗ

Мавзу: “Ўзбекистон тарихини ўрганиш, тарихий хақиқатларни қарор топтиришда, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, таркибида ташкил этилаётган “Ўзбекистон тарихи” канали фаолиятини ташкил этишда архивларнинг ўрни” мавзусидаги матбуот анжумани

Ўтказиш вақти: 2019 йил 4 март, соат 15:00да

Ўтказилиш жойи: Ўзбекистон Миллий матбуот маркази, Тошкент шаҳар, Навоий кўчаси, 16-уй

Тадбир ташкилотчиси: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги

2019 йил 4 март куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!” деган ғоя асосида давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг 2019 йил 1 ярим йиллик режаси”га асосан “Ўзархив” агентлиги томонидан “Ўзбекистон тарихи” канали фаолиятини ташкил этишда архивларнинг ўрни”  мавзусидаги матбуот анжумани ташкил этилди.

Мазкур тадбирда тарихни ўрганиш, тарихий хақиқатларни қарор топтиришда давлат архивларида сақланаётган ҳужжатларнинг аҳамияти, архивлардаги мавжуд Ўзбекистон халқининг моддий ва маънавий ҳаётини акс эттирган, тарихий, илмий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий аҳамиятга эга бўлган архив ҳужжатлари, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибида ташкил этилаётган “Ўзбекистон тарихи” канали фаолиятини ташкил этишда архивларнинг ўрни  масалалари муҳокама этилди.

Юртимиз ўтмишини тадқиқ этишда, Ўзбекистоннинг хаққоний тарихини ўрганиб, уни ҳолис баҳолашда халқимизнинг бебаҳо маънавий мероси ҳисобланмиш арҳив ҳужжатлари алоҳида аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан, тарихни мукаммал ўрганишда айнан архивларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Рақамларга эътибор қаратилса, бугунги кунда республикада 103та давлат архивларида 8,4 млн. сақлов бирлигидаги Миллий архив фонди ҳужжатлари, шу жумладан 845 минг сақлов бирлигидаги алоҳида қимматли араб, форс-тожик ва эски ўзбек (турк) тилларидаги қадимий ва ноёб ҳужжатлар сақланади. Архивлардаги ҳужжатлар даврий нуқтаи назардан уч даврга, яъни  тарихий давр (1917 йилгача бўлган),  Совет даври (1917-1991 йилгача) ва Мустақиллик даври (1991 йилдан то ҳозирги кунга қадар)  бўлинган.

Айни вақтда фақатгина Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида тарихий даврга оид жами 910 та фонд, 445 158 йиғмажилдлар мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси алоҳида қимматли ҳужжатлар сирасига киритилган.  Мазкур тарихий ҳужжатлар орасидан “Вақф ҳужжатлари коллекцияси” (IХ асрдан - XХ аср бошигача -1394 та ), “Хива хонлари канцелярияси ҳужжатлари ” (XVII аср боши - XХ аср бошигача), “Бухоро амирлиги ҳужжатлари” (XIV аср боши – XX аср бошигача), “Қўқон хонлиги” (XVIII аср боши - XIХ аср охиригача) архив ҳужжатлари алоҳида қимматли ҳужжатлар сирасига киради. Хусусан, вақф ҳужжатлари коллекциясидаги  (1394 та) архив ҳужжатлари хатто шакли нуқтаи назардан ҳам алоҳида аҳамият касб этади ва уларнинг узунлиги 20 см дан 82 метргачани ташкил этади. Мазкур ҳужжатлардан ўтмиш ва ҳозирги тарихимизни ёритувчи муҳим манбалар сифатида фойдаланиш мумкин. Юқорида келтирилган ҳужжатлар, нафақат қадимийлиги балки тузилиши (узунлиги ва кенглиги), асоси (тери, калька, қоғоз, ва бошқалар), шаклланиши (нақшинкорлиги, рангли тусларда  берилганлиги) билан алоҳида қизиқиш уйғотади. Биргина Хива хонлиги ҳужжатларини оладиган бўлсак, хонлик тизимида сиёсий ва иқтисодий масалалар етакчи ўринда бўлиб, ҳарбий иш ва пул ислоҳоти тизими, юксак даражада йўлга қўйилганлиги кўришимиз мумкин. Мазкур фонд 2017 йил ЮНЕСКОнинг “Жахон хотираси” Дастури бўйича Халқаро рўйхатига киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида Ўзбекистоннинг шонли тарихини янгитдан, мукаммал ўрганиш учун оммавий ахборот воситалари, Интернет ресурсларидан кенг фойдаланиш ўта муҳим аҳамиятга эга эканини, шу мақсадда МТРК компанияси таркибида “Ўзбекистон тарихи” каналини ташкил этиб, илмий жамоатчилик, ижодкор зиёлиларимиз билан биргаликда унинг дастурларини пухта шакллантириш керак деб, айтиб ўтдилар. Демак ушбу канал учун ахборот манбаларидан биттаси ва асосийси бу “Ўзархив” агентлиги тизимидаги давлат архивларидир.

Мурожаат йўллангандан бошлаб шу кунгача Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали ДУК билан “Ўзбекистон тарихи” канали учун кўрсатувлар тайёрлашда ҳамкорлик масалалари келишиб олинди. Бу борада илк қадамлар ташланган, кўрсатувлар учун ахборот йиғиш, архив ҳужжатларини аниқлаш, архив ходимларини муаллифлик кўрсатувларини тайёрлаш бўйича танловлар ва мастер-класслар, баъзи кўрсатувлар лойиҳалари учун тасвирга олиш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан “Архивлар овози” рукни учун “Жахон архив мероси: Хива хонлари архив ҳужжатлари”, “Туркистонда тиббиёт: архив ҳужжатлари асосида”, “Этнография  маданияти”, “Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими тарихи” каби 20дан зиёд мавзули кўрсатувлар бўйича янги ғоялар устида архивчилар томонидан ижодий изланишлар олиб борилмоқда.

“Ўзбекистон тарихи” телеканали ишга туширилиб, эфирга узатилганидан сўнг тарихий хақиқатларни қарор топтириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар алоҳида муҳокама этилиб, ушбу йўналишдаги бошқа оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни ривожлантиришга оид бир қатор таклифлар берилди.

Тадбирда “Ўзархив” агентлиги, Ўзбекистон Республикаси марказий давлат архивлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти архив иши бошқармалари, Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси архиви ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирни ёритишда яқиндан ёрдам берган оммавий ахборот воситалари вакилларига “Ўзархив” агентлиги томонидан миннатдорлик билдирилади.

                                   

“Ўзархив” агентлиги Ахборот хизмати

тел.: (+99873) 277-11-68 факс: 277-13-35, www. archive.uz