Раҳим Авазмуродов Шуҳрат орденлари Кавалери
1924 йил Хоразм вилояти Шовот тумани Бўйрачи қишлоғида оддий ишчилар оиласида ўғил фарзанд дунёга келди, унга раҳмдил, меҳрибон ва марҳаматли бўлсин дея Раҳим дея исм қўйишди. Аммо ҳаётидаги туб ўзгаришлар ва 2-жаҳон уруши дея тарихда ном қолдирган ўша машъум фронт унинг душманга нисбатан шафқатсиз жанглар қилишга мажбур қилди.
7 синфлик ўрта мактабни тугатган Раҳим Авазмуродов ота касбини эгаллаш ва оила тебратишга кўмаклашиш мақсадида шу колхозда ишлади.
1942 йил. У эндигина ўн саккиз ёшга кирган, ҳаётдан кўп нарса кутган эди. Бирон институтда ўқишни давом эттириш ё бўлмаса ўз жонажон колхозида ота касби – пахтачиликда ишлашни қумсар эди.
Раҳим комсомол билети олиш учун район марказига йўл олди. Комсомол комитетида унга билетни топширарканлар:
- Ватанга, ҳалқингга садоқат билан хизмат қил, - дейишди.
Бу сўзлар унинг қалбида алланечук ҳаяжон уйғотди. Ўзидан уч-тўрт ёш катта дўстлари фронтга жўнагани, уларни қандай қилиб кузатиб қолгани кўз олдига келди. “Мен ҳам фронтга жўнайман, десамми” – ўз-ўзига савол берди у. Раҳимнинг кўнглида кучли эҳтирос пайдо бўлди. У комсомол комитетидагиларга кўндаланг шундай деди:
- Мен ҳам фронтга бораман !
Бўйрачи қишлоғидаги тенгқурларидан бир тўдаси Раҳимнинг уйига келишди. Улар Шовот канали этагидаги салқин супада анча гурунглашиб ўтирдилар. Гоҳ сукунат, гоҳ тантанавор муҳит ҳукм сурарди. Уларнинг дўсти Ватанга хизмат қилгани кетяпти. Раҳим нон ва кийимлари солинган халтачани орқасига отиб йўлга чиқаётганда дўстлари унга сихат-саломатлик тилаб, “хайр!” деб қолишди.
Раҳим қишлоқ йўлидан тез одим ташлаб бораркан, катта йўлга чиққач таққа тўхтади, орқасига қайрилиб қаради. Қандайдир ички ҳаяжон уни шундай қилишга мажбур этганди. У узоқдан кузатиб турган туғишганлари ва дўстларига ўнг қўлини силкитиб хайрлашди-да аравага миниб, районга – ҳарбий комиссарликнинг йиғилиш пунктига жўнади.
Шовот тумани ҳарбий комитети томонидан армияга чақирилгач, кичик командир-пулемётчик мактабини муваффақиятли тугатди. 1943 йилдан Армияда 77-гвардия жангчилар дивизиясининг 215-гвардия милтиқ полкининг пулемёт бўлими командири сифатида Берлингача бўлган жангларда қатнашди.
Сталинград жанглари ғалаба билан адоғига етди. Лекин, мамлакатнинг катта қисми ҳали немис-фашист босқинчилари исканжасида тўлғаниб ётар эди.
Олий Бош қўмондон ва Сталинград фронтининг командири Г.К.Жуковга немислар энди жон – жаҳдлари билан Москва томон юриш бошлаши аниқ эди. Ҳарбий кучлар ана шу йўналишлар томон олға силжий бошлади. Раҳим Авазмуродов хизмат қилаётган ўқчи полк жангчилари Киев шаҳри яқинида мудофаада турибдилар. Эртами – индин икки қарама – қарши кучнинг бир – бирига ҳамла қилиши равшан.
Қўққисдан ҳужумга команда берилди. Тинч оқар Днепр дарёси бир зумда қайиқлар, сол ва тахта ўтгичлар билан қопланди.
