Уруш йилларида халқимиз эпидемияларга ҳам қарши курашган

Иккинчи жаҳон уруши халқлар тарихида ўчмас, асоратли из қолдирди. Совуқ уруш чангалидан юртимиз ҳам четда қолмади. Миллионлаб ўзбек йигитлари, бўз ўғлонлар жанг майдонларида жон олиб, жон берди, неча юз минглаб хонадонлар ҳувиллаб қолди.

 

Мана шу даврларда уруш ҳаракатлари давом этаётган чизиқлардан кўплаб аҳоли, болалар уйлари, заводлар, госпиталлар Ўзбекистон ҳудудига эвакуация қилинди. Улар ичида нафақат уруш қатнашчилари соғлиги учун зарур бўлган тиббиёт воситалари, балки собиқ иттифоқ республикалари фуқаролари учун дори-дармон ишлаб чиқариш, беморларни даволаш учун қулай шароитларга эга бўлган, шунингдек, ҳудуддаги тиббиётга дахлдор шароитларни яхшилаш учун шифохоналар қурилди.

 

Архив – тарих кўзгуси демакдир. Уларда сақланаётган шонли ўтмишимизни ўрганар эканмиз, унда кўплаб тарихий маълумотларга эга бўламиз. Ундаги ҳужжатларга кўра, уруш йилларида Ўзбекистонда 39140 ўринга эга бўлган 113 та госпиталда ярадор ва бемор жангчиларга тиббий хизмат кўрсатилди. Шундан, 15900 ўринга эга бўлган 48 госпитал уруш худудларидан кўчириб келтирилган. Ўзбек халқининг 1513 меҳнат жамоалари, жумладан, 750 корхона, колхоз ва совхозлар госпиталларни оталиққа олиб, уларни ёқилғи, озиқ-овқат ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаб турди.

 

Бу даврларда госпиталларда 164 минг 382 ярадор ва беморлар жойлаштирилган бўлиб, уларнинг 87 фоизи, яъни 143 минг 101 киши даволаниб фронтга қайтди. 18 минг 482 нафар ўзбекистонлик донорлар уруш ярадорларни оёққа турғизиш учун қон берди. Жангда ярадорлар бўлганларни тезда қайта оёққа турғазиб, фронтга юбориш ҳар доимгиданда муҳим, бунинг учун эса албатта малакали шифокор ва ҳамшираларга зарурият ошиб борар эди. Ушбу мақсадда жанговор ҳаракатлар содир бўлиш эҳтимоли юқори бўлган Собиқ Иттифоқ республикаларининг бир қанча ўқув юртлари Ўзбекистон ҳудудига кўчириб келтирилди. Жумладан, Фарғона архивида сақланаётган 1124-фондга тегишли “Меҳнаткашлар депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши Ижроия қўмитаси”нинг 1941 йил 12 декабрдаги “Фарғона шаҳрида Москва IV-Тиббиёт институтини жойлаштириш тўғрисида"ги 965-сонли қарорида келтирилишича, СССР халқ Комиссарлари эвакуация Кенгашининг 1941 йил 21 ва 29 ноябрь кунидаги қарорига мувофиқ, 1942 йил Фарғона шаҳрига Москва IV-Тиббиёт институти ва унинг 44 нафар профессор-ўқитувчилари ҳамда 500 нафар катта курс талабалари кўчириб келтирилди, Фарғона шаҳар Марғилон кўчасида жойлашган ҳали қурилиши тугалланмаган шаҳар санитар-эпидемиология станциясининг биноси институтга топширилди. Шунингдек, ўқув курслари ташкил этилиб, 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган аёллар малака оширишлари белгиланди. Ҳамширалик курсларида назарий машғулотларни ўтиш учун тегишли бино ва жиҳозлар билан таъминланган.

 

Вилоят, шаҳар ва туман соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамширалик курсларини малакали ўқитувчи тиббиёт ходимлари билан таъминлаб, клиник амалиёт учун шифохоналарга бириктирилган. Улар эса жанггоҳларда қон кечаётган, Ватан тинчлиги йўлида жон бераётган мард ва жасур ўғлонларни даволаниши ҳамда оёққа туришида муҳим аҳамият касб этар эди.

