Архив ишига фидокор инсон
Калоева Валентина Ахмедовна, 1948 йил 15 февраль куни Тожикистон Республикаси Регар тумани Пахтабод посёлкасида таваллуд топган. 1968 йилда Душанбе Меҳнат Қизил байроқ орден номли политехника техникумининг гидротехник-мелиоратор мутахассислиги бўйича тугатган. Кейин Тожикистон ва Молдовада ўз мутахассислиги бўйича ишлаб келган. Ўзбекистонга келиб 1980 йил декабрь ойидан бошлаб то 1984 йил март ойигача Қурилиштрест-165га қарашли Денов 12-сон кўчма механизациялашган ташкилот (ПМК-12)да инженер, кейинчалик катта инженер вазифасида меҳнат кўрсатган. Бундан кейин 1984 йил март ойидан то 1999 йилгача “Ўзбекавтотранс” трестига қарашли 13-сон автобазасида меҳнат бўйича инженер, режалаштириш-иқтисод бўлимининг бошлиғи (ПЭО), катта иқтисодчи вазифасида фаолият кўрсатган.
Калоева Валентина Ахмедовна Денов туманлараро давлат архивига 2001 йил январь ойида ишга келиб то ёшга доир нафақага чиққунча февраль 2002 йилгача архивариус лавозимида ишлаган.
Пенсияга чиқиб мазкур муассасасида 2011 йил апрель ойигача архив иши ривожига салмоқли ҳисса қўшиб меҳнат фаолиятини давом этган. Архивда хизмат қилган йиллари давомида у юқори касбий даражага кўтарилиб, барча турдаги архив ишларини пухта эгаллаган. У барча архивчилар каби йиғмажилдларга архив шифри кўрсатилган штамп қўйиб чиқиш, йиғмажилд муқоваси ва титул варағининг расмийлаштириш, варақларни рақамлаш, ҳужжатларни таъмирлаш, картонлаш, топографик кўрсаткичларни юритиш ва ёрлиқларни расмийлаштириш ишларидан бошлаган. Бундан ташқари архив муассасасида иш юритиш ва ижро интизоми ишларни олиб борган. Архив ҳужжатларининг мавжудлик ва ҳолатини текшириш, йиғма-жилдларни жамлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш, архив ҳужжатларининг илмий тавсифи каби ишларни бажарган. Кўргазмаларни ва экскурсияларни ўтказишда катнашган. Фонд рўйхатларни такомиллаштирган ва қайта ишлов берган. Шунингдек, архив ишининг энг муҳим масалалари бўйича тадқиқотлар олиб борган. Архив ҳужжатларини каталоглаштирган, алоҳида қимматли ҳужжатларни аниқлаштирган. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун суғурта фондини яратган. Архив иши соҳасида ташкилотлар, муассасалар ва корхоналарнинг фаолиятини мувофиқлаштирилган ҳамда ҳужжатларни расмийлаштириш ишларни ташкил этган. Уларга иш юритишнинг давлат тизимида ривожлантириш ва такомиллаштиришда ташкилий-услубий ёрдам кўрсатган. Жамлаш манбаи ташкилотларининг архив ходимларига ҳужжатлар ва архив иши билан ишлашни ташкил этиш бўйича амалий ёрдам берган. Архив ҳужжатларидан фойдаланишни ташкил этиш бўйича услубий кўрсатмалар берган. Тажрибали, меҳнатсевар, ўз ишини мукаммал биладиган, истиқболли ва жорий архив режаларини ишлаб чиқишга ва уларни амалга оширишда шугуллана бошлаган.
Валентина Ахмедовна бебаҳо тажрибасини сурхондарёлик ёш архивчиларга ўргатган. Хозирги кунда у қарилик гаштини сўрмокда ва архив ходимлари ташриф буюрганда уларга маслахатлар бериб келмокда.
Сурхондарё вилояти Архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан тақдим этилган материаллар асосида тайёрланган.