9-июнь Халқаро архивлар куни “Ўзбекистон архивлари 100 ёшда” туркумидан....

Инсон ҳаётининг муҳим бўлаги

Одамзод илк амалга оширган ишлари бугун битикларда, тош-қояларда, ғорлар-у пергаментларда сақланиб келмоқда, бу табиатнинг “тирик архивлари” деб эътироф этилган. Мамлакатимиз худудида илк давлатлар пайдо бўлишининг ўзи архивлар фаолиятига асос солиб берган. Ўзбекистон худудида илк давлатлар эрамиздан аввалги VII-VIII асрларда Хоразм, Сўғдиёна ва Бақтрия давлатлари ташкил этилган бўлса, улардаги ўзига хос “архив”лар бизгача сақланиб келмоқда. Хоразм худудидан ёғоч ва тери қопламаларига ёзилган ва эрамизнинг III асрларига оид илк хужжатлар сақлови топилганлиги ўша даврда хужжатхоналарнинг ташкил этилганлигидан далолат беради. Бунга бизнинг алоқамиз йўқдай кўриниши мумкин, аммо ўша ноёб маросимиз бугун тарих ва архив хужжатларида сақланиб келинаётганлиги архивларимизнинг мозийга алоқадорлигига ишончимиз ортади.

Юртимизда архив хужжатларини сақлашга бўлган муносабатлар Соҳибқирон Амир Темур давриданоқ эътибор кучайтирилган. Алоҳида ҳужжатхоналарда Амир Темурнинг энг сара китоблари билан бирга унинг фаолият ютуқлари, тузуклари, молиявий ҳужжатларининг сақланиши, шахсий таркиб, оилавий муносабатлар, шоирларнинг ижодий намуналари ўша даврнинг архивларини эсга солади. Ундан кейинги давр   хонликларнинг  деярли ўн тўққизинчи асргача бўлган кўпгина хужжатлари сақланмаган. Хива, Қўқон хонликлари, Бухоро амирлигининг айрим хужжатларигина давримизгача етиб келган. Тарихда хужжатва асори-атиқаларга умумий тартибда сақловига эътибор бўлган. Илм-фан ривожлангани сари эса унинг сақлови ва авлодларга етказишга эътибор кучайтирилган.

