Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазири ўринбосари жаноб Ко Кю Чанг бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи
Ўзбекистон Республикси ва Корея Республикаси ўртасида электрон ҳукумат ва давлат архиви соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2022 йил 14-17 февраль кунлари Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазири ўринбосари жаноб Ко Кю Чанг бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи давом этмоқда.
Мазкур ташриф доирасида бугун, 16 февраль куни Тошкент шаҳридаги Инха университетида Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги директори У.Юсупов таклифига биноан Корея Миллий архиви директори катта ўринбосари Ли Гем Ма хоним иштирокида “Архив тизимини рақамлаштириш босқичлари” мавзусида семинар ўтказилди. Хорижий томонга Корея Ресбуликасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонаси вакиллари ҳамроҳлик қилишди.
Семинарда “Ўзархив” агентлиги ҳамда тизимдаги миллий архивлар, архив иши ҳудудий бошқармалари ва давлат архивлари раҳбар-мутахассислари, шунингдек, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб семинарни “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон ва Корея республикалари ўртасидаги ҳамкорликни янадла кучайтиришда архив ҳужжатларини ўрганишнинг аҳамиятлари, ҳар икки давлат архивлари самарали мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришлари давлат архивларимизда рақамлаштириш ишларини жадаллаштиришдаги аҳамияти тўғрисида таъқидлади. Агентлик директор ўринбосари Хусан Исаев “Ўзбекистонда архив тизимини рақамлаштириш” мавзусида қисқача тақдимот қилиб, унда соҳага оид статистик маълумотлар, халқаро ва маҳаллий ташкилотлар ўрнатилган ҳамкорлик муносабатлари, амалиётга жорий этилган ахборот тизимлари ва интеграция масалалари, электрон шаклда тақдим этилаётган хизматлар, архив иши соҳасини рақамлаштириш ҳолати ва унинг натижадорлиги юзасидан ахборот берди.
Семинар давомида кореялик эксперт, Корея Миллий архиви директори катта ўринбосари Ли Гем Ма хоним “Кореяда рақамли ёзувларни бошқариш” мавзусида қизиқарли тақдимот ўтказиб, унда Корея Миллий архивининг ҳозирги ҳолати, рақамли ёзувларнинг тавсифлари, уларни бошқариш жараёнлари, рақамли ҳужжатларни сақлаш ва келгуси йилларга мўлжалланган режалар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Семинар якунида иштирокчилар томонидан ўзларини қизиқтирган мавзулари бўйича кўплаб саволлар берилди ҳамда тегишли равишда экспертлардан жавоблар олинди.