Бўтаев Абдурашид Бўтаевич

Бўтаев Абдурашид Бўтаевич 1955 йил 1 апрелда Яккабоғ туманининг Сандал қишлоғида хизматчи оиласида туғилган. 
      1976 йилда Тошкент Халқ институтини тугатиб Яккабоғ туманида ва вилоятнинг бир неча ташкилотларида ишлаб келган. 1986 йилдан 1993 йилгача архив хизматини ташкил этиш учун “Эпоха” кооперативига бошлиқ вазифасига ишлаб келган. 
      Бўтаев Абдурашид  1993 йил 3 майдан 2016 йил 1 мартга қадар Қашқадарё вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келди. А.Бўтаев ўз ишининг ҳақиқий билимдони, жонкуяри ва фидойиси бўлган, унинг саъйи ҳаракати билан мустақиллик  йилларида вилоятнинг бир нечта: Косон, Чироқчи, Деҳқонобод, Касби ва Миришкор туманларида идоралараро шахсий таркиб ҳужжатлари архивлари ва 3 та туманларда вилоят давлат архивининг Муборак, Яккабоғ, Косон туман давлат архивлари  ташкил этилган.    
      Унинг республика ва вилоят матбуотида архив иши ва иш юритиш архив ҳужжатларининг аҳамиятини тарғиб қилувчи 30 тага яқин мақола ва ва рисолалари эълон қилинган. А.Б.Бўтаевнинг 1995 йилда Иккинчи Жаҳон урушида  қозонилган  Ғалабанинг 50 йиллигига бағишланган “Қашқадарё фронтга” ҳамда вилоятимиздаги архив муассалари фаолиятидан сўзловчи “Архивлар тарих кўзгуси” рисоласи биринчи нашри чорп этилган, у республикада биринчи марта 1997 йилда чоп этилган архив иши соҳасидаги “Архившунослик” ўқув қўлланмасининг ҳам муаллифидир.  
      Қарши шаҳрининг 2700 йиллик юбилейига атаб “Қарши – қадимий шаҳар” ва “Архивлар тарих кўзгуси” рисоласининг иккинчи нашри чоп этилди. А.Бўтаевнинг ташаббуси билан вилоят давлат архиви ва Шахрисабз туман давлат архивида республикада биринчи ва ягона “Архив ҳужжатлари кўргазмалар зали” ташкил этилди, уларнинг фаолияти ҳақида республика ва вилоят оммавий ахборот воситаларида бир неча марта ёритилди. Ўзбекистон Республикаси  Марказий телевиденияси томонидан “Маънавият ва маърифат” теледастурларида “Мозийдан садо” телекўрсатувлари эфирга узатилди.  
      А.Бўтаев 2003 ва 2008 йилларда Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида бўлиб ўтган архившуносларнинг Халқаро илмий-амалий конференциялар иштирокчиси, 2008 йилда Москва шаҳрида Бутунроссия архив иши ва иш юритиш илмий текширув институтида малака оширган.
      А.Бўтаев 2016 йил 1-мартда нафақага чиқиб, 2018  йил 10-феврал куни вафот этган.
      Устознинг охиратлари обод бўлсин!
Қашқадарё вилояти Архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан тқдим этилган материаллар асосида тайёрланди.


Manba : "Ўзархив" агентлиги Ахборот хизмати