ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
2020 ЙИЛ УЧУН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 21 ноябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2019 йил 30 ноябрда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи — Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан қонун билан белгиланган миқдорда ажратиладиган бюджет маблағларини тақсимловчи юридик шахс;
иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга бириктириладиган ва ўзига ажратиладиган бюджет маблағларини тақсимловчи юридик шахс;
умумий фискал баланс — Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетини ҳамда давлат дастурларини амалга ошириш учун четдан жалб қилинган ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган қарз маблағлари эвазига амалга ошириладиган харажатларни ўз ичига олган жамланма баланс;
ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчи — ўз тасарруфида Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетидан, вилоятлар вилоят бюджетларидан, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетидан, туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан маблағ олувчи ташкилотларга эга бўлган юридик шахс, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетидан, вилоятлар вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетидан, туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилоти ёки бюджет маблағлари олувчи.
3-модда. 2020 йилда бюджет жараёни иштирокчилари ўртасида бюджет ваколатларини тақсимлашнинг ўзига хос хусусиятлари
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари (бундан буён матнда Олий Мажлис палаталари деб юритилади):
биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан (бундан буён матнда республика бюджети деб юритилади) ажратиладиган маблағларни тасдиқлайди;
республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорларини тасдиқлайди;
республика бюджетидан ажратиладиган маблағларга ушбу Қонунга мувофиқ ўзгартиришлар киритади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (бундан буён матнда Вазирлар Маҳкамаси деб юритилади):
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг лойиҳасини тайёрлашда ҳамда республика бюджетидан маблағларни ажратишда асос сифатида фойдаланиш учун биринчи ва иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар рўйхатини тасдиқлайди;
биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар доирасида иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларини тасдиқлайди;
ушбу Қонунда назарда тутилган ваколатлар доирасида биринчи ва иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун бюджетдан ажратилган маблағларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни маъқуллайди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари тегишли равишда:
а) қуйидагиларни тасдиқлайди:
Қорақалпоғистон Республикаси бюджетидан, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан, туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларини;
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетидан, вилоятлар вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорларини;
б) Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳри шаҳар бюджети, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадларининг прогнозини маъқуллайди;
в) ушбу Қонунда белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (бундан буён матнда Молия вазирлиги деб юритилади):
а) биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг таклифларига асосан:
ушбу Қонун қабул қилингандан кундан бошлаб бир ой муддатда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун тасдиқланган республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар доирасида иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади;
иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун тасдиқланган бюджетдан ажратиладиган маблағларга ўзгартириш киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига маъқуллаш учун таклифлар киритади;
б) Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг лойиҳаларини тайёрлаш учун ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан ажратиладиган бюджет маблағларидан фойдаланишнинг асоси сифатида ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар рўйхатини тасдиқлайди;
в) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига маҳаллий бюджетларнинг лойиҳаларини тайёрлаш бўйича тавсиялар юборади.
4-модда. Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга республика бюджетидан ажратиладиган маблағлардан фойдаланиш
Ушбу Қонун билан белгиланган биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга республика бюджетидан ажратиладиган маблағлардан фақат 2020 молия йили давомида фойдаланилади.
2020 молия йили охиригача фойдаланилмаган биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар келгуси молия йилига ўтказилмайди.
Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан жорий йил учун соҳани ривожлантириш дастурларини шакллантириш, шунингдек юридик ва молиявий мажбуриятларни қабул қилиш фақат уларнинг республика бюджетидан ажратиладиган маблағлари миқдори доирасида амалга оширилади.
5-модда. Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга республика бюджетидан ажратиладиган маблағларни қайта кўриб чиқиш тартиби
Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) ушбу Қонунга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклиф билан бирга ўзгартиришлар киритиш бўйича асословчи материалларни, шунингдек янгиланган макроиқтисодий прогнозлар, солиқ ва бюджет сиёсатидаги ўзгаришлар тўғрисидаги ахборотни тақдим этади.
6-модда. Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга республика бюджетидан ажратиладиган маблағларга ўзгартиришлар киритиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи учун республика бюджетидан ажратиладиган маблағларни бошқа биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчига ўтказиш (ушбу модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно):
(6-модда биринчи қисмининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 18 майдаги ЎРҚ-618-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.05.2020 й., 03/20/618/0596-сон)
10 ва ундан ортиқ фоиз миқдорда Олий Мажлис палаталари томонидан;
10 фоиздан кам миқдорда Молия вазирлигининг таклифи асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.
