Биринчи маротаба архив ҳужжатлари махфийликдан чиқарилди

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда рўй берган ўзгаришлар архив ишига сезиларли ўзгаришлар киритди. Архивлар жамиятнинг ошкоралик рамзларидан бирига айланиб, унинг асосий мақсади - ахборотга бўлган эҳтиёжни бажаришдир.

“Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.

Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин”. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 29-модда.

Бундан келиб чиқадики, Конституция махфий маълумотларни ҳимоя қилади ва улар фақат махфийликдан чиқариш жараёни ўтганидан кейингина тарқатилиши мумкин.

Ҳужжатларни маҳфийликдан чиқариш, агар уларда давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар бўлмаса, уларга қўйилган “махфий” тамғасини олиб ташлаш ва улардан фойдаланишга қўйилган чекловларни бекор қилишни англатади.

Архив маълумотларини ошкор қилиш муаммолари энг мураккаб ва мунозарали масалалардан бири ҳисобланади, чунки улар меъёрий ва услубий базанинг мавжудлигини назарда тутади, шунингдек архивистлардан ташаббускорлик, касбий маҳорат ва интеллектуал қобилиятларни намойиш этишни талаб қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги ПФ-5834-сон Фармонига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда давлат архивларида сақланаётган тарихий давр (1917 йилгача) архив ҳужжатларини ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқариш бўйича чораларини кўриш белгилаб берилган. Шуни асносида Иккинчи жаҳон уруши даврига оид бўлган архив ҳужжатларини махфийликдан чиқариш ташаббуси киритилди.

Ўзбекистон Миллий архиви томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги
ПҚ-4495-сон Қарори ижросини таъминлаш юзасидан бугунги кунгача махфийлик режимида сақланган 1941-1945 йилларга оид архив ҳужжатларини ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқариш ишлари олиб борилди. Жумладан, 264 сақлов бирлигидаги архив ҳужжатлари (600 варақ), 2 дан ортиқ архив фондлари махфийликдан чиқарилди.

Мазкур ҳужжатларда асосан 1941-1945 йилларда уруш  майдонларидаги аҳолини эвакуация қилиш жараёни, ишлаб чиқариш корхоналари, харбий, илмий, маданий муассасалар, болалар уйлари, госпиталлар ва бошқа тоифа ташкилотларни республикамизга кўчириб келтирилиши, ҳалқимизнинг уруш давридаги фронт орти меҳнатлари ва ҳалқимиз томонидан фронтга жўнатилган қурол-аслаҳалар, озиқ-овқатлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа кўплаб шу каби Ўзбекистон ҳалқининг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага қўшган ҳиссаси акс этган материаллар мавжуд.    

Амалиёт шуни кўрсатадики, архивларда ҳужжатларининг ўртача
30-35 фоизи “махфий” деб тушунилади, аммо тамға ҳужжат мазмунига эмас, балки ўша даврдаги партия иш юритиш қоидаларига биноан жойлаштирилган. Шахсий маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатларни ишлатишда муайян қийинчиликлар юзага келади.

Архив ходимлари бир неча маротаба оммавий ахборот воситаларида архивлар томонидан ҳужжатларни махфийликдан чиқариш бўйича олиб борилган ишлар тўғрисида хабар беришган. Тадқиқотчилар, тарихчилар, ўлкашунослар, ўқитувчилар, талабалар, шунингдек манфаатдор муассасалар ва ташкилотлар орасида “махфий” тамғаси босилган ҳужжатларга қизиқиши ниҳоятда катта. Шундай экан, махфийликдан ҳужжатларни чиқарилиши тадқиқотчилар сонининг кўпайишига ёрдам беради. Ўзбекистон, Ўрта Осиё тарихига қизиқиш ортади.

Иккинчи жаҳон урушига оид махфийликдан чиқарилган ҳужжатлардан эса, ҳозирги кунда Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизнинг Олмазор туманида янги бунёд этилаётган “Ғалаба боғи” ҳудудидаги “Шон-шараф” музейи экспонатларини яратилишида  кенг  фойдаланилмоқда. Ғалаба боғи очилганида халқимиз бу ҳужжатлар билан яқинроқ танишиш имкониятига эга бўладилар. 

Бундан ташқари, тадқиқотчилар, талабалар ва бошқа қизиқувчилар учун карантин кунланганидан сўнг, давлат архиви ўқув залида мазкур ҳужжатлар билан танишиш учун барча шарт-шароитлар яратилади.

 “Ўзархив” агентлиги махфийликдан чиқарилган баъзи ҳужжатларни илк маротаба расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги сахифалари орқали кенг оммага тақдим этишни режалаштирган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, илгари тадқиқотчилар фойдалана олмайдиган улкан архив мажмуаларига киришнинг очилиши тарихий манбаларни илмий асослашга имкон яратди ва зарурат туғдирди, уларсиз ХХ асрнинг ички тарихини тушуниш мумкин эмас.

Анваржон Алиев

“Ўзархив” агентлиги Ахборот

 хизмати раҳбари


Manba : Анваржон Алиев “Ўзархив” агентлиги Ахборот хизмати раҳбари