Душман ҳам ҳудди шу пайтни кутаётган эди. Қўшинлар устига ажал ўқлари ёмғирдай ёғилди. Дарёнинг музли сувида нариги қирғоқ сари пулемёти билан ўтаётган Раҳимнинг ҳам энди орқага қайтишдан ўзга чораси қолмаган эди. У қайрилиб орқасига боқар экан, ўз қуролдош дўстларининг дарё тубига бор қурол аслаҳаси, ўқ дориси билан чўкиб кетганини кўриб ачинди. Ўша куни бағри кенг Днепр дарёсидан сув эмас, аскарларимизнинг иссиқ қонлари оқиб турди.
Қайта ҳужум муқаррар эди. Бу дам ҳам етиб келди. Раҳим ҳам пулемётини ёғочлардан ясалган қайиқ устига қўйиб душман эгаллаб олган қирғоқ сари сузиб кетди. Дарёда жангчилар барча ўт очиш қуролларидан мерганларча фойдаланаётгани учун душман ўз инидан бош кўтара олмай қолди.
Днепрнинг нариги соҳилида “ура” садолари янграши билан “Максим” ҳам тилга кирди. Лекин душман мерганининг ўқи уни вақтинча сафдан четлаб қўйди. Сурункасига тўрт ой даволаниб қайтганда шавкатли қўшинларимиз Белоруссия ҳудудларида омонсиз жанглар олиб борар эдилар.
Бўйрачи қишлоғининг Алпомиш йигити Раҳим Авазмуродов елкасида “Максим” пулемёти билан топталган белорус қишлоғи, хўрланган ва ҳақоратланган деҳқонлар, аёлларнинг аҳволини кўриб, ҳали душманни оз ер тишлатаётганига афсусланди. Бармоқлари бирлашиб муштга айланди, юраги ҳапқирди.
Минск остоналарида улар қоронғуда душман мудофаа тутиб ётган жойга шу даража яқин бориб қолибдилар – ки, сал овоз бўлса душман уларни дарҳол сезиб қолиши мумкин. Ҳайрият – ки, шамолли тун. Бундай пайтда жангларда юрагининг ўти олинган фрицларнинг бир – бирларининг қўйни – қўнжига тиқилиб яшашдан ўзга чоралари қолмайди, - Шунисига ҳам шукур, - деди Раҳим ўзича. Тун кетидан кун албатта келади.
Ғир атроф тиниқ – равшан кўзга ташланган пайтда жангчилар улар устига бараварига гранаталар ирғитдилар. Салдан кейин пулемёт, автоматлар тилга кирди, элликка яқин фрицнинг мурдаси майдонда чўзилиб қолди. Пулемётчилар уларга бепарво ҳамон олға ташланар эдилар.
Взвод командири душман ўқидан ажал топди. Ротанинг бошқа взводлари улардан анча нарида жанг қиляптилар. Ёш автоматчилар эсанкираб қолдилар. Раҳим Авазмуродовнинг дадил овози янгради: - Ватан учун, белорус биродарлар учун олға!. Ўзи пистирмадан чиқиб душман қочаётган томон шердай ташланди. Шу жангда улар душманни 35 чақирим улоқтириб ташладилар.
- Раҳим Авазмуродов биз сенинг бу жасоратингни полк командирларига маълум қиламиз. Оғир дақиқаларда взводни душман устига бошладинг!.
Бу рота командири Василий Степанович Ивановнинг овози эди.
Урушнинг охири кўриниб қолган бўлса ҳам фрицлар орқага чекинишни сира – сира истамайдилар. Уларнинг тишини автомат қўндоғи билан қоқибгина ишғол қилган позициясидан чекинтириш мумкин. Чунки ўзга элга уруш бошлаб борган газанда ўз элида меҳр – оқибат қозона олмаслигини улар яхши билар эди.
