Ахборотдан фойдаланувчиларнинг “Ўзархив” агентлиги очиқ ҳайъат мажлисларида ва архив иши ҳудудий бошқармаларининг очиқ дирекция йиғилишларида ҳозир бўлиши тартиби тўғрисидаги низом

 

Мазкур Низом «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, ахборотдан фойдаланувчиларнинг “Ўзархив” агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади) очиқ ҳайъат мажлисларида ва архив иши ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринларда Ҳудудий бошқарма деб юритилади)нинг очиқ дирекция йиғилишларида (кейинги ўринларда Очиқ мажлислар деб юритилади) ҳозир бўлиши тартибини белгилайди.

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига асосан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот излашни амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахс ахборотдан фойдаланувчи ҳисобланади.

2. Мазкур Низом талаблари Агентлик ва Ҳудудий бошқармалар томонидан очиқ мажлисда иштирок этиш учун таклиф этилган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Агентлик ва Ҳудудий бошқармалар:

мазкур Низом асосида ахборотдан фойдаланувчиларнинг очиқ мажлисларида ҳозир бўлиши тартибини белгилаши;

очиқ мажлисларда ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратиши лозим.

4. Агентлик ҳайъат мажлислари ва Ҳудудий бошқармалар Дирекция йиғилишлари очиқ тарзда ўтказилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

5. Агентлик ва Ҳудудий бошқармалар ахборотдан фойдаланувчиларнинг танишиб чиқишлари учун бинонинг ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарида ва (ёки) махсус ажратилган жойларида очиқ мажлисларни ўтказиш режалари, шу жумладан мажлисларнинг кун тартиби лойиҳалари, улар ўтказиладиган сана, жой ва вақт ҳамда бошқа зарур ахборотлар ахборот стендлари ва (ёки) шундай мақсад учун мўлжалланган техник воситаларга мажлис ўтказилишидан камида уч кун олдин жойлаштиришлари шарт.

 

2-боб. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг очиқ мажлисларда ҳозир бўлиши

 

6. Ахборотдан фойдаланувчи Агентлик ва Ҳудудий бошқармалар очиқ мажлисларида ҳозир бўлиш учун Агенлик ёки тегишли Ҳудудий бошқармага сўров билан мурожаат қилади. Сўров «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасида белгиланган талабларга мувофиқ расмийлаштирилиши лозим.

Ахборотдан фойдаланувчининг идентификациялаш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилмаган сўровлар аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

7. Сўров келиб тушган куни у Агентлик ёки тегишли Ҳудудий бошқарма томонидан алоҳида махсус журналда рўйхатга олинади ва зудлик билан кўриб чиқилади. Мазкур журнал масъул котиб томонидан юритилади.

8. Сўровга асосан масъул котиб ахборотдан фойдаланувчини очиқ мажлисларда иштирок этувчилар рўйхатига киритади ҳамда бу ҳақда ахборотдан фойдаланувчига маълум қилади. Очиқ мажлиснинг ўтказилиш санаси, вақти ёки жойи ўзгарган тақдирда, бу ҳақда ахборотдан фойдаланувчига маълум қилинади.

9. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ мажлисига шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида киритилади.

10. Ахборотдан фойдаланувчи очиқ мажлсга келмаган тақдирда, масъул котиблар томонидан бу ҳақда махсус журналга ёзиб қўйилади.

11. Агентлик ва Ҳудудий бошқарма ўз имкониятларидан ҳамда ахборотдан фойдаланувчилар сонидан келиб чиқиб, очиқ мажлис ўтказиладиган залда ахборотдан фойдаланувчилар учун жой тайёрлайди. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ мажлис ўтказиладиган залга махсус журналдаги қайд этиш кетма-кетлиги асосида жойлаштирилади.

Ахборотдан фойдаланувчилар сонининг кўплиги сабабли, уларни очиқ мажлис ўтказилаётган залга жойлаштириш имкони бўлмаган тақдирда, улар очиқ мажлиснинг боришини видео тасвир орқали монеликсиз кузатиб боришлари мумкин бўлган хонага жойлаштирилиши мумкин.

12. Агентлик ва Ҳудудий бошқарма томонидан ўз имкониятларидан келиб чиқиб, ахборотдан фойдаланувчилар очиқ мажлиснинг боришини видео тасвир орқали монеликсиз кузатиб боришлари мумкин бўлган алоҳида хона жиҳозлаб қўйилиши мумкин.

13. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ мажлис бошлангунга қадар белгиланган жойга етиб келиши, рўйхатдан ўтиши ва белгиланган жойга ўтириши лозим. Ахборотдан фойдаланувчилар раислик қилувчи томонидан мажлис бошланганлиги эълон қилингандан сўнг келган тақдирда, кечикиб келган ҳисобланади ва мажлисга қўйилмайди.

14. Ахборотдан фойдаланувчи Агентлик ёки тегишли Ҳудудий бошқарма томонидан тасдиқланган очиқ мажлиснинг регламентида белгиланган тартибда мажлисда Ҳайъат (ёки Дирекция) аъзоларига саволлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

15. Ахборотдан фойдаланувчи томонидан очиқ мажлислар давомида очиқ мажлис муҳокамасига тааллуқли бўлмаган ва ушбу мажлисда муҳокама қилинмаган масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилган ёки саволлар билан мурожаат этилган тақдирда, унга мазкур масала бўйича ахборот олиш тартиби тушунтирилади.

16. Ахборотдан фойдаланувчи очиқ мажлис ўтказилаётган вақтда тартибни бузмаслиги шарт. Ахборотдан фойдаланувчи мажлис ўтказилаётган вақтда тартибни бузган тақдирда, раислик қилувчи томонидан огоҳлантирилади.

Ахборотдан фойдаланувчи тартибни такроран бузган тақдирда, у раислик қилувчи томонидан мажлис ўтказилаётган залдан чиқариб юборилади. Мазкур ҳолат юзасидан масъул котиб далолатнома тузади ва далолатнома раислик қилувчи томонидан имзоланади.

17. Ахборотдан фойдаланувчиларга очиқ мажлисни фотосуратга, видео тасвирга олишга ҳамда мажлисда овоз ёзиш воситаларидан фойдаланишга рухсат берилмайди.

18. Мажлис баённомасида очиқ мажлисда ҳозир бўлган ахборотдан фойдаланувчиларнинг иштироки ҳақида тегишли маълумотлар кўрсатилиши лозим.