 

Фарғона шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси фондида сақланаётган Фарғона шаҳридаги 1-шаҳар касалхонасининг 1941-1945 йиллардаги 5 йиллик ҳисоботида қайд этилишича, 1942-йилда эвакуация қилинганларнинг катта оқими туфайли барча юқумли касалликлар даволанадиган (болалар томчилатувчи инфекциялари бундан мустасно) 3-сон юқумли касалликлар шифохонаси очилган. Шунингдек, ҳисоботда таъкидланишича бу даврда содир бўлган кўплаб ўлимлар сони 1941 эвакуация даври ва 1942-1943 йиллардаги моддий оғир йилларга тўғри келганлиги, урушнинг барча йиллари шифохона юмшоқ ва қаттиқ инвентаризация билан тўлдирилмаганлиги, умуман олганда, шифохоналарда яратилган шароитлар ҳаминқадар бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Шунга қарамай 1942 йилда 1-шаҳар касалхонаси физиотерапия варентген хонаси билан жиҳозланди, 5 йил давомида 2157 киши рентген хонасидан ўтказилди.

 

Архив ҳужжатларидан маълумки, Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, фронт чизиқларидан юртимизга 200 мингдан ортиқ болалар эвакуация қилинган. Уларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини назорат қилиш, шунингдек, республикадаги бошқа болаларни соғлиги, улар учун хизмат кўрсатувчи касалхоналар ҳақида ҳам бир қатор маълумотлар мавжуд.

 

Фарғона архиви сақловидаги “Фарғона шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси” фондида болалар поликлиникаси тўғрисида ва Фарғона шаҳар болалар поликлиникасининг 1941-1945 йиллар давридаги тахминий қисқача маълумотлар келтириб ўтилган. Ўша даврларда ҳамма соҳада катта тақчилликлар юзага келганлиги сабабли болалар поликлиникаси участкаларга бўлинган ҳолда иш олиб борган, участкага 35 та кўчалар, 1197 та уй, 6 та мактаб, 3 та боғча ва 3 та болалар уйи киритилган эди. 1942 йилнинг октябрь ойида жами участкада 10174 та болалар мавжуд бўлиб, 1941 йилдан 1945 йилгача 4-14 ёшдаги болаларга хизмат кўрсатилган бўлса, 1945 йилдан 3-18 ёшгача бўлган болалар ҳам киритилган.

Бундан ташқари, шифокор ва ҳамширалар малакаларини мунтазам равишда ошириб борилишига ҳам эътибор берилган. IV-Москва тиббиёт институти Фарғонада бўлган вақтида 2 нафар педиатрия профессорлари тизимли равишда шифокорлар учун қайта малака ошириш курсларига йўналтириш, ўрта тиббиёт ходимлари учун семинарлар ташкил этиб боришган. Бу давр мобайнида кўплаб эвакуация қилинган болалар клиникаси тўлиқ мутахассисларга эга бўлиб, болаларга ўз вақтида ва юқори малакали ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлинди. Барча эпидемияга қарши чора-тадбирларни (профилактик эмлаш, изоляция, санитария) амалга ошириш натижасида уюшган ва уюшмаган аҳоли ўртасида болалар касалланиши, яъни тепкили терлама, ич терлама, иситма, ичкетди, бўғма, юқумли кўз ва тери каби болалар касалликлари камайтирилди. 

 

Беш йил давомида Фарғона шаҳрининг санитария-эпидемиологик ҳолати, шафқатсиз уруш туфайли жуда оғир бўлди, душманлар босиб олган ва таҳдид жойлардан оммавий эвакуация қилинган аҳоли сони икки баробарга ортганлиги сабабли, озиқ-овқат ва яшаш жойлар билан таъминлаш муаммолари пайдо бўлди. 1941 йилнинг декабрида эвакуация қилинган одамларнинг оммавий келиши муносабати билан республикада, хусусан, Фарғона вилоятида ҳам ичтерлама, қизамиқ, дизентерия касалликлари пайдо бўлган. Бу даврга қадар маҳаллий аҳоли ушбу касалликлар билан касал бўлмаган эди. Кўп ҳафталик сафар давомида етарлича санитария ишлов берилмаган эвакуация қилинганларни ўсиб бораётган тўлқини ва уларнинг жойлаштирилиши сабаб 1942 йилда вилоятда ичтерлама касаллиги билан боғлиқ 1165 ҳолат қайд этилди ва касалликни тарқалиш кўрсаткичларини кескин ошишига олиб келди.

 

Худди шунингдек, қизамиқ касаллиги эпидемияси 1941 йил энг юқорига кўтарилган йил бўлди. Йил давомида 1842 ҳолат рўйхатга олинган, кейинги уч йил давомида касалликлар сони барқарор тушиб кетди, 1942 йилда -533 ҳолатга қадар, 1943 йилда – 62 та, 1944 йилда - 22 тагача бўлган бўлса, 1945 йилга келиб бу рақамлар камайган. Унга қарши кураш икки йўналишда: ўчоқларни изоляциялаш ва ҳимоя эмлаш ишларини амалга ошириш орқали олиб борилган.