- Шунинг учун ҳам халқимиз олдининг бердиси бор деб беҳуда айтмас экан. Бундан уч йил аввал Белоруссия қишлоқларидан лабида гармон чалиб ўтган урушвозлар энди думларини хода қилиб қочмасдан иложлари йўқ, - ҳаёлларига якун ясади Раҳим.
У хизмат қилаётган Иккинчи Украина фронти жангчиларининг номи эса юртдан - юртга, жангдан – жангга улуғланиб борарди. Негаки, жангчилар ҳар – бир озод этилган қишлоқ, шаҳарни дил тўридан севар, аҳолисига ўз оға – иниларидай ҳамдард эдилар.
1945 йилнинг зафарли баҳори ҳам яқин эди. Польша ҳалқининг елкасини озодлик шабадаси силаб ўтадиган пайтга ниҳоят оз вақт қолган эди. Люблин, Варшава озод этилди. Дарёнинг нари ёғидан очофат босқинчи немиснинг заводлари кўриниб турибди деса ҳам бўлади. Қаричма – қарич бўлиб ўтаётган шиддатли жанглар эса ашаддий тус олган. Русларнинг фақат қурол кучи эмас, уларнинг сўнмас иродалари, хазон этилган гўшалари учун қасос олиш, душманни ўз уясида янчиб ташлаш истаги зафарлардан зафарларга даъват этади. Кунлару тунлар тўпларнинг садоси, жангчиларнинг ура қичқириқлари тинмайди.
У учинчи даража Шуҳрат орденини 1945 йил февралида Висла дарёсини кечиб ўтиш вақтидаги операцияларда зўр маҳорат кўрсатгани учун олди. Жанглар бевосита гитлерчи босқинчиларнинг ўз тупроғида – Германияда бораётган эди. Мана шу вақтда Раҳим Одер дарёсининг чап қирғоғида жангчиларимизнинг олға ҳаракат қилиб боришига ҳалақит бериб турган немис фельдфебели ва яна бир снайперни аниқ мўлжалга олиб отиб ўлдирди. Бунинг учун у иккинчи даража Шуҳрат ордени билан мукофотланди.
Оғир жанглар ҳали олдинда экан. Душман бутун куч – қувватини йиғиб ўз масканини инсон ўтмас қўрғон қилиб олмоқчи. – Кеч бўлмадимикан. Бировнинг устига қурол кўтарганнинг ўзи шу қуролдан ажал топажак.
Уруш ниҳояси ҳақида кўп ўйлар экан, Раҳим ҳар сафар ана шу якун билан ўз хаёлларини охирлар эди.
Сўнгги жанг ҳам муқаррар эди. Москва остоналаридан халоскорона юришни бошлаган қўшинларимиз энди Одер дарёси соҳилларига етиб борган эдилар. Раҳим ҳамон ўша Иккинчи Украина фронти ғолиб жангчилари сафида ўзининг “Максим” пулемёти билан бирга эди.
Душман қўққисдан ҳужумга ташланди. Окопларда мудофаада турган йигитларнинг каскаларига тупроқ қуюлди. Замину замон бир бўлиб кетди. Артиллерия ўқлари довули етмагандай самода калхат “юнкерс”лар пайдо бўлди. Снаряд ўқлари тушган жойдаги расчетдан ном – нишон қолмади. Раҳим тишларини – тишларига қўйганча окопда ерга қапишиб ётар эди. Нега – ки, артиллерия тўзони, калхатлар ҳужумга ўтадилар. Унга шу керак ўзи.
Кутилган дақиқалар келди. Ким кимни енгади, яна тўғрироғи ким – кимни ўлдиради? Ана шу савол энди кўндаланг. Пулемётчи Раҳим учун бу биринчи олишув эмас. Сталинград остоналаридан душман тупроғига етганча у оз азиятлар чекдими? Озмунча қуролдош дўстларидан жудо бўлдими ?.
