Фасхутдинова Зита Ахметовна 1951 йил 28 май куни, Фарғона вилояти Нурсух қишлогида туғилган.
#архив_фаҳрийлари #ветераны_архивов
Фасхутдинова Зита Ахметовна 1951 йил 28 май куни, Фарғона вилояти Нурсух қишлогида туғилган. Отаси - Файзулин Ахмет Давлетович (1924 йилда туғилган ) ҳар хил ташкилотларда ҳисобчи бўлиб ишлаган, пенсияга чиқиб хам, то 1993 йил, ҳаётини сўнгигача Қозон шаҳрининг қурилиш ташкилотларида ҳисобчи бўлиб ўз ишини давом эттирган . Онаси - Мади Могдалина Федоровна (1934 йилда туғилган ), уйда тикувчилик билан шуғулланиб , 2009 йилда ҳаётдан кўз юмган. Зита Ахметовна туғилгандан кейин , ўз ота-онаси билан Украинадаги Закарпат вилоятининг Виноградово шаҳрида истиқомат қилиб, унинг болалиги ва ўсмирлиги ўша жойда ўтган.
1969 йилда турмуш қуриб, 1970 йилда оиласи билан Ленинград шаҳрига кўчиб ўтишган. Ўша ерда 1971 йилдан 1974 йилгача " Харбий фронторти ва транспорт академиясида" қурилиш ва тикловчи машиналар билан фойдаланиш ва таъмирлаш кафедра лаборанти, 1973 йилдан катта лаборант бўлиб ишлаб келган.
Ҳарбий бўлган турмуш ўртоғи – Фасхутдинов Ильяс Мингазовичнинг (1991 - 1998 йилларда Тошкент вилояти архивининг хўжалик гурухида 1-чи, кейинроқ 2-чи тоифали архивчи бўлиб ишлаган) ҳарбий хизмат бўйича , 1974 - 1976 йилларда Сибирнинг Тында қишлоғига (хозирги Тында шаҳри ) кўчиб ўтиб , ўша ерда яшашган. Эрининг ҳарбий хизмати тугагандан кейин улар, турмуш-ўртоғини ватани - Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрига келишган. Худди шу йили, яъни 1976 йилда Фасхутдинова Зита Ахметовна, Тошкент вилояти давлат архивининг Янгийул филиалига инспектор вазифасига ишга қабул қилинган бўлиб, 1978 йилдан архивчи сифатида ишлашни бошлаган.
Архивчи бўлиб ишлаган йилларда унга юклатилган вазифаларни ўз вақтида бажарганлиги, ўзгаларга дўстона муносабатда бўлганлиги билан ажралиб, Оққўрғон, Ғалаба (хозирги Қуйи-Чирчиқ), Чиноз, Янгийўл туманларида жойлашган Идоралараро хўжалик ҳисобидаги шахсий таркиб ҳужжатлари архивларига методик ва амалий ёрдам кўрсатишда фаолликни намоён этиб, ҳурмат қозонган.
Кўпинча, у архив ҳужжатларни ҳисобини юритиш , фондлаштириш ишлари, бир қатор муассасалар тарихини ўрганиш ва бошқа масалалар бўйича, архив фаолиятининг муайян соҳаларида тажриба орттириш учун, Ўзбекистон бош архивига ва Тошкент вилояти архивига хизмат сафарига юборилган.
1982 - 1984 йилларда Москва давлат тарих - архившунослик институтида , сиртқи бўлимида ўқиб, тахсил олган.
1989 йил август ойидан бошлаб Тошкент вилояти давлат архивининг Янгийўл филиалига директор лавозимига тайинланган. Бевосита унинг раҳбарлиги ва иштирокида , айни шу йилларда , архив ишини ривожлантириш, архивнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, меҳнат самарадорлигини ошириш каби йўналишларда, ижобий ўзгаришлар юз беради.
Архив соҳасига энди ишга келганида, архив иккита ҳужжатхонадан иборат бўлиб , кичкина бинода жойлашган эди ва баъзи ҳужжатлар Янгийўл шаҳар халқ депутатлари ижроия қўмитаси биносининг ертўласида, ҳужжатларнинг қолган қисми эса шаҳарнинг бошқа ҳудудида жойлашган турар-жой биносининг ертўласида жойлашган эди . 1986 йилда архив директори бўлиб ишлаган Мухитдинов Юсуп Умаровичнинг бошчилигида архивга мослаштирилган хозирги биносига, 9-сон кечки мактабнинг эски биносига кўчиб ўтди. Архив ҳужжатларини кўчиб ўтиш жараёнида, Зита Ахметовна маъсул архив ходими сифатида фондларнинг бутлиги ва сақланишини таьминлашда фаол иштирок этган.
1989 йилда Фасхутдинова Зита Ахметовна раҳбар бўлганидан сўнг, унинг бошчилигида архив мунтазам равишда тўлдирилишда давом этади ва 1992 йилга келиб, бино тўлиқлигича архивга ўтказилиб берилади. Бўшатилган хоналар - ходимлар ишлаш хоналари ва ҳужжатхоналарга мослаштирилди. Зита Ахметовнанинг раҳбарлик даврида архивга, давлат сақловига 14500 дан ортиқ сақлов бирлиги қабул қилиниб, улар 40 та архив фондини ташкил этган . Архив материалларини тулиқ сақловини таъминлаш мақсадида барча хужжатхоналар металл жавонлар билан қайта жихозланган , ёпиқ типдаги ёритиш асбоблари билан таъминланган. Янгийул давлат архиви ходимлари бугунги кунда ҳам , у билан биргаликдаги ҳамкорлик даврида орттирилган тажриба ва билимларидан фойдаланиб келмокдалар. 2008 йил 19 январда Фасхутдинова Зита Ахметовна вафотигача , ҳаётини сўнгигача, ўз кучини йўқотмасдан ишлашни давом эттирди ва айникса севимли иши билан астойдил , жон жаҳди билан шуғулланган эди, ҳар бир қўл остидаги ходимига доим эътиборли бўлиб, ўз ёрдамини аямаган , шу сифатлари билан ўз хақида яхши хотиралар қолдирган.
Охирати обод бўлсин!
Тошкент вилояти Архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан тақдим этилган материаллар асосида тайёрланган.