Шахсий таркиб хужжатлари архивлари сир-синоатлари

Шахсий таркиб архивлари том маънода инсон фаолиятининг муҳим қисми деб биламиз. Хусусан,  фуқаролик жамиятида ҳар бир фуқаронинг Конституциявий ҳуқуқларидан бири касб ўрганиш, ўқиш ва меҳнат қилиш ҳуқуқлари устуворликни эгаллайди. Шу маънода унинг ўқиш ёки меҳнат қилиш ҳуқуқининг биринчи куниданоқ у архив билан чамбарчас фаолият юритади десак адашмаймиз. Чунки касб фаолияти бошланган кундан унга нисбатан шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар юритила бошланади ва ходимнинг иш берувчи билан меҳнатга оид муносабатларини акс эттирувчи архив ҳужжатлари шаклланиб боради. Қисқагина шундай тушунтириш мумкин. Аммо, бу фаолият ортида қанча машаққат билан меҳнат, фидоийлик энг муҳими маъсулият борлигини ҳис қилсак, бу фаолият турига ҳурматимиз ортади. Бу аввало ташкилотларда, идоравий архивларда сақланиб келаётган меҳнат муносабатлари ҳужжатлкари кейинчалик шахсий таркиб архивларига ўтказилиши, ҳар бир фуқаронинг фаолияти ҳақидаги маълумотларнинг бус-бутун сақланиши кафолатидир. Қонуннинг 4-моддасида белгилангани каби шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар давлат мулки хисобланади. Уларнинг фаолияти бугун қандай? Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5834-сон Фармони архивлар фаолиятида туб бурилиш ясади. Эндиликда шахсий таркиб хужжатлари архивлари қонунчиликка нисбатан давлат архиви хисобланиши белгилаб берилди. Бу архив ислоҳотларининг муҳим босқичини белгилаб берди. Бугунги кунда республика бўйича ҳар бир туман ва шаҳарда шахсий таркиб хужжатлари архиви давлат архиви деб эътироф этилди. Шахсий таркиб хужжатлари давлат архивлари фаолияти асосан корхона ва ташкилотларнинг фаолияти билан боғлиқ бўлиб, тарихи 1920 йиллардан юритила бошланган. Бугун шахсий таркиб хужжатлари давлат архиви ҳақида сўз юритишдан олдин худудларнинг “архиви”га назар ташласак, шахсий таркиб хужжатлари архивлари қачондан бошлаб юритилганлигини англаш қийин бўлмайди. Мисол учун, Тошкент вилоятининг ташкил топиши. Архив хужжатларига таянсак, 1920 йилларда Туркистон ўлкаси худудларини тақсимлашга зўр куч берилди. Натижада туманлаштириш даврига келиб, 1926 йилда  Тошкент вилоятининг кўпгина туманлари чегаралари ва номланиши ўша даврнинг ҳукумати томонидан белгилаб берилган. Гарчи Тошкент вилояти 1938 йил 15 январда ташкил этилган бўлсада, аксарият туманлари 1926 йилда ташкил этилган, Жумладан, 8 та туман 1926 йилда, 6 та туман 1933-35 йилларда, 5 та туман 1943-55 йилларда ташкил топган. Улар орасида уруш йиллари ва урушдан кейинги йилларда ташкил этилган айрим шаҳарлар ҳам мавжуд. Хусусан, Ангрен шаҳрига 1946 йилда шаҳар мақоми берилган. 1966 йил Тошкент зилзиласидан сўнг Тошкент шаҳрини тиклаш-қуриш ишларига кўплаб фуқаролар келиб, аксарияти яшаб қолган. Чегараларни белгилаш, қайта белгилаш мақсадида 1966-1975 йилларда вилдоятда янги шаҳарлар, туманларни қайта ташкил этиш ишлари олиб борилган. Шундан 1973 йилда Қуйичирчиқ тумани қайта ташкил этилган. Бизнинг давримизга келиб янги Нурафшон шаҳар 2017 йил вилоят маркази сифатида 3 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ташкил этилди. Айнан туманларнинг ташкил этилиши ва унда фаолият бошлаган ташкилотлар шахсий таркиб архиви фаолиятини кучайтирди. Агар ҳар бир ташкил этилган туман ва шаҳарда қанча, нечта корхона ва ташкилотлар фаолият юритса архивларнинг фаолият кўлами шунча кўпаяверади. Биргина Юқоричирчиқ туманининг шахсий таркиб хужжатлари давлат архивига назар ташласак, унда 1930 йиллардан буён 500 га яқин корхона ва ташкилотларнинг хужжатлари сақланмоқда. Бу камми, кўпми бошқа масала. Қонунда сақлов муддатлари белгилаб берилган, аммо замон ўзгараяпти, янги технологиялар кириб келмоқда. Бу ҳақда сал кейинроқ гаплашсакда, архив хужжатларига эътибор қаратсак. Архивларда сақланаётган энг ноёб хужжатлар нафақат давлат архивлари фондида балки, оддий кичик шахсий таркиб хужжатлари архивларида ҳам сақланади. Жумладан, туманнинг энг биринчи раҳбарининг, 1950-1960 йилларда бутун собиқ иттифоққа номи кетган “Политотдел” колхозининг номдор колхозчиси Любовь Ли 5 метрлик маккажўхори етиштиришда, энг биринчи ташкил этилган мактаб, тиббиёт муассасаларининг биринчи шифокор ва ўқитувчиларининг ойлик маошлари, қандай ишга қабул қилинганлиги бугун ноёб ва қимматга сазовор хужжатлардир. Айрим хужжатларда биринчи ўқувчиларнинг фамилияларини, олган баҳоларини, илк ишчи, колхозчининг юутуғини акс этган хужжатларини кўриш мумкин, Юқоричирчиқ тумани архивида бир кун ўтирар экансиз, унда ҳаёлан тарихга эшик очиб киргандек бўласиз. Ҳар бир ҳужжатхона даврларга бўлинган, бино эшиги эмас, тарих эшиклари очилаётгандек ҳис қиласиз. Саранжом тахланган сақлов бирликлари, йилма-йил рақамланган жамланма хужжатлар, жавонлардаги ҳар бир ташкилотга ажратилган жойнинг алоҳида архив белгилари қўйилганлиги архив ходимларининг ўз меҳнатига муносабатини кўрсатиб турибди.  Ха, хужжатларда сир-синоат йўқдек, фақат хужжатлар сақлови десак адашамиз. Шахсий таркиб хужжатларини ўрганиб, 1926 йилда ташкил этилган туманда 2 та тиббиёт муассаскаси, 6 та мактаб, бирқанча ташкилотлар, янги ташкил этилаётган коллективлаштириш хужжатлари борлигини кўриб, тарихга йўғрилинган маъсулият шу ерда эканлигини кўрамиз. Энг қизиғи, ўша даврда, то 1935 йилларгача давлат халқни озиқ-овқат билан тўла-тўкис таъминлай олмаган даврда ўнлаб хусусий дўконлар ҳам бўлганлигини кўриш мумкин.  Ёйинки, коллективлаштириш даврида биринчи колхозларнинг ишчилари, колхозчиларга кунига 8 сўм 40 тийин маош ёзилган хужжатлар, илк ташкилотларнинг хужжатларини ўрганар эканмиз, асосан кимларни ишга олишда устуворликлар бўлганлигини хужжатлар гапирганда кўриш мумкин. Яна бир муҳим жиҳатларидан бири, ўша даврда хужжатларга қараб корхона ва ташкилотларда иш юритиш рус тилида олиб борила бошланганлигини, саводхонликни, қандай сиёҳда ёзилганлигини кўриб, турмуш тарзига баҳо берасиз. Иккинчи жаҳон урушига қадар бўлган хужжатлар алоҳида аҳамият касб этади, фуқароларнинг турмуш тарзини, хатто-ки ташкилотлардан қандай тартибда бўшатилганлигини, қандай мукофот олганлигини, қайси жиҳатлари учун жавобгарликка тортилганлигини айнан шахсий таркиб хужжатлари давлат архивлари “гапирганда” хақиқатни англаймиз. Аслида миллатнинг яқин ўтмишидаги тарихини ўрганишда энг ноёб ва қимматли бўлган хужжатлар шулар эмасми? Инсон тақдири орқали миллий муносабатлар, миллат шаънига бўлган, одамлар тақдирига бўлган муносабатлар тарихи шу хужжатларда акс этмаганми? Саволларга  ўзимиз жавоб излаймиз.

