Тинч замона сабабчилари.
Башарият ўз тарихи давомида кўплаб фалокат ва уруш даврларини бошдан кечирди. Улар ичида эса, 50 миллиондан ортиқ кишининг ёстиғини қуритган, минг-минглаб болаларни ота-онасиз қолдирган, ота-оналарни эса фарзанд доғидек мудхиш дардга мубтало қилган, ХХ аср фожиаси бўлмиш иккинчи жаҳон уруши, инсоният бошига ҳақиқий кулфат келтирди.
Олти йил давом этган бу уруш ер сайёрасининг 80 % га яқин аҳолиси жойлашган ҳудудни, 60 дан ортиқ мамлакатни ўз ичига қамраб олди. Қанчадан-қанча тинч ва бегуноҳ инсонлар қурбон бўлди, эндигина тараққий этиб келаётган дунё фан, маданият, иқтисодиёти ҳамда бошқа соҳалар таназзулга юз тутди. Ўша йилларда дунё том маънода ўсишдан тўхтаб қолди.
Энг ачинарлиси эса, ушбу мудхиш урушни бошлаган давлатларгина эмас, балки бутун сайёра ахолиси уруш домига тортилди. Урушни олиш учун олиб борилган ҳаракат ва намойишлар фойда бермади. Бу урушга мажбуран тортилган Совет иттифоқи халқлари – мустамлака асоратида бўлган барча республикалар, шу жумладан, Ўзбекистон халқлари учун оғир синовлар вақти ва уларнинг фашизм балосига қарши фидокорона кураши бошланди.
Архив ҳужжатларининг далолат беришича, урушнинг дастлабки кунларида Ўзбекистон Республикасининг шаҳар ва туман ҳарбий комиссарликларига 14 мингдан ортиқ ариза келиб тушган. Бундан кўриниб турибдики, ўз юртига садоқат, ватанпарварлик ҳисси ҳар бир юртдошларимизнинг уруш майдонларига қадам қўйишларига сабаб бўлгандир.
Республиканинг турли ҳудудларидан фронтолди ҳамда фронторти чизиқларида ҳизмат қилиш учун кўплаб ватандошларимиз отланишди. Юртда қолган қариялар, аёллар ва болалар эса, ватандан туриб нафақат ватандошлар, балки бутун совет иттифоқи тарафида туриб жанг қилаётган уруш қатнашчилари учун ҳам жонларини бериб ҳизмат қилишган.
Фарғона вилоят давлат архивида сақланаётган “Фарғона вилоят ҳарбий комиссарияти” (Фонд-66, рўйхат-1, йиғмажилд-822)га тегишли Уруш қатнашчиси Сайфи Узоқовнинг “Хотиралар тўплами” китобида вилоятдан урушга сафарбар қилинган ҳамда фронтолди чизиқларида мардоновор хизмат қилган бир қатор ватанпарвар фуқаролар ҳақида ўз хотиралари билан бўлишган. Жумладан, ўз хотираларида “...тиш-тирноғи билан қуролланган немис фашистлари ўз атрофларига зўр куч тўплаб совет тупроғига ҳужум қилди. Дастлаб, совет Украинаси билан Россиямизга ваҳшиёна қадам қўйган фашист босқинчилари юртни таладилар, қишлоқларга ўт қўйиб хаммаёқни хонавайрон қилдилар. Обод ва гўзал шаҳарларимизни ер билан яксон қилиб харобазорларга айлантирдилар. Гуноҳсиз ота-оналарни дорларга осиб, кўкракларига ҳанжар тақадилар. Айбсиз болаларни машиналар тагида бостириб, жаллодликнинг энг разил йўлларини қўллаб Россиямиз тупроғига ифлос қадамларини ташлаб ватанимизнинг юраги бўлган - Москва - Ленинград шаҳарларига ҳамла қилмоқда эдилар. Оғаларимиз улуғ рус уқраин ва белорус халқини бошига тушиб турган ана шу оғир кунларни кўриб турган ўзбек халқи ўз оғаларига қўлларидан келган ёрдам қўлларини чўзмоқда эдилар. Кўчирилиб келинган завод-фабрикаларни ўрнатиш, бошпанохсиз бўлиб келган қариндошларга бошпана топиб бериб ўз уйларидан жой бериб, еб турган нонларини баҳам кўришдан ташқари, энг яхши йигитларини Совет Армияси сафига бориб улуғ ватанимизни ҳимоя қилишга узлуксиз юбориб турдилар...”
Вазият оғирлашиб боргани сари ватанимиздаги турли компартиялар ўз ташаббуслари билан уруш жангоҳларига одам юбориш ишларини бошлаб юборган эдилар. Бу ҳақида Сайфи Узоқов “...бу аҳвол Ўзбекистон партия хукумати ва ўзбек халқи олдида улуғ Ватанни химоя килиб қолиш учун яна ҳам янги тадбирий чораларни кўришга даъват этар эди.
