МУРОЖААТ!
Бухоро вилоятидаги давлат бошқаруви органлари ва уларнинг қуйи тизимидаги корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарларига
Бухоро вилоят архив иши ҳудудий бошқармасининг
МУРОЖААТИ
Мустақиллик йилларида бошқа соҳаларда бўлгани каби архив иши соҳасида ҳам норматив-ҳуқуқий база мустаҳкамланди, соҳага оид асосий қонун қайта кўриб чиқилди ва 2010 йилда “Архив иши тўғрисида”ги янги ном билан қабул қилинди. Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан ушбу соҳага оид қатор қарорлар қабул қилинди. Архив иши соҳасида қабул қилинган қонун ҳамда қонун ости ҳужжатлар ижросини ташкил этиш бўйича “Ўзархив” агентлиги томонидан тегишли меъёрий-ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва амалда тадбиқ этилди.
Бироқ қабул қилинган ҳужжатлар ижроси ҳамма вақт ёки ҳар ерда ҳам тўлиқ таъминланмаяпти ёки айрим шахслар томонидан мазкур ҳужжатлар талаблари бузилмоқда десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Жойлардан келган маълумотларга қараганда ўз фаолияти давомида Миллий архив фонди ҳужжатларини шакллантираётган баъзи корхона, муассаса ва ташкилотларнинг архив ҳужжатлари айрим шахслар томонидан амалдаги қонун ва қонун ости ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда бундай ваколатга эга бўлмасада, ҳужжатлар қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш ва натижада ҳужжатларни ноқонуний йўқотиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бунинг натижасида архив муассасалари томонидан Миллий архив фонди ҳужжатларининг давлат ҳисобини юритилишида, ҳужжатлардан давлат, жамият ва фуқароларнинг эҳтиёжлари учун фойдаланилишида турли муаммоларни келтириб чиқармоқда, ҳужжатларни ноқонуний йўқотиш ҳолатлари рўй бермоқда.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Сизлардан ҳар бир корхона, муассаса ва ташкилотларда Миллий архив фонди ҳужжатларини жамлаш, ҳисобини юритиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни тўғри йўлга қўйиш, пировардида архив ҳужжатларини давлат сақловига топшириш, уларнинг ноқонуний йўқотиб юборилишига йўл қўймаслик мақсадида қуйидаги тадбирларни мунтазам равишда амалга ошириб боришингизни сўраймиз:
Жумладан, келгусида архив муассасаларида архив ҳужжатларидан фойдаланиш сифат даражасини яхшилаш мақсадида давлат сақловига қабул қилинадиган архив ҳужжатлари сифатли ва тўлиқ шакллантирилиши учун вилоятдаги давлат бошқаруви органлари улар тизимидаги қуйи корхона, муассаса ва ташкилотлари ўз фаолиятларини ҳужжатлаштиришни Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш юритиш ва ижро назоратини ташкил этиш бўйича норматив ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида”ги 140-сонли қарори талабларига мувофиқлаштириш;
-идоравий архив фаолиятини эса Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрдаги “Архив иши бўйича меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 482-сонли қарори талабларига мувофиқлаштириш;
-вилоятимизда фаолият юритаётган архив муассасаларининг ҳар бири ўзи жойлашган ҳудуддаги корхона, муассасаса ва ташкилотларнинг архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш ишларини амалга оширишини инобатга олиб, архив муассасасининг жамлаш манбаи ҳисобланган ташкилотлар ўзларининг фаолиятлари давомида шаклланган Миллий архив фонди ҳужжатлари ҳажми ва таркиби тўғрисидаги ҳисоботларни белгиланган муддатларда архив муассасаларига тақдим этиб бориши;
-архив ҳужжатларини давлат сақловига топширишга қадар, уларнинг сифатли ҳамда белгиланган тартибда идоравий архивларда жамлаш, ҳисобини юритиш, сақлаш ва фойдаланишни ташкил этиб бориш;
-ҳужжатлар қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказишни фақатгина бундай ваколатга эга бўлган архив ходимлари ёки бошқа мутахассис (Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ тегишли компетентликка эга бўлганлигини тасдиқловчи гувоҳнома асосида)лар томонидан амалга оширилишини таъминлаш;
-ҳужжатлар қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказишни тегишли компетентликка эга бўлмаган шахслар томонидан амалга оширилишига йўл қўймаслик;
-ҳар бир корхона, муассаса ва ташкилот ўзи жойлашган ҳудуддаги тегишли архив муассасаси билан ҳамкорлик қилган ҳолда, ҳужжатларнинг келгусида сифатли ва хавфсиз сақланишини таъминлаш мақсадида ҳужжатларнинг идоравий муддатлари тугагандан сўнг архив муассасаларига топширилишини таъминлаш;
-архив муассасасининг жамлаш манбаи рўйхатига киритилган корхона, муассаса ва ташкилот бошқа ваколатли субъект орқали ҳужжатлар қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказилишида фақатгина тегишли архив муассасасининг розилигини ҳисобга олиш;
-ҳужжатлар қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказишда тузилган архив ҳужжатлари рўйхатлари вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги эксперт-текшириш комиссия (ЭТК)лари баёнлари билан тасдиқланган ёки келишилгандан сўнг ҳужжатларни йўқотишга ажратиш тўғрисидаги далолатнома юридик кучга эга бўлгандагина ҳужжатларни йўқотишни белгиланган тартибда амалга оширилишини таъминлаш;
-идоравий архивларда сақланаётган Миллий архив фонди ҳужжатларининг дахлсизлигини таъминлаш мақсадида уларни қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш ваколатига эга бўлмасада, бундай ишларни амалга оширмоқчи бўлган ҳар қандай субъектлар тўғрисидаги маълумотларни зудлик билан вилоят архив иши ҳудудий бошқармасига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этишларингизни сўраймиз.
Зеро, Миллий архив фонди ҳужжатлари ўтмиш тарих билан бугунги кунни боғловчи кўприк вазифасини бажаради, тарихий хотирасиз эса келажак йўқ. Бугунги кун тарихини ҳам келажак авлодларимизга тўлиқ, сифатли ва холисона етказиб беришда барчамиз бирдек масъул эканлигимизни унутмайлик.
Бухоро вилояти Архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи
Умаров Ғолиб Идиевич