  Туманда 1935 йилларга келиб янги архив куриш масаласи кўтарилган, лекин масала 10 йиллар давомида ҳам муаммолигича қолаверган. Хужжатларни ўрганар эканмиз, ўша даврдаги “райисполком” деган ташкилот бунга масъул бўлганлигини, архив қуриш долзарб эмаслигини муаммолар йиллар давомида чўзилганлигидан билиш мумкин. Туман ташкил этилганидан буён архив хужжатлари асосан ташкилотларнинг ўзларида, кейинчалик туман раҳбарияти бўлган “райисполком”, район ижроия қўмитасида сақланган. Архив директори билан бўлган суҳбат ва айрим сақланиб қолган хужжатларда архив хужжатлари ҳатто-ки эски ҳаммом биносида ҳам сақланган. 1973 йилдагина архивлар учун алоҳида бино қуриш бўйича область (хозирги вилоят) ижроия қўмитаси қарор қабул қилган. Шундан сўнггина туманда алоҳида ҳозирги архив биноси қурилган. Энг қизиғи, қурилиш режалаштирилган район ижроия қўмитаси қарорида бино қуриш, жиҳозлаш масаласи архивнинг биринчи раҳбарига юкланганлиги, маблағ излаб топиш билан бир қаторда уни қайтариш шарти қўйилганлиги кишини бугун таажжубга солади. У даврда архив бегона бўлганми деган ҳаёл ўтади. Қабул қилинган қарор эса 1978 йилда амалга ошганига нима дейсиз? Хуллас, хужжатларни гапиртирсангиз гап кўп экан, Юқоричирчиқ тумани шахсий таркиб хужжатлари давлат архиви 1978 йилдан ўз биносига эга бўлиб, бугунги кунга қадар фаолият кўрсатиб келмоқда. Бугун мазкур архивда 50 мингдан зиёд хужжатларда инсон тақдири ётибди, уни сақлаб авайлашда эса замонамиз фидоийлари, заҳматкашлари фаолият олиб бормоқда. Кейинги фикримизда ҳақиқат тарихда эканлигини 50 йилга яқин архивда фаолият юритиб келаётган Гулсара опа Сотиболдиева мисолида кўриш мумкин. Гулсара опага кўп саволлар бердик, жавобини эшитиб миллат ва бугунги дориломон кунларга шукуроналар айтдик, ҳозирги улкан марралар билан солиштириб, ғурурландик. Опанинг кўзларида архивнинг залворли меҳнати ётганлигини кўриш, англаш қийин эмас. Мазкур архивда карантин даврида 414 та ижтимоий сўровларга жавоблар амалга оширилган. 2019 йилда эса 3 мингдан зиёд сўровларга жавоблар берилган. Жорий йилнинг 5 ойида 1200 га яқин турли сўровларга жавоб берилган. Нима учун рақамларга эътибор қаратдик? Ҳа, бу ҳисобот дегувчилар ҳам бўлади. Аммо бу рақамларнинг ҳар бири жавонда сақланаётган алоҳида хужжатни олиб ичидан маълум бир ахборотни таҳлил қилиш орқали фуқаронинг қонуний талабларини қониқтиришдан иборатдир.

