Жанггоҳларда юрагининг ярми қолган моможоним.
Хотира майдонларида қўйилган мотамсаро она хайкалига нигоҳим тушганда беихтиёр ўзимнинг бувим эсимга тушади. Бу хикоям жигаргўшаларини Ватан урушига кузатиб қолиб бир умр кўзлари тўрт бўлиб йўл қараган минглаб онаизорларнинг бири муштипар бувижоним Тожигул момо хақида.
Бувимнинг тақдири жуда ҳам оғир кечган. Тақдир уларга болалигиданоқ кулиб боқмаган экан. Онасидан гўдаклик пайтида етим қолиб, ўгай она ситамларига чидаб, ўгай опа-сингиллари хизматини қилиб ўтаётган болалиги совет даврининг дастлабки йилларига тўғри келган. Қорақалпоқ элининг Чимбой туманидан ўгай онаси бир қоп ғалла эвазига Хоразмга нотаниш кишиларга бериб юборади. Ўзидан катта икки ўгай опалари қолиб синглисининг ёт элларга кетаётганини кўриб, уни химоя қилолмаган яккаю-ягона жигарбанди акаси Ойберган хам аравага изма-из йўлга тушади. Пойи-пиёда юпун кийимда аравага эргашиб Хоразмга келиб, синглиси келган хонадонда хизмат қилиб бўлса хам унинг ёнида бўлиш унинг жигарбандига бўлган беқиёс мехри ва акалик бурчининг амри эди.
Йиллар ўтиб бувимиз турмуш ўртоғи Жумабой отамиз билан тўрт нафар фарзандлик бўлишган. Кунларнинг бирида ўзи туғилиб ўсган, болалиги ўтган Чимбой юртини, у ерда ўгайлари ёнида қолган отасини жуда соғинганини айтиб уйидагилардан юртига бориб келишни сўрайди ва йўлга чиқишади.
Ўгай қизини бир қоп ғалла эвазига бегона юртларга бериб юбориб, ўз қизларининг жонини сақлаб бағрида олиб қолган ўгай онасини ҳам тақдир сийламади. Иккала фарзанди хам ўша пайтда кўпчиликнинг ёстиғини қуритган вабо касаллигига чалиниб бирин кетин бандаликни бажо келтиришди.
Турмуш ўртоғи ва болалари билан соғ-саломат кириб келган бувимни кўрган ўгай она уввос солиб “Кафан кийган келмас экан, капалак кийган бир кун келаркан, буни ўрнига ўз қизларимни бериб юборсам тирик қолишар экан” деб айтим айтиб йиғлайверади. Соғинч тўла қалби мехрга талпиниб, неча йилларда ота даргохига энди келган бувижоним қалби тилка-пора бўлса хам чурқ этмай онани юпатиб, кўнгиллик бериб, ичида бу юртларга энди қадам босмасликка ахд қилади ва умрининг охирги кунларигача шу ахдидан қайтмади.
Коллективлаштириш йилларидаги очарчилик, оғир меҳнат, сиёсий ўзгаришлар туфайли қўрқинчли ва мураккаб ҳаёт. Вабо касаллиги энди у яшаётган элатга хам етиб келди ва бирин- кетин турмуш ўртоғи ва жигаргўшаси мехрибон акасини бирин кетин ерга қўйди. Касал юқишидан қўрқиб уйидан тўрт фарзандини олиб хамма нарсаларини қолдириб чиқиб кетади ва кимларнингдир эски ташландиқ кулбасида яшай бошлайди. Минг машақат билан ёлғизликда фарзандларини вояга етказади.
