9 июнь – Халқаро архивлар куни муносабати билан.
#архивлар_куни #день_архивов #архив_фахрийлари #ветераны_архивов
УСТОЗ-ШОГИРТ АНЪАНАСИ – МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТ.
Мустақиллик йўлида дадил бораётган Ўзбекистоннинг бугунги кунида ёшларини камолотга интилиш маънавий қадриятларни тиклаш ва Ватанга садоқат туйғуларини ўстиришда ўлкан тадбирлар олиб борилмоқда. Ўзбек халқнинг ўтган аждодлари томонидан яратилиб мерос бўлиб қолган маданий бойликлари хазинасига халқ орасидаги устоз-шогирт анъаналарини ҳам киритиш мумкин. Бу нодир анъана мамлакатни юксалтиришда беқиёс ўрин тутади.
Инсон ўзи қизиқиб танлаган соҳанинг устаси бўлса, онгли ҳаёт кечириш учун зарур моддий истаклар (ризқ-насиба бутунлиги, дастурхон тўкинлиги, қулай шарт-шароит) ва маънавий эҳтиёж (покланиш, ҳаётдан мазмун ва ҳаловат топиш) уйғунлигига эришади. Истиқлол йилларида Ўзбекистонда тараққиётнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар халқимизнинг эзгу интилишлари негизи – Баркамол авлод орзусини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Зеро, Президентимиз Ш.Мирзиев таъкидлаганидек, “Устозига, отасига, нуронийларига ҳурмат кўрсатмаган инсоннинг келажаги бўлмайди!” . Дарҳақиқат, мамлакатимиз тарихини сўнги даврларига назар ташлар эканмиз, собиқ иттифоқ даврида юртимизда барча соҳалар қаторида маданий бойликларимиз асосини таминлашга хизмат қилувчи соҳа ҳисобланган архив ишига бўлган эътиборсизлик оқибатида соҳа жамиятда ўз ўрнини йўқотган эди. Шунингдек, соҳа вакилларининг аксариятининг ёши ўтган кишилардан иборатлиги ҳеч кимга сир эмас, шундай экан, устоз-шогирт каби асрий анъаналар ҳусусида сўз юритишнинг хожати ҳам йўқлиги барчамизга аён. Мамлакатиз истиқлолга эришган дастлабки йилларидан давлат ва жамият қуришнинг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳатлар амалга оширилиб, архив иши соҳасида ҳам жуда катта ислоҳатлар амалга оширилди. Жумладан, Республикамизда архив ишини такомиллаштиришга қаратилган қатор қонун, қарор ва меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб фаолиятга тадбиқ этилди. Ҳудудларда архив муассасалари ташкил этилди, мавжудларига янги бинолар қурилди, уларнинг моддий техник базаси янгилади. Шу билан бирга, соҳада кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳусусан, биргина Навоий вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси тизимидаги архив муассасаларида миллий қадриятимиз сифатида қадимдан ривожланиб келган “устоз-шогирт” анъанаси асосида соҳа вакиллари вилоятда архив ишини ривожлантириш йўлида меҳнат қилиб келмоқдалар. Бугунги кунда вилоятимиз архив муассасалари ходимларининг ўртача ёши 24-25 ёшни ташкил этиб, ёш кадрларни соҳа тараққиёти йўлида тўғри йўналтириш мақсадида “устоз-шогирт” анъанаси асосида малакали ходимларга бириктирилган. Соҳа ривожини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётган “устоз-шогирт” анъанасининг биргина далили сифатида Бошқарма бошлиғи Бекова Сайёра Саидовнанинг сай-ҳаракатлари билан унинг шогирдлари бугунги кунда жамиятимизнинг бошқа соҳаларида ҳам устозидан олган билим ва кўникмалари асосида етук салоҳиятли раҳбар сифатида фаолият юритиб келмоқдалар. Шунингдек, соҳада фаолият юритаётган раҳбарлар контенгентининг 80 фоизи 25-30 ёшдаги раҳбарлардир. Соҳада фаолият юритиб келаётган раҳбарлар ва ходимларнинг барчаси С.Бекованинг шогиртиман дея фахрланади десам муболаға бўлмайди. Шу жумладан, шогиртлар қаторида менинг ҳам борлигим мен учун юксак фахрли масъулият юклайди десам, адашмаган бўламан чунки, устознинг берган билим ва кўникмалари, энг асосийси билдирган ишончини оқлаш, эл-юрт олдида устозим номига доғ тушурмаслик каби катта масъулият турибди. Мен олийгоҳни тамомлагач бир муддат Хатирчи тумани иқтисодиёт коллежида ўқитувчилик қилдим ҳамда Навоий вилояти архив иши ҳудудий бошқармасида бош мутахассис лавозимида иш бошладим. Бошқармадаги меҳнат фаолиятим давомида С.Бековадан кардрлар фаолиятини ташкил этиш, ижро интизоми ва иш юритиш маҳорати шунингдек, ўз касбига бўлган ҳурмат, муомила маданияти каби эзгу фазилатларни ўрганишга сидқи дилдан ҳаракат қилдим. Бугунги кунда вилоят давлат архивининг директори лавозимида ишлаб келмоқдаман.
