Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлигининг ҳамкорлик бўйича имзолаган халқаро ҳужжатлари ва хорижий мамлакатлар архив идоралари билан ўрнатилган халқаро муносабатлари тўғрисида МАЪЛУМОТ

Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги (Агентлик) томонидан мутасадди ташкилотлар ва идоралар билан халқаро ва ҳамкорлик муносабатларни ўрнатиш мақсадида, хусусан архившунослик, археография, иш юритиш, электрон ҳужжат айланиши соҳасида илмий, методик ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, халқаро илмий тадқиқотлар натижаларини ва илмий-техника ютуқларини республика архивлари амалиётига жорий этиш; хорижий тажрибани инобатга олиб замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда мунтазам равишда архив иши ва иш юритиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимларни малакасини ошириш тизимини шакллантириш; архив иши ва иш юритиш соҳасидаги мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг илғор иш тажрибасини ўрганиш ва оммалаштириш, хорижий архивларда сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид архив ҳужжатлари нусхаларини олиб келиш каби вазифаларни амалга ошириш учун бир қатор салмоқли ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди ва улар асосида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.

 

Жумладан (хронология бўйича):

1. “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бош архив бошқармаси билан Россия Федерал архив хизмати ўртасида архив соҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисида Битим” 2003 йил 21 майда Тошкент шаҳрида имзоланган.

 

2. Архив соҳасида тадқиқотларни биргаликда давом эттириш муҳимлигини тасдиқлаган ҳолда 2003 йил 6 июнда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси “Ўзарxив” агентлиги билан Американинг Холокост ёдгорлик кенгаши ва унинг Вашингтондаги Музейи ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Битим асосида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2019 йил 10 октябрдаги ПФ-5848-сон Фармони билан тасдиқланган 2020 йилда ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш бўйича чора-тадбирлар Режасининг тегишли бандлари ижросини таъминлаш юзасидан 2020 йилнинг 29 июль куни “Ўзбекистон Республикаси “Ўзарxив” агентлиги ва АҚШ Холокост мемориал музейи ўртасида ҳамкорлик шартномаси”ни имзоланган.

Ушбу Шартнома асосида “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги ва Америка Қўшма Штатлари Холокост ёдгорлик музейи ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Шартнома асосида тузилган Техник битим” 2021 йил 14 январда Вашингтон ва Тошкент шаҳарларида имзоланган.

Мазкур ҳужжатлар асосида архив материалларни рақамлаштириш
ва реставрация қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

 

3. “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги билан Қозоғистон Республикаси Маданият
ва ахборот вазирлиги ўртасида архив иши соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида Битим”
2007 йил 26 июлда Тошкент шаҳрида имзоланган.

 

4. “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги билан Миср Миллий кутубхонаси ва Архивлари ўртасида Англашув меморандуми” 2009 йил 5 майда Қоҳира шаҳрида имзоланган.

 

5. “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги билан Украина Давлат архивлар қўмитаси ўртасида архив иши соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим” 2009 йил
29 октябрда Ереван шаҳрида имзоланган.

 

6. “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ва Корея Республикасининг миллий архивлари ўртасида архив иши соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум”
2016 йил 17 августда Тошкент шаҳрида имзоланган.

 

7. “Туркия Жумхурияти Бош вазир девони Туркия Ҳамкорлик
ва мувофиқлаштириш агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари билан ўтказилган учрашув Баёни”
2015 йил 24 февралда Тошкент шаҳрида имзоланган.

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги билан Туркия Республикаси Бош вазири девони ҳузуридаги Давлат архивлари бош дирекцияси ўртасида архивлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Протокол” 2018 йил 30 апрелда Тошкент шаҳрида имзоланган.

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги билан Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат архивлари бошқармаси ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувларни амалга оширилишини таъминлаш бўйича Амалий ҳаракатлар режаси” 2019 йил 11 мартда Тошкент шаҳрида имзоланган.

