“Миллий архив фондининг нодавлат сигментини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги матбуот анжумани

Мавзу: “Миллий архив фондининг нодавлат сигментини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги матбуот анжумани

Ўтказиш вақти: 2016 йил 14 июнь, соат 11:00да

Ўтказилиш жойи: Ўзбекистон Миллий матбуот маркази, Тошкент шаҳар, Навоий кўчаси, 16-уй

Тадбир ташкилотчиси: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги

2016 йилнинг 14 июнида Ўзбекистон миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг ягона режаси”га асосан “Ўзархив” агентлиги томонидан “Миллий архив фондининг нодавлат сигментини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги бугуннинг устувор масаласига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисмини бойитиб бориш, уларни тизимли асосда жамлаш, ҳисобини олиб бориш, сақлаш ҳамда фойдаланишни ташкил этиш ҳамда нодавлат архивларини шакллантириш масалалари муҳокама этилди. Шу билан бирга, республикада давлат архивлари тармоғига кирмайдиган, лекин қонунчиликка мувофиқ тарзда нодавлат архивлари сифатида қайта ташкил этиши лозим бўлган архивлар фаолияти ва ҳозирда мавжуд бўлган муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди.

Рақамларга эътибор қаратилса, бугунги кунда республика бўйича архив муассасаларида жами 37 700 дан ортиқ фонд мавжуд бўлиб, уларнинг таркибидаги ҳужжатларнинг сони 8,6 млн. сақлов бирлигини ташкил этади. Шундан миллий архив фондининг нодавлат қисми 473 500 дан ортиқ сақлов бирлигига тўғри келади. Архив муассаларидаги 5 886 та шахсий фондда 374 907 сақлов бирлигидаги ҳужжатлар мавжуд. Жами асосий рўйхатга киритилган жамлаш манбалари эса 10 754 тадан иборат бўлиб, шундан нодавлат ташкилотларининг улуши 1360 тага тўғри келмоқда.

2010 йил 15 июнда Ўзбекистон Республикаси “Архив иши тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши республика архив муассасалари фаолиятида туб ижобий ўзгаришларга асос бўлди. Қонунда республикада амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг моҳияти инобатга олиниб, Миллий архив фонди тушунчаси ва уни архив ҳужжатлари билан мунтазам равишда жамланиб боришини таъминлаш борасида янги тартиблар киритилди.

Қонуннинг 14-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди давлатга тегишли ва давлатга тегишли бўлмаган қисмлардан ташкил топган бўлиб, унга киритилган архив ҳужжатлари Ўзбекистон халқи маданий меросининг ажралмас қисмидир ва уларнинг сақлов муддати чекланмаган, яъни доимий сақланади. Хусусан, нодавлат корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолияти натижасида яратилган архив ҳужжатлари, шунингдек жисмоний шахсларнинг шахсий архив ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисмини ташкил этади.

Алоҳида кўрсатиб ўтиш жоизки, агар фуқаро томонидан давлат архивига топширилаётган ҳужжатлар тарихий, маънавий, илмий ва маданий аҳамиятга эга бўлса, бу ҳужжатлар шахсий фонд сифатида расмийлаштирилади ва сақлов билан боғлиқ тўлов олинмайди. Алоҳида қимматли ёки ноёб ҳужжат топширилган ҳолларда, аксинча, архив фуқародан давлат томонидан белгиланган нарҳда сотиб олиши ҳам мумкин. Нодавлат архив фондининг ҳужжатлари, шу жумладан жисмоний шахсларнинг хусусий мулки сифатида ўзида сақланаётган архивлар юридик ва жисмоний шахсларнинг фойдаланиши учун фонд эгаларининг розилиги билан берилиши мумкин бўлиб, улар архив ҳужжатларининг асралишини таъминлаш мақсадида улардан фойдаланишни чеклашлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Архив иши бўйича меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори (1999 йил 30 октябрь, 482-сон) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси “Миллий архив фонди тўғрисида Низом”нинг
23-бандига мувофиқ, Нодавлат юридик ва жисмоний шахслар ўз ҳужжатларини давлат мулки қилиб давлат архивлари, музейлар ва кутубхоналарда сақлашга беришлари мумкин. Бундай ишлар битим (шартнома) билан, зарур ҳолларида ҳужжатларни сақлаш ва улардан фойдаланиш шартлари аниқланган ҳолда, расмийлаштирилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори (2012 йил 5 апрель, 101-сон) билан тасдиқланган “Архивларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби тўғрисида Низом”да ҳам нодавлат архивлар фолиятини ташкил этиш бўйича меъёрлар белгиланган. Хусусан, низомнинг 14-бандига кўра, давлат ва нодавлат архивларни ташкил этиш учун моддий-техника база, шу жумладан бино (хоналар), архив ҳужжатларини сақлашни ташкил этиш ва улардан фойдаланиш талабларига мос қўриқлаш воситалари ва ёнғинга қарши воситалар; архив иши бўйича фаолиятни амалга ошириш учун норматив-ҳуқуқий ва услубий базалар; архивлар фаолиятини ташкил этиш бўйича махсус курсларда таҳсил олган архив иши бўйича мутахассисларга эга бўлиш кераклиги белгиланган.

Давлат архивларида шахсий келиб чиқиш ҳужжатлари (шахсий фонд) ҳам жамланиб борилади ва бу ҳужжатлар Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисмини ташкил этади.

Тадбирда “Ўзархив” агентлиги, Ўзбекистон Республикаси марказий давлат архивлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти архив иши ҳудудий бошқармалари раҳбарити ва ходимлари ҳамда Ўзбекистон Миллий университети ўқитувчи ва талабалари иштирок этдилар.

Тадбирни ёритишда яқиндан ёрдам берган оммавий ахборот воситалари вакилларига “Ўзархив” агентлиги томонидан миннатдорлик билдирилади.

 

“Ўзархив” агентлиги Ахборот хизмати
тел.: (+99873) 277-11-68, факс: 277-13-35, www.
 archive.uz