«Ўзархив» агентлиги халқаро алоқалари тарихига бир назар
9 июнь – Халқаро архивлар кунига
Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги халқаро ҳамкорликни кучайтириш, хорижий мамлакатлар архив хизматлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга эътибор қаратмоқда.
Архивлар фаолиятини такомиллаштиришда халқаро интеграция муҳим аҳамият касб этади ва бу Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатига бевосита мувофиқдир. Хусусан, илмий-маданий соҳада халқаро алоқаларнинг ўрнатилиши, шу жумладан МДҲ мамлакатлари ва хорижий давлатлар билан архив ишини йўлга қўйиш ва ривожлантириш, унинг асосий таркибий қисми ҳисобланади.
Мустақил Ўзбекистон архив хизматининг илк хорижий алоқаларидан бири, унинг 1994 йил декабрь ойида «Ўзбошархив» раҳбари П.Н.Нигматов ва 16 та давлат вакиллари билан биргаликда, ЮНEСКО томонидан Малайзияда ташкил этилган Осиё - Тинч океани минтақаси архив хизмати раҳбарларининг ўн кунлик учрашувига чақирилишидир. Учрашув якунидан сўнг, архив раҳбари «Дунё хотираси» дастури бўйича Юнесконинг Осиё - Тинч океани минтақаси экспертларининг йиғилишида иштирок этиб, унда архивларнинг ҳолати, уларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётдаги ўрни тўғрисида маълумотлар муҳокама этилди. Ўшандан буён «Ўзархив» раҳбарлари бундай тадбирларнинг ажралмас иштирокчиларидан бўлиб келишмоқда.
Ўзбекистон архивлари интеграциясининг кейинги босқичи, Халқаро архивлар кенгашининг (ХАК) «А» тоифасига «Ўзархив» агентлигининг киритилганлигидир. Ушбу воқеа 2009 йил май ойида бўлиб ўтди. Шундай қилиб, кўплаб МДХ мамлакатлари архивларини ўз ичига олган «Евроосиё» бўлинмасининг фаолиятида республика вакилларининг расмий иштироки учун тўсиқлар бартараф этилди. Шундай қилиб, ўша йилнинг октябрь ойида «Евроосиёнинг» Х - умумконференциясида Украина давлат архивлари қўмитаси ҳамда «Ўзархив» агентлиги ўртасида архив муассасаларининг икки томонлама алоқаларини чуқурлаштириш, профессионал тажриба алмашиш ҳамда ҳужжатли меросдан фойдаланиш бўйича ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган. 2012 йилда ХАК (ЕВРООСИЁ) бўлинмасининг XIII- умумий конференцияси ва МДХ давлатлари иштирокчилари давлат архив хизмати раҳбарларининг Маслаҳат Кенгаши йиғилиши Тошкент шаҳрида ўтказилган.
Эндиликда бу, собиқ СССР давлати фуқароларининг маълумот олиш ҳуқуқини эркин таъминлашга имкон берди. 2003 йилда «Ўзбошархив» томонидан биринчи марта: 21 майда «Росархив», 6 июлда Холокост бўйича Америка Мемориал Кенгаши ҳамда Вашингтондаги Холокост Мемориал музейи билан икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланди.
Россия ва Ўзбекистон давлат архивлари фондларини ҳар икки давлат халқлари тарихига оид муҳим ҳужжатлар нусхалари билан тўлдиришда ўзаро ёрдан кўрсатиш масалалари бўйича «Росархив» билан келишилди. Натижада 2010-2011 йилларнинг ўзидаёқ Ўзбекистонга икки мингдан ортиқ тасдиқланган архив ҳужжатларининг нусхалари ва республиканинг давлат чегарасини ўрнатиш билан боғлиқ 10 дан ортиқ картографик материаллар топширилди.
Архив иши соҳасида Қозоғистон Республикасининг Маданият ва ахборот вазирлиги билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши (2007 йил июль), ўз самарасини берди. Хусусан, битимга асосан томонлар ўзаро меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, архив соҳаси бўйича маълумот ва ҳужжат алмашиш, архившунослик, археография ва ҳужжатшуносликга оид адабиётлар ҳамда икки томоннинг манфаатларини ифодаловчи архив ҳужжатларининг нашрларини алмашишни келишиб олдилар.
Архив иши соҳасига оид бўлган яна бир фойдали битимлардан бири Ўзбекистон Республикасининг Греция, Италия ўртасида имзоланган ҳамкорлик битимлари ҳисобланади. Ушбу меморандумда ҳужжатларни таъмирлаш ишларини олиб бориш,ҳужжатларнинг сақловини таъминлаш, сўнган матнларни қайта тиклаш, архив ҳужжатларини рақамлаштириш бўйича мутахассисларнинг малакасини ошириш, архив иши бўйича илмий-амалий конференциялар, ўқув курслари ва семинарларини ташкил этиш масалалари белгилаб олинганди.
