“Ахборот технологиялари асрида архив хизматларидан фойдаланишнинг инновацион ғоялари” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди
2021 йил 26 август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлигининг 2021 йил II ярим йиллигига мўлжалланган Асосий иш режасини тасдиқлаш тўғрисидаги буйруғига асосан Ўзбекистон Миллий архивида “Ахборот технологиялари асрида архив хизматларидан фойдаланишнинг инновацион ғоялари” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди. Конференция республикада фаолият кўрсатаётган давлат архивлари ходимлари, ижтимоий йўналишга мансуб илмий-тадқиқот институтлари, олий ўқув юртлари ҳамда бошқа муассасалардаги олимлар, илмий ходимлар, профессор-ўқитувчилар, шунингдек, докторант, таянч докторантлар, мустақил изланувчи ва магистрлар доирасида онлайн тарзида бўлиб ўтди.
Конференция иштирокчилари Zoom платформаси орқали рўйхатдан ўтказилгандан сўнг, анжуманни Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги директори ўринбосари Ш.Ғ. Содиков табрик сўзи билан очиб берди. Ўзбекистон Миллий архиви директори Д.Т. Закирова ҳам иштирокчиларга ўз самимий тилакларини билдирди ва сўз навбатини маърузачиларга берди. Конференцияда Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги, ЎзФА Тарих институти, Ўзбекистон Миллий архиви, Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари Миллий архиви, Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари Миллий архиви, Денов туман давлат архиви, Бухоро вилояти давлат архиви, Бухоро давлат университетидан маърузачилар ўз тақдимотлари билан иштирок этдилар. Конференцияда мустақиллик йилларида архивлар фаолияти, уларнинг мустақиллик даврида эришган ютуқлари, архив ҳужжатларидан фойдаланиш ва бошқа турли архив соҳасига оид масалалар ҳақида фикр билдирилди.
Конференция иштирокчилари ташкил этилган ушбу анжуман ёрдамида нафақат архив соҳасидаги ҳамкасбларининг иш жараёнида вужудга келаётган муаммолар, мавжуд камчиликлар ва уларнинг ечимлари, соҳада эришилган ютуқлар, балки турдош соҳалардаги ҳамкасбларининг иш тажрибалари билан ҳам яқиндан танишдилар ва фикр алмашдилар.