 

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги ПҚ-4067-сон Қарорига мувофиқ, Ўзбекистон миллий архивининг янги биносини қуриш учун лойиҳа ҳужжаларини ишлаб чиқиш бўйича ишлар кетмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
2 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4256-сон Қарори билан тасдиқланган Йўл харитасининг тегишли бандига асосан давлат архивларини замонавий ускуналар билан таъминлаш, 2019 йил 25 мартда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси “Ўзарxив” агентлиги ва Бирлашган Араб Амирликлари Миллий архиви ўртасидаги ўзаро Англашув меморандуми” доирасида лойиҳани амалга ошириш жойини аниқлаш бўйича масалалар ҳал этилмоқда.

 

9. 2019 йил 6 ноябрда Термиз шаҳрида “Ўзбекистон Республикаси “Ўзарxив” агентлиги билан Венгрия Миллий архиви ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Баённома” имзоланган бўлиб, ўзаро манфаатдорлик асосида архив соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсад этилган. Хусусан, томонлар ўз давлатларининг амалдаги миллий қонунчилигига мувофиқ тадқиқотлар олиб борадилар ва архив ҳужжатларининг намуналарини, шунингдек, архив ҳужжатларини бойитиш мақсадида архив ҳужжатлари учун нашр этиладиган қўлланмалар, инвентарлар ва шу каби тадқиқот воситаларини алмашадилар. Бундан ташқари, электрон маълумот
ва замонавий технологиялар ҳамда уларнинг архивларида қайта тиклаш ишларини олиб бориш бўйича билимлар улашиш мақсадида томонлар архив соҳасида мутахассислар билан алмашадилар.

 

10. 2021 йил 12 август куни “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги ва Яҳудий халқи тарихи марказий архиви (Қуддус) ўртасида архив иши соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум” онлайн равишда видеоконференц-алоқа форматида имзоланди.

11. 2021 йил 25 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти, Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги ва Польша Республикасидаги Гданск шаҳрида жойлашган Иккинчи жаҳон уруши музейи ўртасидаги уч томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги Битим” имзоланди.

2020-2021 йиллар мобайнида қуйидаги Ўзбекистондаги маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди:

- 2020 йил 2 мартда “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият
ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ўртасида Англашув меморандуми”;

- 2020 йил 4 августда “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги
ва “Master Media Production and Broadcast” МЧЖ (“Sevimli” TV) ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми”;

- 2020 йил 7 октябрда Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги
ва Фанлар академияси Тарих институти ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Келишув”;

- 2020 йил 4 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги ўртасида Англашув меморандуми”.

- 2021 йил 19 январда “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги ва “Ўзбекистон-Исроил” дўстлик жамияти ўртасида манфаатли муносабатларни ўрнатиш ва идоралараро алоқаларни кенгайтириш ҳамкорлик Меморандуми”.

- 2021 йил 25 январда “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги ва Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Келишув”.

- 2021 йил 18 мартда “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ўртасида Англашув меморандуми”.

- 2021 йил 18 майда “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги ва Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум”.

- 2021 йил 24 июнда “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги ва Тошкент шаҳридаги Инха университети ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми”.

Мазкур ҳамкорлик келишуви ва меморандумларидан кўзланган асосий мақсадлар:

- архив фондларининг кўргазмаларини ташкил этиш ва ўтказиш, архив ҳужжатларининг реставрацияси ва муҳофазасини таъминлаш, шунингдек, уларни кенг тарғиб қилиш;

- маданий қийматга эга бўлган архив ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш, ўз фаолияти тўғрисида бир-бирига ахборот тақдим этиш, аждодлар меъросини сақлаш ва илмий-маърифий изланишлар борасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;

- томонлар экспертлари ва мутахассислари билан ўзаро манфаатли мақсадларда алмашиш, биргаликда тадбирлар ташкил қилиш, архив иши соҳасига илм-фан ютуқларини мунтазам равишда тадбиқ этиб бориш, давлат архивлари билан илмий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қўшма архив тадқиқотларини олиб боришдан иборат.