15 май – Халқаро оила куни
Халқаро оила куни (бошқа тилларда:ингл. International Day of Families, араб. اليوم الدولي للأسر, исп. Día Internacional de las Familias, хит. 国际家庭日, фр. Journée internationale des familles) - ҳар йили 15 майда нишонланади. 1994 йилдан бери. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан Халқаро оила йили деб эълон қилинган резолюциясида (1993 йил 20 сентябрдаги A/REC/47/237 резолюцияси) эълон қилинган. Ушбу куннинг белгиланиши оиланинг кўплаб муаммоларига жамоатчилик эътиборини жалб қилишга қаратилган.
Ҳар йили Халқаро оилалар кунининг долзарб мавзуси бўйича БМТ Бош котибининг хабарлари эълон қилиниб борилади. Масалан, ОИТСга чалинган беморларни қўллаб-қувватлашда оиланинг роли, касал ота-оналарга ғамхўрлик қилаётган болаларга ёрдам бериш зарурлиги ҳақида сўз боради.
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июнда «Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПҚ-3808-сон қарори ҳамда 2020 йил 18 февралдаги "Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5938-сон Фармони қабул қилинган. Ушбу икки муҳим ҳужжатга кўра республикамизда ҳам "Халқаро оила куни"ни нишонлаш белгиланди.
Зеро, бизнинг юртимизда, қолаверса, Шарқ дунёсида оила қадимдан муқаддас даргоҳ сифатида қадрланган. Оилада ватанга садоқат, ота-онага оқибат, оила аъзолари ўртасида ўзаро ҳурмат, меҳр-мурувват омиллари ўсиб келаётган ёш авлод онгига сингдирилади. Оиладаги маънавий муҳитни барқарорлаштириш ота-онада фарзандлар, фарзандлар олдида ота-онага нисбатан бурчларини, уларнинг жамият олдидаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.