Мурожаатларни кўриб чиқишда масъулиятсиз органлар номи маълум бўлди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ҳамда Халқ қабулхоналари орқали вазирлик ва идораларга 2017 йилда 372,1 минг мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатнинг 1462 таси белгиланган муддати бузилган ҳолда кўриб чиқилган.
Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижалари бўйича ўтказилган мажлисда маълум қилинди.
Энг кўп муддат бузилишлар – Маданият ишлар вазирлигида – 539 та, “Ўзбекэнерго” компаниясида – 338 та, “Ергеодезкадастр” қўмитасида – 183 та, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида – 136 тани ташкил этган.
Маҳаллий ижро ҳокимияти органларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналаридан келиб тушган 30,4 минг мурожаатнинг белгиланган муддатлари бузилган ҳолда кўриб чиқилгани аниқланган.
Муддат бузилиш ҳолатлари Фарғона вилояти ҳокимлигида 9,8 минг Андижон вилояти ҳокимлигида 6,5 мингтани ташкил этади.