Бугунги архив

“Архив иши тўғрисида”ги Қонуннинг 20, 23 моддаларига мувофиқ корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар шахсий таркиб бўйича ҳужжатларни жамлаши, ўзида сақлаши, архивларга топшириши шартлиги белгилаб берилган. Шу маънода шахсий таркиб хужжатлари давлат архивларида сақланаётган архив хужжатларини сақловини кўриб, замонавий ташкилотлар идоравий архивларга эътибори кучайганлигини кўриш мумкин. Қонуннинг 25 моддасига мувофиқ архивлар ва идоравий архивларда архив ҳужжатларининг бут сақланишини таъминлаш архивлар ҳамда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарларининг зиммасига юклатилади. Шундай экан, шахсий таркиб хужжатлари давлат архиви туманда архив ислоҳотлари сиёсатини юритувчи ягона давлат ҳокимияти бўлаги бўлиб хизмат қилиши керак. Тўғри сўнги йилларда архив бинолари босқичма босқич янгилашга эътибор кучайтирилди. Кўпгина давлат архивлари бинолари янгиланиб, замонавий жихозланди. Янги бинолар замонавий жихозлар билан таъминланиб, фуқароларнинг сўровларини тез ва пухта амалга оширишга хизмат қилиб келмоқда. Эндиги навбат эса архивларнинг бу турига, яъни хўжалик хисобида фаолият юритаётган шахсий таркиблар бўйича архивларга десак муболаға бўлмас. Албатта, шахсий таркиб хужжатлари давлат архивлари сифатида қайта номланиши уларнинг фаолиятига ижобий хизмат қилади. Фармон билан  шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари томонидан тузилган шахсий таркиб бўйича идоралараро архивлар Агентлик идоравий бўйсунувига ўтказилиб, уларнинг негизида шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари ташкил этилмоқда. Бу уларнинг фаолиятини яхшилашга қаратилган биринчи қадам деб қабул қиламиз. Шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари фаолиятини молиялаштириш хўжалик фаолиятини амалга оширишдан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия маблағлари, халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг грантлари эвазига амалга оширилиши уларнинг молиявий ҳолатини белгилаб бермоқда. Шу ўринда айтиш жойизки, бундай фаолият эски тузумдан қолган. Уни босқичма босқич молиялаштиришнинг янги тизимини, яъни давлат томонидан қисман молиялаштиришга ўтиш керакмикан деган ҳаёллар ўтаверади. Бугунги архив ислоҳотлари замирида  Агентлик томонидан 2023 йил 1 январгача босқичма-босқич Давлат архивлари сақловида бўлган шахсий таркиб ҳужжатлари Шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивларига ўтказиш чора-тадбирлари белгиланмоқда. Демак келажакда архивларнинг бу тури ҳам кучайтирилиши табиийдир.  Белгиланган ислоҳотларни замон талаблари асосида мувофиқлаштириб бориш, хорижий тажрибаларни ўрганиш орқали эндиликда шахсий таркиб бўйича давлат архивларини давлат-хусусий шериклик асосида фаолият кўрсатадиган шахсий таркиб ҳужжатлари архивларига айлантириш чоралари кўрилмоқда. Бу эса келажакда давлат мулки бўлган архив хужжатлари билан бир қаторда жисмоний шахслар ўз шахсий архив ҳужжатларининг бут сақланишини таъминлашга, архивларга инвестиция киритишга, уларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Янги ташаббуслар керак

