Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви сақловида сақланаётган ҳужжатлардан бири “Хива хонлиги канцелярияси” ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси”дастури рўйҳатига киритилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви ўзининг қадимий, бой ва асл тарихий ҳужжатлари билан Марказий Осиё давлатлари архивлари орасида етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Хусусан, архивда сақланаётган “Хива хонлиги канцелярияси”, “Бухоро Амирлиги Қушбегиси”, “Қўқон хонлиги” ва шу каби бошқа фондлар узоқ ўтмиш холис ўрганиш ва тадқиқ этишда муҳим ва қимматли манба ҳисобланади. Улар алоҳида қимматли ҳужжатлар туркумига киритилган ҳужжатлар ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамаси қошидаги ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясининг мурожаати асосида Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида сақланаётган “Хива хонлиги архив ҳужжатлари” фонди ҳужжатларининг аслийлиги ва халқаро аҳамиятга эга эканлигини инобатга олган ҳолда мазкур фондни тўлалигича ЮНЕСКО рўйхатига киритиш бўйича иш олиб борилди. Фонд тўлиқ ўрганиб чиқилиб, тегишли материаллар тайёрланди, ўзбек, рус ва инглиз тилларида аннотациялар билан ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастури халқаро рўйхатига киритиш учун тақдим этилди.
2017 йилнинг 24-27 октябрь кунлари Париж шаҳрида ”Жаҳон хотираси” ЮНЕСКО дастури бўйича халқаро қўмитанинг навбатдаги мажлисида номзодномалар кўриб чиқилди. Бутун дунё мамлакатларидан 78 та номзоднома мазкур рўйхатга киритилиши учун тавсия этилган эди. Натижада 2017 йил 6 ноябрда мазкур ташкилотнинг “Жаҳон хотираси” халқаро рўйхатига киритиш мақсадида тақдим этилган 50 дан ортиқ ўзига хос тарихга эга мамлакатлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивининг “Хива хонлиги Канцелярияси” номзодномаси ЮНЕСКО дастури бўйича халқаро қўмитанинг навбатдаги мажлисида 3-чи бўлиб эътироф этилди ва халқаро миқёсдаги сертификат билан тақдирланди.
Ушбу халқаро ташкилот томонидан маъқулланган “Хива хонлиги Канцелярияси” (2016 йил) номзодномасиини тайёрлаб, уларни ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” халқаро рўйхатига киритишга оид маълумотларни тақдим этиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивининг “Режалаштириш ва ташкилий-методик ишлар” ходимлари М.Исакова ҳамда Н.Мирзаевлар иштирок этдилар. Фаол иштироклари учун “Ўзархив” агентлиги раҳбарияти ушбу ходимларга ўз миннатдорчилигини билдиради.