Корея Миллий архиви билан тузилган шартнома (2016 йил) Сеулда бўлиб ўтган XVIII Халқаро архивчилар конгрессида Ўзбекистон архив мутахассисларининг иштирокини таъминлади. Конгрессда рақамли ҳужжатларнинг яратилиши, айланиши ва ишлатилиши қандай бўлишидан қатъи назар, ҳужжатларнинг хавфсизлиги, улардан фойдаланиш ҳуқуқи ва ҳақиқийлигини таъминлаш бўйича фаолиятининг барча йўналишлари кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, постсовет республикаси архив хизматлари ўртасида ҳамкорликни ўрнатиш жараёнида, уларнинг раҳбарлари ва МДҲ мамлакатлари архивлари раҳбарларининг Минск (1992 йил апрель), Москва (1992 йил июль, 1993 йил октябрь) ва Киев (1994 йил ноябрь) шаҳарларида бўлиб ўтган учрашувлари тарихий аҳамиятга эга бўлган. Мустақил давлатларда архив иши ҳолати тўғрисида маълумот алмашишдан ташқари бу ерда, фуқароларнинг ижтимоий-ҳуқуқий сўровларининг бажарилиши ҳамда илмий тадқиқотчилар учун қулай шарт-шароитларнинг яратилиш масалалари бўйича томонларнинг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш бўйича келишувларни амалга ошириш механизми кўриб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги ҳозирги кунда Россия Федерацияси, Қозоғистон, Украина, Миср Араб Республикаси, Жанубий Корея, Туркия, Венгрия, Бирлашган Араб Амирликлари архивлари билан архив иши соҳасида ўзаро англашув меморандумлари асосида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
Ўтган давр ичида 20 зиёд хорижий делегациялар, хорижий мамлакатларнинг элчилари Ўзбекистон давлат архивларига ташриф буюрдилар.
2018-2019 йилларда Бирлашган Араб Амирликлари Миллий архиви билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Бирлашган Араб Амирликлари Миллий архиви директори Мажид Султон ал Мхеири бошчилигидаги Бирлашган Араб амирликлари делегацияси Ўзбекистонга бир неча маротаба ташриф буюрдилар. Икки давлатлар архивлари ўртасида ҳамкорлик қилишга келишилди. Бугунги кунда хорижий ҳамкорлик Ўзбекистон Миллий архивлари моддий техника базасини ривожлантиришга кўмаклашиш ташаббусини билдирганлар.
Биргина 2019 йилнинг ўзида Ўзбекистон Миллий архиви ўқув хоналарида 30 дан ортиқ хорижлик тадқиқотчилар ўз илмий ишлари учун архив материалларидан фойдаландилар.
Ўзбекистон Илмий техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архивига "CERT INTERNATIONAL” ташкилоти билан ҳамкорлиги натижасида 2016 йилда халқаро ISO ташкилоти стандартлари оиласига мансуб ISO 9001:2015 сертификати,2019 йилда эса Ўзбекистонда илк бор ISO 37001:2016 «Коррупцияга қарши ҳаракат бошқаруви тизими» халқаро сертификати топширилди.
«Ўзархив» агентлиги тизимидаги мутахассис ходимлар мунтазам равишда хорижий семинар ва конференциялар, малака ошириш курсларида иштирок этиб келмоқдалар. 2019 йилда 20 дан ортиқ мутахассислар хорижда малака ошириб қайтдилар.
2018 йил 30 апрелда Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги ҳамда Туркия Республикаси Бош вазири девони ҳузуридаги давлат архивлари дирекцияси ўртасида архив иши соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича имзоланган Баённома асосида 2019 йилда 100 дан ортиқ архив ҳужжатлари нусхалари ўзаро алмашилди.
2020 йил Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Россия Федерацияси Свердлов вилояти Екатеринбург шаҳридаги «Россия – Моя история» мультимедия паркида «Вспомним. Трудовое сражение» халқаро кўргазмасида Ўзбекистон кинофотофоно миллий архивида сақланаётган архив материалларидан фойдаланилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги
қарори ижроси юзасидан Ўзбекистон Миллий архивида сақланаётган «Бухоро амирлиги» фонди асосида тайёрланган Номзоднома ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясига киритилди.
Ҳозирги кунда Қирғизистон Республикаси ҳамда Полша Республикаси билан ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Анваржон Алиев,
«Ўзархив» агентлиги ахборот хизмати раҳбари