<АРХИВ ФАХРИЙЛАРИ> Валитова Марьям Гарифовна
1931 йил 13 августида Бошқирдистоннинг Юрмата қишлоғида оддий деҳқон оиласида дунёга келади.1949 йилда Валитовалар оиласи Бухоро вилоятининг Қизилтепа туманига кўчиб келишади.
1949 йилда Бухоро шаҳридаги кутубхона ходимларининг уч ойлик курсини тугатади.1950-1955 йиллар давомида Қизилтепа туманидаги Гардян қишлоқ кенгашида кутубхона мудираси, туман қишлоқ хўжалиги бўлимининг котибаси, ёшлар ташкилотининг сектор мудири вазифаларида ишлайди.
1954 йилда Бухоро Давлат педагогика институтининг тарих факультетида сиртдан ўқишни бошлайди.
Ташаббускорлиги ва ишга бўлган масъулияти туфайли қисқа муддатда халқ эътиборига тушган бу жамоатчи инсон муҳим соҳа – архив иши соҳасига ишга таклиф этилади.
1955 йил 1 апрелидан Бухоро вилояти Давлат архиви бошлиғи, 1958 йилдан катта илмий ходим, 1967 йилдан 1987 йилгача 20 йил мобайнида эса Бухоро вилояти ижроия қўмитасининг архив бўлими мудири лавозимларида фаолият кўрсатади.
Бевосита унинг раҳбарлиги ва иштирокида айни шу йилларда архив ишини ривожлантириш, ҳужжатгоҳлар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, меҳнат самарадорлигини ошириш каби йўналишларда катта ижобий ўзгаришлар юз беради. Ўша йилларда Бухоро вилоят Давлат архиви бири мослаштирилмаган бинода, иккинчиси Кўкалдош мадрасаси ҳужрасидан жами 380 м2дан иборат икки хонада жойлашган бўлиб, ундаги шароит ҳужжатларни сақлаш талабларига жавоб бермасди.
Марьям Гарифовна томонидан вилоят ва республика мутасадди ташкилотларига архив муассасасига нормал иш шароитини яратиш мақсадида 1958 йилда вилоят Давлат архивининг янги биноси қурилишини бошлаш, ўқув ва услубий хонаси, таъмирлаш устохонасини ташкил қилиш таклифи киритилади ва 1976 йилда устозимиз Марьям Гарифовнанинг сайи ҳаракатлари билан Бухоро вилоят давлат архиви учун янги барча қулайликларга эга бўлган бино фойдаланишга топширилади.
Абдулла Авлоний айтганидек - “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир”. Устозимиз Марьям Гарифовна йиллар давомида архив сохасида фаолият юритиб ёш архивчиларга келажаги буюк давлат учун комил, ҳар томонлама етук ва баркамол, маънан ва ахлоқан пок, ватанпарвар ва инсонпарвар инсонларни тарбиялаб чиқаришда ўз хиссасини қўшган. У 35 йиллик архив соҳасидаги фаолияти давомида Мухиба Раҳматова(марҳум), Насиба Юсупова, Лидия Антоновна Шлыкова, Мухтарама Исматова, Мушарраф Қамбарова, Матлаб Юнусова каби шогирдларни тарбиялаб уларни ўз навбатида республикамизда архив ишини ривожлантиришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишида муносиб ўринга эга бўлган инсонлар бири эди. Шогирдлик анъанасини бугун янада парвариш қилишимиз, бу қадриятни мустаҳкамлашимиз лозим. Бу гўзал маърифий муносабатсиз ҳаётимиз ва фаолиятимиз ривожи юксак бўлиши қийин.
Марьям Гарифовна Валитова 1992 йил 4 декабрда Бухоро шаҳрида бу ёруғ дунёни тарк этган.Устоз хотирасини ёдга олиш ва унинг фаолиятини ўқиб ўрганиш биз келажак авлоднинг шарафли бурчимиздир.
Бухоро вилоят Давлат архиви. Фонд-672, рўйхат-1, йиғма жилд- 84.