Албатта, шахсий таркиб хужжатлари давлат архивлари ҳақида ёзиб уларнинг муаммосини ёзмасак, архивчиларимиз ранжиши мумкин,  фаолиятда ўзига хос масалалар бор. Камчиликлар ҳақида эмас, ўзлари ҳал эта олмайдиган, қонунчилик йўли билан ҳал этадиган муаммоларнинг бири улардаги сақлаш муддатлари. Масалан, 75 йил хужжат сақлаш шахсий таркиб хужжатлари учун сал кўп кўринади. Агар инсоннинг ўртача умр кўриши нуқтаи назаридан олинган бўлса, бошқача ёндашув керак. Бугунги замонавий шароитларда фуқаролар ўртача 19-20 ёшдан меҳнат фаолиятини бошласа, 40 йил ишлаб пенсияга чиқса, яна нима учун 75 йил хужжат сақланиши лозим деган савол ўтади.  Сақлов корхона ва ташкилотлар учун мажбурийлигидан келиб чиқиб, сақлаш маблағларини тубдан кўриб чиқиш, бугунги кунда хусусий корхоналар,  фермер ва деҳқон хўжаликларининг шахсий таркибига оид хужжатларни архивларга топширилишини таъминлашга махаллий давлат ҳокимияти органлари эътиборни кучайтириши лозим. Биз эса фаолияти тўхтатилаётган, тўхтатилган корхона ва ташкилотларнинг шахсий таркибига оид хужжатларини сақланишига хизматларни қайта ўйлаб кўришимиз керак.  Айниқса, қонунда белгилангани каби фуқароларнинг шахсий, оилавий хужжатларини сақлашга оид таклифларни ишлаб чиқиб, шахсий таркиб хужжатлари давлат архивлари фаолиятига киритиш уларнинг молиявий аҳволини яхшилашга олиб келади. Маҳаллий давлат ҳокимияти ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлари эвазига мазкур архивларни молиялаштириш тизимини ишлаб чиқсалар, замонавий архивларнинг фаолияти янада кенгаяди. Бунга қонун эмас, уларнинг ташаббуси керак, холос. Зеро, архивлар бугунни эртага, кечани бугун акс эттириб берувчи ягона индикатор ҳисобланади.

 


Manba : "Ўзархив" агентлиги Ахборот хизмати