Катта ўғли Сафарбой энди ёнига кириб, қўлидан оғир ишларини олиб, ёруғ кунларга умид уйғонган пайтида машъум уруш хабари келади. Кўпчилик қатори кўз ёшларини ичига ютиб, яхши ниятлар қилиб бир жуфт нонни тишлатиб “ризқинг шу ерлардан узилмасин ўғлим” деб жигарбандини фронтга кузатди. “Онажон мен албатта қайтаман. Келиб тўйлар қиламиз, ўзим сингилларимни тўй қилиб узатаман, укамни уйлантираман. Ёлғизлигингизни билдирмайман.” дея Сафарбой онани юпатиб тишланган нонларни онасига узатди. Ўша тишланган нонлар деворга осилган гилам устида эгасини кутганча тураверди. Онанинг кўзлари ўғлининг йўлини қараб чарчамади. Уруш тугади. Насибаси узилмаганлар бирин кетин қайтишди. Сафарбойдан дарак бўлмади. Онани умид тарк этмади. Кўз ёшларга эрк бермади. “Худонинг қахри келади йиғламайман, Биркуни ўғлим эшик қоқиб кириб келади. Ўзи айтгандек тўйлар қиламиз.” Дея зимдан бўй етган қизларни кузатиб келин ахтарди. Хаёлида ўғлини куёв сарполарда тасоввур қилди. Минг афсуски умидлар сароб бўлди. Йиллар кетидан йиллар ўтди. Нон эгасини кута-кута қотиб , хар кўрганда онанинг юрагини минг бор тиғлаб тураверди.
Бувим хеч йиғламасдилар. Четдан қараган киши ғамлари босилиб тақдирга тан берган деб ўйларди. “Худонинг хохиши шу экан йиғласам қахри келади қолган фарзандларим соғ бўлишсин” деганларида юраги минг пора бўлаётганини хеч ҳам сездирмасдилар. Аммо маъсум ва муштипар бувижонимни тақдирнинг навбатдаги синовлари кутиб турган эди. Қизларини узатиб, кичик ўғлини уйлантирди. “Неваралар уйимни тўлдирса Сафаржонимнинг ўрнини босар” умид қилди онаизор. Аммо неваралар туғилмади. Энди Сафарбой ўғли учун куйган юраги қолган ёлғиз ўғли Худайберганнинг бефарзандлиги учун қон бўлди. “Ноумид шайтон бир куни фарзанд бериб қолар, шукур қилишим керак.” - уларнинг ақидаси шу эди. Худайберган тоғамга худо фарзанд бермади. Ўзи хам айни қирчиллама ёшига етган пайтида номаълум касаллик сабабли аста секин оёқлари жонсизланиб охирида бутунлай юраолмай қолдилар. Мен ва синглим тоғамни қараш учун бувимникида бўлардик. Кечалари бувимнинг овозсиз йиғлаётганлини билардим. Пичирлаб худога нола қилиб Сафарбой тоғамнинг ҳам исмларини айтиб, дуолар қилиб тонг оттирардилар. Мурғак қалбим билан бувижонимнинг қалб жарохатларини чуқур ҳис қилардим. Дардларига дармон бўлишни жуда истардим. Аммо дард кучли келди. Тоғам қирқ уч ёшида вафот этди. Аза очган бувижоним энди икки ўғлининг исмларини айтиб йиғладилар. Йиллар оша қалбини тошдай босиб ётган фарзанд доғи фарёд бўлиб отилиб чиқарди. Сабр тоқат, матонат билан енгиб келган қалб дардлари энди ўзига бўйсунмай кўз ёшларга айланиб, оху-нола бўлиб қуйиларди. Орадан кўп ўтмай инсон кўринишидаги фариштам-бувижоним бу дунёни тарк этдилар.
Бола бўлсамда бу кўрганларим мурғак юрагимда жарохатли излар қолдирди. Хотира майдонига борсам Тоғам Жумабоев Сафарбой, амакиларим Эшаматов Ражаббой, Эшаматов Рахматжонларнинг исм фамилияларини ўқир эканман, атрофдагилардан хижолат бўлиб қанчалик ўзимни тутишга харакат қилсамда кўз ёшларим ўзимга бўйсунмайди. Мотамсаро она хайкалини кўрар эканман, бир умр юрагида тоғдай золворли дардни кўтариб, жилмайибгина яшаган мунисим, муштипарим моможоним Тожигул момо кўз ўнгимда гавдаланаверади.
Юртимизда яна қанча оналар умр йўлдошларини, фарзандларини урушга жўнатиб, уларни кутиб ўтдилар. Фронт орқасида мардонавор меҳнат қилдилар. Оилада хам, жамиятда ҳам эркакларнинг ўрнини босиб ишладилар. Уруш даври аёллари-нозик елкаларига фарзандларига қўшиб эл юкини ортган хақиқий қахромонлар эдилар.
Уларни қалбимиз тўрида эъзозлайлик азиз замондош!
Янгибозор туман давлат архиви директори Эшаматова Раъно Юлдашовна.