Иш фаолиятим давомида юзага келган муаммоли вазиятлардан устоздан олган билим ва кўникмаларга таянган ҳолда оқилона чиқиб кетишга ҳаракат қиламан.
Биламизки, устоз деган шарафли номга сазовор бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этмаган. Бу улуғ номни олиш учун кўп йиллар давомида мураккаб синовлардан ўтиши лозим бўлган. Кўплаб мутахассислар орасида бу шарафли номга камдан-кам инсон муяссар бўлган.
Туркий халқлар қадимий маданиятининг жаҳон тараққиётидаги ўрни салмоқлидир. Хуросон, Моварауннаҳр, Афросиёб, Сўғдиёна, Марокант, Турон, Туркистон ва бошқа жойлар бутун дунёга машҳур бўлиб, табаррук бу заминда Аҳмад Яссавий, Ал-Беруний, Ал-Форобий, Ибн Сино, Маҳмуд Қошғарий, Алишер Навоий сингари буюк алломалар ҳамда Спитамен, Широқ, Муқанна, Жалолиддин Мангуберди, Маҳмуд Таробий, Соҳибқирон Амур Темур ва темурийзодалардек жасур ўғлонлар дунёга келдилар. Улар ўз халқининг бахт-саодати, маданияти учун жисман ва маънан курашдилар. Шунинг учун ҳам жаҳон аҳли уларнинг эзгу амалларини олқишлаб, ҳануз табаррук зотлар дея ўз қалбларида муқаддас тутмоқдалар. Улар, айниқса ёшларнинг тарбиясига, ҳунар ва илм олишига катта эътибор берганлар ва бунга доимий равишда чақириб келдилар.
Қадимда миллий анъана бўйича шогирдликнинг ўзига хос одоб-ахлоқ қоидалари бўлган. Чунончи, Ҳусайн Воиз Кошифий бундай дейди: «Агар сендан шогирдлик одоби нечта, деб сўрасалар, еттита дегин. Аввало, ўз ишига яхши муносабатда бўлиш, яъни ўз касбини севиш; ўз касбига эътиқод қўйиш ва унга ишониш; устоз олдида ҳақсевар бўлиш, ўз ножўя одатларини тарк этиш; кўриш лозим бўлмаган ҳамма нарсалардан нигоҳини олиб қочиш; эшитиш мумкин бўлмаган барча нарсаларга қулоқ солмаслик; барча нолойиқ ишлардан қўл тортиш; устозига зид бўлган кишилар билан муомала қилмаслик. Агар шогирдликнинг асослари нечта деб сўрасалар, олтита дегин: ростгўйлик, вафодорлик, масъулиятлилик, насиҳатни қулоққа олиш, озор бермаслик, сир сақлаш. Шогирдликнинг энг яхши хислати нима деб сўрасалар, поклик деб жавоб берилади. Шогирдликнинг ноёб гавҳари нима деб сўрасалар, ҳамкасб дўстларини хушнуд этиш деб жавоб бергин»
Бинобарин соғлом авлод тарбияси фақат жисмоний жиҳатдан чиниққан, камол топган ёшларнигина эмас, шунингдек, шарқона ахлоқ-одоб ва умумбашарий маънавий қадриятлар асосида тарбия топган инсонни ҳам кўзда тутмоғи лозим.
Зеро буюк аллома А.Авлоний айганидек: тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир.
Навоий вилояти давлат архиви
директори Ш.Холиқулов