Ушбу Қонунга мувофиқ Молия вазирлигига республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар таркибида назарда тутилган қуйидаги маблағлар биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун республика бюджетидан ажратиладиган маблағларни ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига бериладиган бюджетлараро трансфертларни кўпайтириш орқали Молия вазирлиги томонидан қайта тақсимланади:
иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорларини, айрим хизматларнинг тарифларини ва бюджет ташкилотларининг ходимларига ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини ошириш билан боғлиқ харажатлар учун маблағлар;
Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига мувофиқ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича харажатлар учун маблағлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган харажатлар;
фермер хўжаликлари томонидан истеъмол қилинадиган электр энергияси харажатларининг ўрнини қоплаш учун субсидиялар;
адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик ёрдам учун ҳақ тўлаш харажатлари;
(6-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 18 майдаги ЎРҚ-618-сонли Қонунига асосан тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.05.2020 й., 03/20/618/0596-сон)
«Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурларини амалга оширишда объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун қўшимча капитал қўйилмалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастуридаги тақсимланмаган маблағлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар таркибига киритилган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига субсидиялар Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг бюджетлараро трансфертлари миқдорларини кўпайтириш орқали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан қайта тақсимланади.
Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар қайта ташкил этилган тақдирда ушбу Қонунга ўзгартишлар киритилмайди.
(6-модда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 18 майдаги ЎРҚ-618-сонли Қонунига асосан учинчи ва тўртинчи қисмлар билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.05.2020 й., 03/20/618/0596-сон)
Объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларни амалга ошириш учун назарда тутилган маблағларни жорий харажатларга йўналтириш тақиқланади.
7-модда. Иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган бюджет маблағларига ўзгартиришлар киритиш
Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун ажратилган бюджет маблағлари доирасида иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи учун ажратилган маблағларни бошқа иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчига ўтказиш:
10 ва ундан ортиқ фоиз миқдорда Молия вазирлигининг таклифига кўра Вазирлар Маҳкамаси томонидан;
10 фоиздан кам миқдорда тегишли биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчининг таклифига кўра Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
8-модда. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган бюджет маблағларига ўзгартиришлар киритиш
Бир ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчи учун ажратилган бюджет маблағларини бошқа ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчига ўтказиш ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида:
10 ва ундан ортиқ фоиз миқдорда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан;
10 фоиздан кам миқдорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.
2-боб. Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети параметрлари
9-модда. Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети даромадлари ва харажатлари
2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджетининг жамланма параметрлари ҳамда 2021-2022 йилларга бюджет мўлжаллари 1-иловага мувофиқ ҳамда уларни тайёрлашда асос бўлган 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва 2021-2022 йилларга мақсадли мўлжаллар 2-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
10-модда. Давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари прогнози ва харажатлари
2020 йил учун давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари прогнози маълумот учун қабул қилинсин ҳамда уларнинг харажатлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
11-модда. Республика бюджети даромадлари прогнози ва харажатлари
2020 йил учун:
республика бюджети даромадлари прогнози 4-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин;
республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Республика бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг қўшимча манбалари ва йил бошига қолдиқ маблағлари тегишли равишда улар умумий харажатларининг 3 фоизидан ошмаган миқдорда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ фойдаланилади ҳамда фойдаланилган маблағлар бўйича Қонунчилик палатасига ҳар чоракда ҳисобот тақдим этилади. Мазкур харажатлар 3 ва ундан ортиқ фоизга ошган тақдирда ушбу Қонунга ўзгартиришлар киритилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд ва прокуратура органларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига солиқлар, мажбурий йиғимлар, божлар ва жарималар ҳисобидан келиб тушадиган маблағларнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига ўтказилиши мумкин.
(11-модда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 18 майдаги ЎРҚ-618-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.05.2020 й., 03/20/618/0596-сон)
12-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари ва харажатлари прогнозлари
2020 йил учун:
Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари ва харажатлари прогнозлари 6-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин;
республика бюджетидан вилоятлар маҳаллий бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорлари 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини вилоятлар маҳаллий бюджетлари даромадлари прогнозининг ижросидан қатъи назар, камайтиришга йўл қўйилмайди.