 

1941 йилда маиший турмуш шароити оғирлиги сабабли вилоятда дезинтерия эпидемияси юзага келди. Касалликка чалинганлар сони шу йили 1474 тани ташкил этган бўлса, 1942 йилда 2 минг 91 тага кўпайди. 1942 йил охиридан бошлаб ич терлама касаллигига қарши олиб борилган чора-тадбирлар дизентерия касалликларига ҳам таъсир кўрсатди: 1943 йилда 709 та, 1944 йилда 412 та, 1946 йилда 184 та, 1946 йилнинг 1-чорагида эса атиги 6 та ҳолат маълум бўлган.

 

Бундан ташқари, уруш давридаги барча қийинчиликлар, айниқса, иқтисодиётни урушга сафарбар этилиши бундай вазиятга тайёр эмаслиги сабабли, вилоятни қийин аҳволга солиб қўйди. Эвакуация қилувчиларни қабул қилиш, уларни санитария ишлов бериш ва уларни жойлаштириш учун жойлар тайёр эмас эди. Ҳаммом, душлар ва дезинфекциялаш ишларини олиб бориш, совун ва ёқилғиларни етказиб беришда узилишлар мавжуд эди, тегишли малакага эга тиббий ходимлар етарли эмас эди. Оқибатда 1942-1943 йилларда республикада безгак касаллиги билан касалланиш авж олди. Соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик станцияларига иложи борича тезроқ уни бартараф этиш учун барча чораларни кўриш топширилди.

 

Фарғона вилоятида тиббиёт мутахассислари учун профессорлар иштирокида семинарлар, санитарияга оид маърифатпарварлик тушунтириш ишлари ўтказилди, профилактик эмлашлар, безгак учун текширувлар тизимли равишда олиб борилди. Натижада, 1941 йилда 6 минг 778, 1942 йилда 11 минг 481, 1943 йилда 4 минг 145, 1945 йилда 4 минг 200 нафар болалар учун профилактик эмлаш ишлари амалга оширилди.

 

Уруш йилларида юқумли ва бошқа касалликлар тарқалишини олдини олиш мақсадида ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Ишчи депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши Ижроия қўмитаси (ф.1124, р.7, ҳ.109, в.89, 1943 й)нинг 1943 йил 30 июндаги "Витамин препаратларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга кўра, Москва тиббиёт институти профессорлари томонидан минтақадаги кўплаб ўсимликлардан фойдаланиш имконияти ва техник-иқтисодий асослари, шунингдек, пиво завод чиқиндилари бўйича тадқиқот ўтказилди. Жуда муҳим (а, б, в витаминлари) витамин препаратларини ишлаб чиқариш учун Фарғона пиво заводига завод томонидан ишлаб чиқарилган суюқ ачитқилар ёрдамида қуруқ ачитқилар ишлаб чиқаришни ташкил этиш топширилди.

 

Уруш поёнига етаётган бир паллада Фарғона вилоятида ҳам тиббиёт ходимлари сони камайиб борди. Ватан уруши йиллари тиббиёт ва ўрта тиббиёт ходимларига эҳтиёж сезилганлиги, бу эҳтиёж фронт орти чизиғидан эвакуация қилинган мутахассислар ҳисобига бўлган эди. Аммо, 1945 йилдан бошлаб, барча ўсиб бораётган эҳтиёжларга қарамасдан, тиббий ходимлари сони кескин камайди ва 1946 йилга келиб, 1943 йилга солиштирилганда шифокорлар сони тенг ярмига камайиб кетди. Шунингдек, вилоятда 1946 йилда кўчириб келинган ёки қурилган умумий ва махсус шифохоналар сони 1941 йилга нисбатан 7 тага кўпайиб, 34 тани ташкил этди.

 

Уруш якунланди ва тарих зарварақларига жойланди. Халқимиз барча синовларни мардонавор енгиб ўтди. Булар тўғрисида келажакка етарли маълумотлар қолдириш эса, архивчиларнинг нафақат касбий вазифалари, балки бурчлари ҳамдир.

 

Юсуфжон Камолов,

Фарғона вилоят архив иши

ҳудудий бошқармаси бошлиғи


Manba : "Ўзархив" агентлиги Ахборот хизмати