Душман пиёдаларининг қулоққа ёқмас, нотаниш саслари яқингинадан эшитила бошлади. Пулемётчи йигит зудлик билан уст бошидаги тупроқларни қоқиб ташлаб, тайёр турган пулемётнинг қўндоғини бағрига босди. Олчоқ душман устига ажал ўқлари қуйилди. Аммо, улар ҳам бўш келмас эдилар. Пулемётнинг қай нуқтадан олаётганини аниқлай олмай анча овора бўлдилар. Раҳим эса энди уларни яккама – якка “чўплаш”га ўтган эди. Нариги окопдаги жангчилар ҳам қуролларнинг қудратини душманга кўз – кўз қилишаётган эди.
Душман мудофаа чизиғига 10 – 15 метр қолганда яна орқага чекинишга мажбур бўлди. Уларнинг бир қисми эса “Гитлер капут”, “Гитлер капут” деганча қўл кўтариб келар эдилар.
- Хотинмижоз шу аҳволингда ўзга юртда сенларга пишириб қўйганмиди – деди Раҳим улардан бирининг қамишдай қалтираб туришига қараб.
Рота командири жангчиларга “олға” командасини берган эди. Раҳим Авазмуродов ҳам пулемётини қўлида тайёр ушлаганча қисқа очередлар билан олдинга югуриб кетди.
Олға интилиб у узоқ боролмади. Оёғидан қаттиқ яраланган экан. Кўзини очиб қараса тепасида жанговор дўстлари эмас, оқ халатдаги кишилар турар эдилар.
Муолажа қилиниб, хавф даф этилган эди. – Тинч ётиб дам олинг. Ярангиз унчалар оғир эмас. Аммо, беҳуда ҳаракат қилишни қатъиян манъ этаман !.
Оқ халатдаги ўша одам эрталаб яна келди. Раҳимнинг ҳол – аҳволини сўрагач, жанг лавҳаларини гапириб берди.
- Сафдошларингизнинг айтишига қараганда якка ўзингиз душманнинг тўрт аскари билан жанг қилибсиз. Пулемётнинг ўқи йигирмага яқин гитлерчини ер тишлатибди. Душман билан шердай олишган сиздай мардларга хизмат қилишдан мамнунмиз.
1945 йил апрел ойида Франкфурт-на-Одер шаҳрини босиб олиш ва Берлин штурми пайтида ҳарбий ҳаракатлардаги жасурлиги ва жасорати учун олтиндан ишланган, энг юқори биринчи даража Шуҳрат ордени билан мукофотланди.
Раҳим Авазмуродов даволаниб госпиталдан чиққанда қизил аскарларнинг олд қисми Берлин деворларини нишонга олар эди. Пулемёт билан у яна олға интилди. Жанг майдонларида ажойиб қаҳрамонлик, мардлик кўрсатди. Бу қаҳрамонлик эвазига 1945 йил 31 майда Шуҳрат ордени билан тақдирланиб, кўкрагига солдат жасоратининг бутун улуғворлигини ўзида мужассамлантирган учта орденни тақиб қайтди. Суронли жангларнинг ўчмас хотираси сифатида унинг кўксида “Жасурлиги учун”, “Жанговар хизматлари учун”, жанговар “Шуҳрат” орденининг бутун шодаси ярқираб турар эди.
Раҳим Авазмуродов – гитлерчи босқинчиларга қарши курашда кўрсатган қаҳрамонлиги учун Совет Иттифоқида ана шу юксак мукофот билан тақдирланган оз сонли солдат ва кичик командирлардан бири.
У беш йил деганда қийин, даҳшатли, шу билан бирга совет жангчиси учун фахрли бўлган фронт йўлларини босиб ўтгач, ўз қишлоғига қайтиб келди.
Қуролдош дустлари Раҳимга тегишганлари тегишган.
- Раҳим, сен армонда қолдинг. Уруш яна атиги икки – уч ой чўзилганда, балки уйингга Олтин Юлдуз тақиб қаҳрамон бўлиб қайтармидинг... Бундай пайтларда пулемётчи ғазабини тия олмас эди: - Мен Олтин Юлдуз учун эмас, Ватанимнинг озодлиги учун жанг қилдим !