13-модда. Айрим солиқлар ва тўлов ставкалари
2020 йил учун:
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган (хизмат кўрсатиладиган), акциз солиғи солинадиган товарларга (хизматларга) нисбатан акциз солиғи ставкалари 8-иловага мувофиқ;
жисмоний ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари 9-иловага мувофиқ;
мева-сабзавотчилик маҳсулотлари (сабзавотлар, полиз экинлари, мевалар, токзорлар) билан банд қилинган ерлар учун мева-сабзавотчилик қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ундириладиган ер солиғи ставкалари 10-иловага мувофиқ;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 11-иловага мувофиқ;
мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари 12-иловага мувофиқ;
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган суммалари 13-иловага мувофиқ (бунда 2020 йилдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш тартибини танлаш ҳуқуқи берилади);
маҳаллий йиғимларнинг чегараланган ставкалари 14-иловага мувофиқ;
автотранспорт воситаларини сотиб олиш ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча олиб кириш учун автотранспорт воситасининг эгалари (фойдаланувчилари) ушбу автотранспорт воситаларини ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказганда ҳамда чет эл давлатлари автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши ва ҳудудида транзит ҳаракатланиши учун йиғимларнинг ставкалари 15-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни олиб киришда қўлланиладиган божхона божи ҳамда акциз солиғи ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланади.
14-модда. Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармаларини шакллантириш
2020 йил учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳажми 731 млрд. сўм миқдорида белгилансин.
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг 2020 йил учун захира жамғармалари тегишли бюджетлар умумий харажатларининг 1,5 фоизидан кам бўлмаган миқдорларда шакллантирилади.
Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари маблағлари кечиктириб бўлмайдиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларини шакллантиришда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан маблағлар ажратилган тақдирда ушбу Қонунга ўзгартишлар киритилмайди.
(14-модда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 18 майдаги ЎРҚ-618-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.05.2020 й., 03/20/618/0596-сон)
15-модда. 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими барқарорлигини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг олти ойлик якунлари бўйича даромад прогнозларининг бажарилмаган ва жорий молия йилининг охиригача уларнинг келиб тушишига доир етарли асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда:
республика бюджетининг умумий харажатларини 3 фоиз ва ундан ортиқ миқдорларда камайтириш Вазирлар Маҳкамасининг таклифига кўра Олий Мажлис палаталари томонидан;
республика бюджети умумий харажатларининг 3 фоиздан кам миқдорда республика бюджетидан ажратиладиган маблағларини камайтириш Молия вазирлигининг таклифига кўра Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилади.
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳри шаҳар бюджети, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари харажатларини қисқартириш бўйича қарорлар тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан қабул қилинади.
Бюджетлар харажатларини қисқартиришда бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджет маблағларини ўзлаштириши ҳамда қабул қилинган юридик ва молиявий мажбуриятлари ҳисобга олинади.
16-модда. Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикаси кафолати остида олинадиган ташқи қарзнинг чекланган ҳажмларини белгилаш
Олдинги таҳрирга қаранг.
2020 йил давомида Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) номидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида ташқи қарзни жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган ҳажми 5,5 млрд. АҚШ доллари, шундан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш ва лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган чора-тадбирларни молиялаштириш учун 2,5 млрд. АҚШ долларигача миқдорида белгилансин.
(16-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 23 декабрдаги ЎРҚ-655-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.12.2020 й., 03/20/655/1660-сон)
17-модда. Ташқи қарз ҳисобига амалга ошириладиган харажатлар
2020 йилда давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) номидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб қилинадиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайтариладиган ташқи қарзни ўзлаштиришнинг чекланган ҳажми 1,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида тасдиқлансин.
2020 йилда ташқи қарз маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган давлат мақсадли дастурлари бўйича харажатларнинг вазирликлар ва идоралар кесимидаги чекланган миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг биргаликдаги таклифига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
3-боб. Бюджетлараро муносабатларни тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари
18-модда. Қорақалпоғистон Республикаси бюджетини, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини, туманлар ва шаҳарлар бюджетларини кўриб чиқиш ва қабул қилиш тартиби
Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг навбатдаги йил учун лойиҳалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ушбу Қонун кучга киргандан кейин бир ҳафта муддатда, мазкур Қонунга мувофиқлаштирилган ҳолда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига киритилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тўғрисида уч кун муддатда қарор қабул қилинади.
Навбатдаги йил учун туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг лойиҳалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тўғрисидаги қарорлар қабул қилингандан кейин уч кун ичида тегишли равишда халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига киритилади.
Халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан туманлар ва шаҳарларнинг бюджетлари тўғрисидаги қарорлар уч кун ичида қабул қилинади.
19-модда. 2020 йил учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадларини шакллантиришнинг ўзига хос хусусиятлари
Қуйидаги солиқ турлари туманлар ва шаҳарлар бюджетларига тўлиқ ўтказилади:
жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўланадиган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно;
қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, бундан цемент хом ашёси ва цемент ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган оҳактош мустасно.
