"9-июнь Халқаро архивлар куни" муносабати билан Вилоят Давлат Архиви фонд сақловчиси И.Нурхонов тайёрлаган мақола
9 июнь- Халқаро архивлар куни
АРХИВЛАР ЗАМОНАВИЙ БОСҚИЧДА
Азал-азалдан тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш аждодларимизнинг энг устувор вазифаларидан бири бўлиб келган. Чунки ўтмишни холисона ўрганишда, давлатчиликни ривожланиш босқичлари ҳақидаги тасаввур доирасини кенгайтиришда, ҳаққоний тарихни ёритишда, шунингдек, тарих фанини ривожланишида “инсон хотирасини сақловчи даргоҳлар”-архивлар фаолиятининг ўрни беқиёс бўлган. Шу боис, улар ҳамиша бу борадаги ишларга алоҳида эътибор қаратишган.
Юртимиз мустақилликка эришгач, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалар қатори архивлар ишини ривожлантиришга ҳам катта аҳамият қаратилди. Жумладан, 1999 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Архивлар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлиги, 2010 йилда мазкур қонунга ўзгартишлар киритилиб, “Архивлар тўғрисида”ги янги қонуннинг қабул қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида” қарори соҳадаги ишларни замон талаблари даражасига кўтаришнинг муҳим омили бўлди.
Қувонарлиси, юз йиллик арафасида замонавий архив хизмати, юртимизнинг моддий-маданий меросини синчковлик билан асраб-авайлаш, архив манбаларини ҳисобга олиш, сақлаш, кенг фойдаланишни ташкил этиш билан бирга, архив муассасалари фаолияти ва хизматларини модернизация қилиш ҳамда ахборотлаштириш бўйича босқичма-босқич амалга оширилган ишлар натижасида юртимизнинг энг чекка ҳудудларидан бўлмиш Сурхондарё марказида етти қаватли, замонавий ва кўркам вилоят давлат архиви биноси қурилиб фойдаланишга топширилди. 500 минг сақлов бирлик ҳужжат сиғимдорлигига эга бўлган ушбу янги бинода барча шароитлар муҳайё этилган. Эътиборлиси, барча хоналарнинг зарур асбоб-ускуналар ва техни воситалар билан жиҳозланиши ходимларнинг самарали ишлаши учун имкониятлар яратилди.
Вилоят давлат архивида 1917 йилдан буён сақланаётган ҳужжатлар Сурхондарё вилоятининг тарихи, маданияти, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, маҳаллий саноат, халқ таълими, соғликни сақлаш ва бошқа соҳаларини ўзида акс эттирганлиги билан бебаҳодир. Архивда сакланаётган ҳужжатлар ўзбек, рус, араб ва лотин ёзувларида ёзилганлиги билан аҳамиятга моликдир.
Таъкидлаш жоизки, бугунги тезкор давр талаби ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кечаётган янгиланиш жараёни архив муассасалари фаолиятини замон талаблари асосида ташкил қилишни тақозо этмоқда. Зиммаларидаги масъулиятни чин дилдан ҳис қилган жамоа ходимлари архив маълумотларини давлат хизматлари орқали бериш, архив хизматларини тезкор ва сифатли тақдим этиш йўлга қўйилди. Айниқса, аҳоли билан бевосита ишлайдиган ходимларнинг малакаси ва маданиятини ошириш орқали халқ билан тизимли мулоқотни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Амалдаги йилнинг Президентимизнинг ташаббуси билан “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланиши архив муассасаларида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни янада масъулият билан давом эттиришни талаб этмоқда.
Дарҳақиқат, архив ҳужжатларининг ҳажми ва оқими йил сайин ортиб бормоққда. Бундай жараён уларнинг қийматини аниқлаш, экспертизациялаш ишлари кўламига жиддий ёндашувни талаб этиши шубҳасиз. Шу боис, мижозларга белгиланган тартибда хизмат кўрсатиш мақсадида замонавий ахборот технологияларидан самарали фодйланишга интилаяпмиз. Айни пайтда архив ҳужжатларининг электрон нусхаларини яратаяпмиз. Ҳужжатларни белгиланган меъёрлар бўйича сақлаш, умрини узайтириш борасидаги ишлар изчил амалга оширилмоқда.
Қоғоз асосидаги асл нусхалар сақловини таъминлаш, яъни йиғма жилдларни таъмирлаш, муқовалаш, махсус картон қутиларда сақлаш ишлари режа асосида бажарилмоқда. Алохида қимматли ҳужжатларни аниқлаш ва уларни ажратиб олиш ҳамда алоҳида сақлашга жиддий эътибор қаратмоқдамиз.
Шунингдек, вилоят ташкилотлари ва муассасалари сақловидаги ҳужжатларининг рўйхати ҳар ойда янгиланиб, янги маълумотлар билан тўлдирилиб борилади.Бундан ташқари мурожаатлар билан ишлаш механизмини яхшилаш мақсадида давлат архивлари сақловидаги шахсий таркиб ҳужжатлари рўйхатларини рақамлаштириш ва рўйхатлар базасини шакллантириш ишларини амалга оширмоқдамиз.
Эътироф этиш керакки, фуқароларни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятига оид бўлган очиқ маълумотлар билан доимий таъминлаб бориш учун очиқ маълумотларни йиғиш ишларини йўлга қўйдик. Маълумотлар тўлиқ жамлангач, ахборот-кутубхона ва архив муассассаларида ушбу маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилади.
Эришаётган ютуқларимиздан чекланиб қолмасдан архивимизнинг ҳозирги даврдаги фаолиятини таҳлил қилиб, архив ишини янада риволантириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш ҳамда фаолитимизга тўсиқ бўлаётган айрим тизимли камчиликларни босқичма-босқич бартараф этиш борасида ҳам ишларни олиб боряпмиз. Эндиликда архив хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган, қоғоз шаклида сақланаётган маълумотларнинг электрон базасини шакллантириш ва идоралараро электрон ҳамкорликка қўшилиш орқали босқичма-босқич рақамли кўринишга ўтилади. Чунки давр шуни тақозо этмоқда.
Искандар НУРХОНОВ,
Сурхондарё вилояти давлат архиви катта фонд сақловчиси