Нурота тумани давлат архиви - Кеча ва бугун.
Нурота тумани давлат архиви 1936 йил 10 сентябрда Нурота тумани ижроия комитетининг 66/9-сон қарорига асосан Нурота тумани ижроия комитети қошида ташкил этилган. 1957 йилда Самарқанд вилояти давлат архиви филиалига айлантирилган.
Нурота тумани давлат архиви 1957-1981 йилларда Самарқанд вилояти, 1982-1988 йилларда Навоий вилояти, 1988-1992 йилларда Самарқанд вилояти давлат архиви филиали сифатида фаолият юритган.
2012 йилдан Навоий вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси тасарруфидаги Нурота тумани давлат архиви сифатида алоҳида юридик ташкилотга айлантирилган.
Нурота тумани давлат архиви Нурота тумани ҳокимининг 2012 йил 12 июндаги Қ-135-сон қарорига асосан ташкил этилган. Нурота тумани давлат архиви ҳозирги кунда Нурота тумани “Турко” маҳалла фуқаролар йиғини, Ш.Рашидов кўчаси 57-уйда ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда.
Нурота тумани давлат архивининг асосий иш тури Миллий Архив Фонди ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш ҳисобланади.
Нурота тумани давлат архиви мустақиллик йилларида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси “Архив иши тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон “Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида фаолиятини ташкил этиб, қуйидаги ютуқларга эришган.
1992 йилнинг 1 январь ҳолатида фондлар сони 113 та, ҳужжатлар сони 26342 сақлов бирлик бўлса, 2020 йилнинг 1 апрель ҳолатига келиб фондлар сони 441 тага, ҳужжатлар сони 44454 сақлов бирликка етказилди, ёки аниқроқ қилиб айтганда идоравий архив ҳужжатларини давлат архиви сақловига қабул қилиш даражаси фондлар бўйича 4 баробарга, ҳужжатлар бўйича 2 баробарга оширилди.
1992 йил 1 январь ҳолатида туман давлат архивида АКТ умуман жорий қилинмаган, биринчи компьютерлар 2004 йилда кириб келган бўлса, ҳозирги кунда 8 та яъни ҳар бир ходимга алоҳида локал тармоққа уланган компьютерлар мавжуд.
Шунингдек мустақиллик даврларида туман давлат архиви сақловидаги шахсий таркиб ҳужжатларининг, ўта қимматли ҳужжатларнинг ва таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг электрон нусхалари яратилди.
Нурота тумани давлат архивининг 2 нафар ходимлари, жумладан архив директори Б. Тожиев 2018 йилда Евро-Осиё минтақавий архивлар кенгашининг Москва шаҳрида бўлиб ўтган XXV-Халқаро илмий-амалий конференциясида, етакчи архивчи А. Бозоров 2019 йилда Хоразмда бўлиб ўтган “CENTRAL ASIA – 2019” Халқаро конференциясида иштирок этишган.
Нурота тумани давлат архивида 2019 йил давомида ҳужжатлар дахлсизлигини таъминлаш мақсадида ишлаб топилган маблағлар ҳисобидан 24,3 млн. сўмлик назорат пункти ва турникет ўрнатилди, 54,7 млн. сўмга архив биносининг фасад қисмлари замонавий кўринишга келтирилди, мавжуд архив ҳужжатларининг электрон нусхасини яратиш мақсадида 10,2 млн. сўмга янги замонавий Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган “СканСнап” русумли сканер аппарати ҳамда бюджет маблағлари ҳисобидан 2,6 млн. сўмлик 1 та замонавий русумдаги компьютер жамланмаси ва 1,6 млн. сўмлик принтер аппарати олиниб, архив моддий-техника базасини мустаҳкамлашга эришилди.
Нурота тумани давлат архиви сақловидаги ҳужжатлар асосида 2019 йил давомида 2820 нафар жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг анкета-сўровномалари асосида 3618 та архив маълумотномалари ва кўчирмалари тайёрлаб берилди. Шунингдек тумандаги 17 та хўжалик юритувчи субъектларга архив ишини ташкил қилиш бўйича 29 та меъёрий ҳужжатлар тайёрлаб берилди.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки Нурота тумани давлат архиви кечаги архив эмас, нафақат моддий техника базаси, балки хизмат кўрсатиш сифати ҳам яхши томонга ўзгарган ва мазкур архив ҳамда унинг ходимлари халқимиз хизматини қилишдан мамнунлар!
Навоий вилояти Архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан тақдим этилган материаллар асосида тайёрланган.