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетига, вилоятлар вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетига қуйидагилар тўлиқ ўтказилади:
юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;
электр станциялари томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
якуний истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилишдаги акциз солиғи;
айланмадан солиқ;
қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат божлари (патент божи ва лицензия берганлик учун давлат божларидан ташқари);
қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириладиган жарималар;
айрим товарларнинг чакана савдосига бериладиган ҳуқуқ учун ундириладиган йиғимлар;
қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириладиган бошқа йиғимлар (божхона йиғимларидан ташқари);
автотранспорт воситаларини харид қилганлик учун уларни ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказиш чоғида автотранспорт эгалари (фойдаланувчилари) томонидан тўланадиган йиғимлар;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулк, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг активлари бўйича ажратмалар ва дивидендлар;
қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат активларини ижарага бериш ва хусусийлаштиришдан тушадиган даромадлар;
мобиль алоқа хизмати ва алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво учун акциз солиғидан тушумлар тегишли равишда 2019 йил 1 июль ҳолатига кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри аҳолисининг республика аҳолисидаги улушига мувофиқ.
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетига, вилоятлар вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетига қуйидаги улушларда:
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тушумларнинг (жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўланадиган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғидан ташқари) Навоий вилоятида 70 фоиз, Тошкент вилоятида 34 фоиз, Тошкент шаҳрида 5 фоиз, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда 100 фоиз;
фойда солиғидан тушумларнинг (Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ йирик солиқ тўловчилар, Ўзбекистон Республикасида доимий фаолият олиб борувчи муассаса орқали фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан, шунингдек норезидентларнинг тўлов манбаида ушлаб қолинадиган даромадларидан тўланадиган фойда солиғидан ташқари) Тошкент вилоятида 34 фоиз, Тошкент шаҳрида 5 фоиз, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда 100 фоиз;
қўшилган қиймат солиғидан тушумларнинг Қорақалпоғистон Республикасида 100 фоизи ўтказилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари:
тегишли даражадаги маҳаллий бюджетларга ажратиладиган солиқлар ва бошқа турдаги даромадлар (шу жумладан, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган даромадлар) ҳамда бюджетлараро трансфертларни тақсимлашга;
даромадларнинг прогнозини ошириб бажаришдан олинадиган маблағларнинг бир қисмини туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун беришга ҳақли.
Халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари:
ижарага берилган жойнинг ёки якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти амалга оширилаётган жойнинг хусусиятларини, шунингдек кўрсатилаётган хизмат турининг мавсумийлигини ҳисобга олган ҳолда ижара тўлови бўйича энг кам ставкаларга ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқнинг қатъий белгиланган миқдорларига нисбатан қўлланиладиган 0,7 дан 1,3 гача пасайиб борувчи ёки ўсиб борувчи коэффициентларни киритишга;
туманлар ва шаҳарларнинг оммавий дам олиш ва туризмга ихтисослаштирилган айрим ҳудудларида Тошкент шаҳри учун белгиланган миқдорларгача ижара тўлови бўйича энг кам ставкаларга ҳамда жисмоний шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқнинг якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган миқдорларига нисбатан қўлланиладиган ўсиб борувчи коэффициентларни киритишга ҳақли.
Агар қонун ҳужжатларида маҳаллий бюджетларга тушадиган даромадларнинг тақсимланиши назарда тутилмаган бўлса, бу турдаги даромадлар Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетига, вилоятлар вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетига ўтказилади.
Давлат унитар корхоналари ҳамда устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган жамиятлар томонидан 2020 йилнинг 1 июлига қадар 2019 йил якунлари бўйича ўз соф фойдасининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тегишли равишда ажратмалар ва давлат улуши бўйича дивидендлар ҳисобланади ҳамда 2020 йилнинг 1 сентябридан кечиктирмасдан тегишли даражадаги бюджетларга ўтказилади.
20-модда. Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳри шаҳар бюджети, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг таклифларига асосан биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтириш мақсадида қабул қилинади.
Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари туманлар ва шаҳарлар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга йўналтиради.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари фавқулодда вазиятларда ва шунга ўхшаш кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши талаб этиладиган ҳолларда ишлатилган маблағлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига ҳисобот бериш шарти билан қўшимча манбаларни йўналтириш бўйича қарорлар қабул қилади.
21-модда. 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларини амалга оширишнинг хусусиятлари
Қуйидаги харажатлар республика бюджетидан молиялаштиришга ўтказилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотларининг биринчи ва иккинчи гуруҳ харажатлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги орқали (ушбу муассасаларнинг тўртинчи гуруҳ харажатлари тегишли туманлар ва шаҳарлар бюджетлари ҳисобидан амалга оширилади);
(21-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-653-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2020 й., 03/20/653/1592-сон)
кўп квартирали уй-жой фондига туташ ҳудудларни таъмирлаш харажатлари ва Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимига кирувчи иссиқлик таъминоти ташкилотларининг иссиқлик тармоқлари ва қозонхона ускуналарини капитал таъмирлаш харажатлари.
