НИҒМАТОВ ПЎЛАТ НИҒМАТОВИЧ

 

Архив соҳасидаги фаолият йиллари: 1985-2011 йиллар

    Ниғматов Пўлат Ниғматович 1933 йил 1 августда Тошкент шаҳрида туғилган. 1950 йил ўрта мактабди медаль билан тамомлаган П. Ниғматов, 1950-1955 йиллар Тошкент темир йўллари институтида таҳсил олди. 1986-1991 йиллар давомида Москва давлат тарих-архив институтида ўқиди.

     Пўлат Ниғматович архив соҳасида 26 йил фаолият олиб борди. У соҳадаги фаолияти давомида 1985-2005 йиллар “Ўзбошархив” бошқармаси бошлиғи ҳамда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги Бош директори, 2005-2011 йилларда ЎзР МДА “Махсус фондлар” бўлими мудири лавозимларида самарали меҳнат қилди. 

     Пўлат Ниғматович архив соҳасининг етук мутахассиси бўлиши баробарида меҳрибон устоз ҳам эди. У ўзининг сермазмун умри давомида эл-юртга сидқидилдан хизмат қиладиган юзга яқин шогирдлар тайёрлади. 

      Пўлат Ниғматович ҳалол ва самарали меҳнатлари учун Ҳукуматимизнинг “Меҳнат шуҳрати”

(2003 йил) ва “Ҳурмат белгиси” (1978 йил) орденлари, “Фидокорона меҳнатлари учун” (1970 йил) ҳамда “Меҳнат фахрийси” (1985 йил) медаллари ва бир қатор Фахрий ёрлиқлари билан мукофотланган. 

      Иш фаолияти давомида у бир қанча чет давлатларида, жумладан Америка, Куба, Польша шахарларида хизмат сафарларида бўлиб, тажриба алмашган.

      Пўлат Ниғматович билимлилиги, инсонийлиги ҳамда ўз касбининг устаси сифатида нафақат Ўзбекистон, балки Ўрта Осиё архивчилари орасида ҳам муносиб ўринга эга бўлган инсон эди. У ўзининг куч-ғайрати, билими ва том маънода бутун умрини архив иши соҳасига бахш этди. 

      Охиратлари обод бўлсин!                                                                                                                            


Manba : "Ўзархив" агентлиги Ахборот хизмати