"O'zarxiv" agentligi respublikamiz ayollari, jumladan arxiv idoralari xodimalarini 8 Mart Xotin-qizlar kuni munosabati bilan tabriklaydi!
Аввало, сизларни, сизларнинг тимсолингизда барча онахонларимиз, опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни ана шу байрам билан чин қалбдан муборакбод этиб, ўзимизнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимизни билдирамиз!.
Бу қутлуғ айёмда ҳурматли аёлларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, биринчи навбатда муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламиз.
Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади. Шу боис ҳам дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар аёллар шаънига бағишлангандир.
Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон деб аталган жонажон Ватанимизда ҳар қайси мард йигит аввало меҳрибон онаси, оиласи, фарзандлари бахтли бўлишини албатта истайди, ҳазрат Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, бу йўлда ўзининг бутун борлиғини бағишлашга тайёр туради.
Бугунги байрамни биз – Ўзбекистон ўғлонлари, марди майдонлари аввало, дилимизда, қалбимизда сизларга бўлган меҳр ва муҳаббатимизни яна бир бор изҳор этиш имконини берадиган айём, деб қабул қиламиз.
Азиз опа-сингиллар!
Барчангизни Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин қалбдан табриклаймиз.
Оилангиз, фарзандларингиз, эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинглар!
Барчангизга оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилаймиз.
Доимо халқимиз, Ватанимизнинг юксак меҳри ва ардоғида бўлиш ҳаммангизга насиб этсин!