Урушдан сўнг Раҳим Авазмуродовга Москвада ўқиш ва кейинчалик масъул лавозимларда ишлаш бўйича таклифлар билан чиқишди, Пойтахт ва бошқа шаҳарларда ўтказиладиган катта тадбирларда, шунингдек вилоятдаги йиғилиш ва тадбирларда иштирок қилиб, ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлаётган бир пайтда, юқори лавозимларда ишлаш имконияти бўлишига қарамасдан ўз ота касбининг давомчиси бўлди, ўзи туғилиб ўсган колхозда тракторчилик қилиш ва шу орқали Ватанига содиқ хизмат қилишни ўзига шарафли вазифа деб билди. Умрининг охиригача оддий ҳаёт кечириб ўтди. Янгибозор тумани давлат архиви сақловидаги Шовот тумани олдинги Чкалов колхозининг ҳужжатлари кўрилганда Раҳим Авазмуродовнинг исм ва фамилияси саноқлигина учраганлиги ҳам, унинг масъул лавозимларда ишламаганлигини тасдиқлайди.
Урушдан қолган асорат яъни танасидаги 72 та осколка унинг соғлиғига салбий таъсир қилиб келди ва охири Раҳимнинг инфаркт миокард касалига чалинишига сабабчи бўлди. Ўз халқининг содиқ ҳимоячиси Раҳим Авазмуродов 1983 йил 16 декабрда, 59 ёшида оламдан ўтди.
Раҳим Авазмуродовнинг ортида икки ўғил Жумавой ака ва Бахтиёр ака, учта қиз Марям опа, Дилбар опа ва Бозоргул опалар қолдилар. Жумавой ака олдин Украинада олий таълим муассасасида ўқиди, кейинчалик ўқишини Хоразмга кўчириб қишлоқдаги мактабда ўқитувчилик қилди, Дилбар опа ҳам ўрта билим юртини тугатиб мактабда ўқитувчилик қилди, Марям опа тикувчилик фабрикасида ишлади, Бозоргул опа тикувчилик ҳунарини эгаллади.
Раҳим Авазмуродовнинг номи изсиз йўқ бўлиб кетмади, қишлоқда, туманда ва вилоятда унинг қаҳрамонлиги билан фахрланишади, фарзандлари ва уларнинг оиласи доимо эъзозда. Вилоят ва тумандаги турли ташкилотлардан келиб китоб нашр қилиш, музей ташкил қилиш ва бошқа маданий тадбирлар учун Раҳим Авазмуродовнинг фарзандлари билан ҳамкорлик қилиб туришади.
9-май Хотира ва қадрлаш куни арафасида Хоразм вилояти давлат архиви директори Икрам Худайбергенов Раҳим Авазмуродовнинг ўғли Авазметов Жумабой Раҳимович билан учрашиб, архив сақловидаги отасига тегишли маълумотлар ва ҳужжатлардан нусҳалар тақдим қилди, шунингдек Раҳим Авазмуродовга оид маълумотлардан вилоят давлат архивида шахсий келиб чиқиш фонди учун Жумабой Авазметовдан ҳужжатлар олинди, вилоят давлат архивида Авазметов Жумабой Раҳимович билан бўлиб ўтган мулоқот видеотасвирга олиниб шахсий фондга киритилди.
“Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам у қудратлидир. Тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир.”
Ш.Мирзиёев
Хоразм вилояти давлат архиви сақловидаги Розбек Каримов шахсий фонди, архив сақловидаги газета нашрлар, архив кутубхона фондидаги Нурмат Ражабов муаллифлигидаги "Шовотликлар фарёди ва жасорати" китобидан ҳамда Р.Авазмуродовнинг ўғли Авазметов Жумабой Раҳимович билан суҳбатда ёзиб олинган маълумотлардан фойдаланилди.
Хоразм вилояти
давлат архиви директори: И.Худайбергенов