Раиса Инсебовна Ли
#архив_фахрийлари #ветераны_архивов #хотира #память
Раиса Инсебовна Ли
UZ: Раиса Инсебовна Ли 1942 йил 21 декабрда Қозоғистон ССРнинг Қизил Ўрда шаҳрида хизматчилар оиласида дунёга келди. 1970-76 йилларда Москва давлат тарих-архившунослик институтининг архив иши ва иш юритиш факультетида таҳсил олган.
1983-85 йилларда Ўзбекистон ССР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бош архив бошқармасининг ташкилий-методик бўлимида инструктор лавозимида иш фаолиятини бошлаган. 1985-2001 йилларда Ўзбекистон Республикаси Кино, сурат ва овозли ҳужжатлар Марказий давлат архивида директор, 2001-2011 йилларда мазкур архивда фондларнинг бош сақловчиси лавозимида ишлади.
Она тили корейс бўлишига қарамасдан рус тилида мукаммал сўзлаша олар, инглиз ва ўзбек тилларини луғат билан таржима қила олар эди.
Ўзбекистон Республикаси Кино, сурат ва овозли ҳужжатлар Марказий давлат архивида раҳбарлик қилган даврларда архив ишини тўғри йўлга қўйиш, унинг моддий-техника базасини ривожлантириш, архив ҳужжатларини сақланишини таъминлашда, шунингдек улардан ҳар тарафлама фойдаланишни ташкил этишда ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган.
Ўзбекистон Республикаси идоравий архивларда кино, сурат, овозли ва видео-овозли ёзувлар билан ишлашнинг Асосий Қоидаларини ва “Йўлкўрсатгич”ни ишлаб чиқишда масъул ижрочи вазифасини ўтаган.
Меҳнатга бўлган ҳалол муносабати, интизоми барчага ўрнак бўлди ва ўз ишининг устаси сифатида обрў қозонди. Фаолияти давомида ўз ишига жиддий ёндошиб, ёшларга қунт билан иш ўргатиб, ўзининг қатор шогирдларини етиштирди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бош архив бошқармаси Ҳайъати ва Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмат ходимлари касаба уюшмаси Марказий Қўмитаси Раёсати томонидан Ўзбекистон Республикаси Кино, сурат ва овозли ҳужжатлар Марказий давлат архивида кўп йиллик самарали меҳнати ва жамоат ишларида фаол иштироки учун “Меҳнат фахрийси” медали ва бир қатор фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.
Ҳақиқий, чин маънодаги комил инсон Раиса Инсебовна ЛИ 2013 йил 30 март куни вафот этган. Душанба, 1 апрель куни кўмиш маросими бўлиб ўтган.
Ўзини, ҳаётини архивга бағишлаган бу инсон умри давомида ўзидан фақат яхши ном қолдирди. Юксак маданият ва нозик дид соҳиби, ўз ўрнида енгил юмор эгаси бўлган Раиса опа ходимпарвар раҳбар сифатида доимо архивчилар ёдида қолади!