Қуйидаги харажатлар Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетидан молиялаштиришга ўтказилади:
иссиқлик энергиясини ишлаб чиқарувчиларга аҳолига кўрсатилган иссиқлик таъминоти хизмати учун пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида юзага келадиган зарарни қоплаш харажатлари;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармалари ҳамда Қарши магистраль каналининг эксплуатация бошқармасини молиялаштириш харажатлари;
умум фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш харажатлари;
давлат органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқаролар ёки юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш харажатлари.
Қуйидаги харажатлар туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштиришга ўтказилади:
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тайинланадиган ижтимоий нафақаларни тўлаш харажатлари;
давлат санитария-эпидемиология назорати туман ва шаҳар марказларини сақлаш харажатлари.
Эксперимент тариқасида:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Тошкент шаҳридаги умумтаълим муассасаларини ва давлат мактабгача таълим ташкилотларини лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш), капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар Тошкент шаҳри шаҳар бюджети ҳисобидан;
(21-модда тўртинчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-653-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2020 й., 03/20/653/1592-сон)
Қорақалпоғистон Республикасидаги ижтимоий соҳа объектларини, ичимлик суви билан таъминлаш тизими объектларини, умум фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, шунингдек суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирлари доирасида объектларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш харажатлари Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетидан молиялаштирилади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ташаббуси билан амалга ошириладиган қўшимча тадбирлар фақат Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари тегишли бюджетларни биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатлари режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантиради.
Чораклар якуни бўйича ушбу Қонуннинг 6-иловасида келтирилган даромадларнинг прогноз кўрсаткичлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари Вазирлар Маҳкамасига харажатларни мақбуллаштириш юзасидан кўрилган чоралар билан биргаликда тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан мурожаат қилади ҳамда бу таклиф Вазирлар Маҳкамаси томонидан ушбу Қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳам Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига худди шу тартибда мурожаат этади.
4-боб. Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджети ижросининг шаффофлигини таъминлаш
22-модда. Бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш
Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳар чорак якуни билан кейинги чорак биринчи ойининг 25 санасига қадар ўзининг расмий веб-сайтларига:
ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари кесимида маблағлар тақсимоти;
молиявий ҳисоботлар;
капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижроси;
ўтказилган танлов (тендер) савдолари ва амалга оширилган давлат харидлари тўғрисидаги тегишли маълумотларни жойлаштириб боради.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда тегишли бюджет маблағларини тақсимловчилар Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг рўйхатини, лойиҳанинг қиймати ва ижроси тўғрисидаги маълумотларни доимий равишда ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб боради.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Давлат божхона қўмитаси солиқ ва божхона имтиёзлари рўйхатини ҳамда тақдим этилган солиқ ва божхона имтиёзларининг миқдори тўғрисидаги маълумотларни ҳар чорак якуни бўйича кейинги чорак биринчи ойининг 25 санасига қадар солиқ тўловчилар кесимида ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб боради.
Давлат молиявий назорати органлари молия йилининг биринчи ойида молия йили учун иш режаларини ҳамда назорат тадбирлари натижаларига кўра аниқланган молиявий қонунбузарликлар ва ижобий натижалар ҳақидаги маълумотларни ҳар чорак якуни билан кейинги чорак биринчи ойининг 10 санасига қадар ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб боради.
Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинган товарлар ва хизматлар, қуриш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектлар рўйхати, шунингдек қурилиш-таъмирлаш ишларининг молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотлар тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан мажбурий тартибда ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириб борилади.
23-модда. Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг, давлат мақсадли жамғармаларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ҳисобдорлиги
Вазирлар Маҳкамаси ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 майидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаси билан бирга, шунингдек ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни Қонунчилик палатасига тақдим этади.
Қонунчилик палатаси биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг ва давлат мақсадли жамғармаларининг уларга ажратилган бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитишга ҳақли.
Давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси тақсимловчи органлари Молия вазирлигига Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети бўйича ҳисоботни тузиш учун ушбу жамғармалар бюджетлари ҳамда даромадлари ва харажатлари ижроси юзасидан ҳисоботларни тақдим этади.
Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижросини кўриб чиқиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.
24-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳамда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг ҳисобдорлиги
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари тегишли равишда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитишга ҳақли.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Молия вазирлигига Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети бўйича ҳисоботни тузиш учун маҳаллий бюджетлар ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
25-модда. 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунни бузганлик учун жавобгарлик
2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
26-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Вазирлар Маҳкамаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
27-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
28-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2019 йил 9 декабрь,
ЎРҚ-589-сон