1941 йил декабрь ойи. Хамма ёшу-қари дехқонлар, инженер-олимни фикри ҳаёли бирга бир точкага қаратилган, немис босқинчиларидан Ватанни ҳимоя қилиб қолиш, уларни ўз юртига улоқтириб тешлашдан иборат эди. Ана шу пайтда Ўзбекистон марказий партия Комитети ва Ўзбекистон министрлар Советининг Фарғонада алоҳида ўзбек бригадасини тузиб жангга тайёрлаб юбориш хақида қарори чиқди. Бу қарор СССР ҳукумати томонидан маъқулланди. “Фарғона-94” алоҳида отувчилари бригадаси ташкил қилиш учун ўрта Осиё харбий оқруги буйруғи чиқарилди.
Бу ташкил қилинадиган бригадага энг ишда чаққон ватанпарвар партия комсомол совет профсоюз актив азаматларидан чақирилди. Партия ва Хукуматимизнинг бу хақдаги чақириғи халқимиз номидан жони-дил билан қўллаб қувватланилди.
10-12 кун ичида Фарғона деҳқонлари, ишчи ва интелигентлари мингдан ошиқ коммунист ва комсомоллари уюшқоқлик ҳолда келиб “94”ни ўзбек бригадасининг составини тўлғаздилар.
Фарғона партия активининг кўпчилик қисми шу янги ташкил топган ўзбек жангчилар бригадасига ҳизмат учун келдилар.
5 мингга яқин солдат, сержант ва офицерларни ўз ичига олган “94”чи алоҳида ўқчилар бригадасига гражданлар урушининг қатнашувчиси, фин урушида иштирок этган ҳар томондан етук командир полковник ўртоқ Красновни бригадага командир қилиб юборилди.
Фарғона область партия комитетининг биринчи секретари ўртоқ Рахмон Қурбонов эса бригадани комиссари қилиб Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг секретари ўртоқ Абдулла Муродхўжаев начальник политотдел қилиб тайинланилди. Шунингдек, 200 дан ортиқ Фарғона областидаги партия, совет активлари область партия комитетининг бюро қарори билан ўзбек бригадаси рота ботальони ва взвод командирлари ва сиёсий раҳбарлик ишларига юборилди. Масалан, область партия комитетининг орготдел бўлим мудирининг ўринбосари Юнус Нишонов политотделга инструктор, Фарғона район партия комитетининг бўлим мудири Сайфи Узоқов 1-батальоннинг 2-ротасига политрук, Фарғона область Ижроия комитетининг ответ секретари ўртоқ А.Хайитов I-ботальон ротасига политрук, Тошлоқ район партия комитетининг бўлим мудири ўртоқ Харин Эрматов 2-ботальон ротасига политрук бўлиб бордилар...” деб хотирлайди ўз тўпламларида.
Шунингдек, С.Узоқов ўз хотиралар тўпламида Мўйдинжон Хасанов, Мамадали Топволдиев, Давлат Тошпўлатов, Назиржон Юлдашев, Сотволди Эркаев, Хасанбой Асқаров, Абдулла Назиров, Розиқжон Хайдаров каби ватандошларни кўрсатган хизматлари, жанггоҳлардаги қахрамонликларини алоҳида таъкидлаб ўтган.
Юқоридагилар ичида Мамадали Топволдиев ҳамда Мўйдинжон Хасанов номларини бугунги кунда ҳам улуғ ҳурмат-эҳтиром билан ёдга олинади. Мамадали Топволдиев ўзи ҳизмат қилган ҳудудда немис-фашистлар қуршовига тушиб қолган аҳоли орасида тарғибот ишларини олиб борган бўлса, Мўйдинжон Хасанов Европанинг Польша, Чехословакия, Руминия сингари давлатларини озод қилишда жонбозлик кўрсатиб, шухрат қозонган ҳамда Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилган. Мустақиллик йилларида эса уларнинг уруш жанггоҳларида кўрсатган қахрамонликлари муносиб хотирланиб, Мамадали Топволдиев ва Мўйдинжон Хасановларга мос равишда Риштон ҳамда Қува шаҳарларидаги марказий кўчаларга номлари берилган.
Улуғ Ватан урушида юқорида санаб ўтилган уруш фахрийларидан ташқари яна минглаб қаҳрамонларни эътироф этиш мумкин. Ушбу тинч ва осуда замонларга етиб келишимизда уларнинг ҳам ҳиссалари беқиёсдир. Зеро, келажак авлод улар кўрсатган жасорат ва қахрамонликларини асло унутмайди.
Анваржон Алиев
“Ўзархив” агентлиги Ахборот
хизмати раҳбари