Қўшработ туман давлат архивини - кеча ва бугун (1995-2020 йиллар)

#бизнинг_архив  #наш_архив  #our_archive

Қўшработ туман давлат архиви 1995 йилда Қўшработ туман ҳокимлигининг 1995 йил 29 апрелдаги №174-Қ-сонли қарорига асосан Самарқанд вилоят давлат архивининг Қўшработ туман филиали сифатида ташкил топган бўлиб, ўз фаолиятини бошлаган.
      2012 йилга келиб, Қўшработ туман ҳокимлигининг 2012 йил 15 июндаги №262-Қ-сонли қарорига асосан Қўшработ туман давлат архивига айлантирилди.
1995 йилда Қўшработ туман Агросуғурта биносининг 2 та иш хонасида ижарада 3 та штат бирлигидаги ходимлар билан иш фаолиятини бошлаган. Қўшработ туманига таалуқли бўлган ташкилотлар, корхоналар ва муассасаларнинг ҳужжатлари Нурота тумани ва Каттақўрғон туманларидан олиб келинган ушбу даврда жами  57 та фондда 8255 сақлов бирлигидаги ҳужжатлар ёғоч жавонларда сақланиб келинган. 1998 йилда Қўшработ туман давлат архиви Қўшработ туман ҳокимлиги биносининг 3-қаватида 69 кв. метр сақлов хонага ва архивчилар учун 1 та хонага келиб жойлашган. 2002 йилда сақловхонада ҳужжатларни жойлаштириш учун 55 фоиз темир жавонларга алмаштирилди ва 2 дона компьютер жамланмаси харид қилинди.
          Ҳозирги кунда Қўшработ туман давлат архиви Ғ.Ғулом кўчаси 3-уйда жойлашган. Эътиборлиси 1995 йилда архивда штат бирлиги 3 та бўлган бўлса, 2020 йилга келиб 9 та штат бирлигига кўпайишига эришилди.
Бугунги кунда Қўшработ туман давлат архивида 1938-2018 йиллардаги даврни ўз ичига олган жами 180 та фонд ва 32000 дан ортиқ ҳужжатлар сақланиб келинмоқда.  Бундан ташқари ҳужжатларни сақлаш учун қўшимча 3 та сақлов хона ажратилиб тўлиқ 100% темир жавонлар билан жихозланди ва қўшимча архивчилар учун 3 та архивчилар хонаси, 1 та фуқароларни қабул қилиш, 1 та ҳужжатларни электрон нусхаларини яратиш хоналари билан таъминланди.
Ҳозирги кунда Қўшработ туман давлат архивида 8 дона компьютер жамланмаси, 1 дона ноутбук, 1 дона замонавий электрон нусха яратиш аппарати,  1 дона рангли принтер, кузатув камераси, ўт ўчириш жиҳозлари ва ходимларнинг иш жойлари тўлиқ замонавий мебель жиҳозлари билан таъминланган.
Қўшработ туман давлат архиви соҳамизнинг энг муҳим шартлари бўлган ҳужжатларни жамлаш, тўплаш уларни сақланишини таъминлаб бориш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш борасида ишларни юқори савияда амалга ошириш учун барча шарт шароитлар яратилган, умумий қилиб айтганда архивимиз бугунги кунда инновацион шарт-шароитлар ва етарлича моддий техника базасига эга архив ҳисобланади.
  Юридик ва жисмоний шахсларга қулайлик яратиш ва сарсонгарчиликларни олдини олиш мақсадида шахсий таркиб ҳужжатларининг электрон базасини яратиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ҳужжатларни яхши сақлаш, уларнинг сифатини йўқотмаслигини таъминлаш мақсадида хоналарга кондиционер ҳамда кузатув камералари ўрнатилган.
  Архив ҳужжатлари тарихимиз кўзгуси экан, аввало уларнинг мукаммал тарзда тайёрлаб, топшириш ўта мухим аҳамиятга эга эканлигини уқтирмоғимиз, уларни асраб-авайлашимиз, келажак авлодга етказишимиз зарур.
Самарқанд вилояти Архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан тақдим этилган материаллар асосида тайёрланган.


Manba : "Ўзархив" агентлиги Ахборот хизмати