ШЕРОБОД ТУМАН ДАВЛАТ АРХИВИ-КЕЧА ВА БУГУН

#менинг_архивим #мой_архив #my_archive #IAW2020 #архивлар_куни #день_архивов
       ШЕРОБОД ТУМАН ДАВЛАТ АРХИВИ-КЕЧА ВА БУГУН
     Сурхондарё область давлат архивининг 1962 йил 3 июлдаги № 5-сонли буйруғига асосан Шеробод районлараро Давлат архиви ташкил этилди.
     Дастлаб Шеробод районлараро давлат архиви Ангор, Бойсун, Шеробод ҳамда Термиз туманларидаги ташкилотлар, корхоналар ва муассасаларга архив хизмати кўрсата бошлади.
Вилоят давлат архивининг юқоридаги буйруғига асосан Ангорлик уруш иштирокчиси Темир Қурбонов Шеробод районлараро давлат архиви бошлиғи этиб тайинланди. У киши бир муддат архив бошлиғи сифатида фаолият юритди. Лекин урушнинг асоратлари Темир Қурбоновнинг меҳнат қобилиятига салбий таъсир қилди. Натижада у киши ўз аризасига кўра ишдан бўшади.
      1963 йил 15 февралдан ўша пайтда шу архивда инспектор бўлиб ишлаб келган Олимхон Тожихонов архив бошлиғи вазифасига тайинланди. Ишнинг кўзини яхши биладиган,  меҳнатсевар ёш кадрнинг саъй-ҳаракатлари туфайли архив ишлари жонлантириб юборилди. Ўша пайтда архивда 1931-1960 йиллар мобайнида юритилган 3754 сақлов бирлигидан иборат 73 та фонд  ҳужжатлари мавжуд эди.
       Архив ишларида тажрибаси бўлган Олимхон Тожихонов районлар, қишлоқлар ва ташкилотларга тинимсиз қатнаб, ҳужжатларни архивга топширишнинг аҳамияти ҳақида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борди.                
       Натижада корхоналар, ташкилотлар ва ўқув муассасаларида архив ҳужжатларига бўлган эътибор кучайди. Олимхон Тожихонов 11 йиллик иш фаолияти давомида туманда архив иши ва иш юритиш ҳолатлари ҳамда ҳужжатларни сақлаш ишларига, архив ишини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди. 
       1974 йил март ойидан бошлаб районлараро давлат архивига Ғулом Қурбонов раҳбар этиб тайинланди. У кишининг иш фаолияти даврида қўшимча архив хоналари ташкил этиш, техник жиҳозлар билан жиҳозлаш, ёғоч жавонларни темир жавонларга алмаштириш ишлари бажарилди. Идоравий архивларга паспорт тузиш, кузатув жилдлари ташкил этилди. 
Олимхон Тожихонов ва Ғулом Қурбонов каби ажойиб инсонлар устоз сифатида ҳам, ўзларининг архив ишидаги заҳматкаш меҳнатлари билан ҳам орамизда ўчмас из қолдирди.
      1987 йилдан буён архив директори вазифасида Иброхим Олимович Тожихонов ишлаб келмоқда. И.О.Тожихоновнинг ташаббускорлиги ҳамда изланувчанлиги туфайли туманда бир неча маротаба вилоят архив тизими ташкилотларининг кўргазмали семинар-йиғилишлари бўлиб ўтди, унинг ташаббуси билан архив бинолари, ҳужжатхоналари янгича замонавий жиҳоз ва қурилмалар билан тўлдирилди янги конструкция бўйича металл жавонлар ўрнатилди.
     И. Тожихоновнинг самарали иши республикамиз архив соҳаси раҳбарияти томонидан ўрганилиб, 2001 йилда республикада ўтказилган кўрик танловда III-ўрин ва қимматбаҳо совғалар билан ҳамда  2009 йил ўтказилган кўрик танловнинг  “Энг намунали архив муассасаси” номинацияси бўйича II-ўринни эгаллаб “Ўзархив” агентлигининг II-даражали дипломи билан тақдирланди.
      Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли кўрсатмаси ҳамда “Ўзархив” агентлигининг саъйи ҳаракатлари билан вилоятда биринчи маротаба Шеробод туман  давлат архиви учун махсус бино қурилиши белгиланди. 
       2017 йил  Шеробод туманида илк бор уч қаватли замонавий архив биноси қуриб фойдаланишга топширилди. 200 минг сақлов бирлигига мўлжалланган замонавий архив биносини қурилиши  учун 2 млрд 200 млн сўм маблағ  сарфланди.
      Бинонинг 1 қаватида архивчилар учун хоналар,  ўқувхона,  ҳужжатларга ишлов бериш хоналари мавжуд.  Бинонинг иккинчи ва учинчи қаватида 2 та ҳужжатлар сақловхонаси жойлашган.  Барча хоналар замонавий техника воситалари  билан  замон талаблари  асосида жиҳозланган. Ходимларнинг иши унумли ва сифатли  бўлиши учун барча зарур  шарт-шароитлар яратилган. Шеробод туман давлат архиви биноси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 26 августдаги 194-сон қарори билан талабларига тўлиқ жавоб беради.

Рақамларга эътибор қаратилса, бугунги кунда Шеробод туман давлат архивида 60 минг  225  сақлов бирлигидаги Миллий архив фонди ҳужжатлари, Шундан 584 сақлов бирлигидаги шахсий келиб чиқиш фондлари, 5548 сақлов бирлигидаги сурат ҳужжатлар сақланмоқда.
     Хулоса қилиб айтганда мазкур архив ва унинг ходимлари жисмоний ва юридик шахсларга муносиб хизматга кўрсатиш, аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш учун меҳнат қилишдан бахтиёр!
Сурхондарё вилояти Архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан тақдим этилган материаллар асосида тайёрланди.


Manba : "Ўзархив" агентлиги Ахборот хизмати