Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ва унинг тизимидаги архив муассасалари фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиш учун сўровларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва қайта ишлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома

 

Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрдаги 320-сон “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги (бундан буён матнда “Агентлик” деб юритилади) ва унинг тизимидаги архив муассасалари фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиш учун сўровларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва қайта ишлаш тартибини белгилайди.

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасалари тўғрисида ахборот излашни амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахс ахборотдан фойдаланувчи ҳисобланади.

2. Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасалари тўғрисида ахборот олишга доир сўров (бундан буён матнда сўров деб юритилади) ахборотдан фойдаланувчининг Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассалари тўғрисида ахборот тақдим этиш ҳақида Агентлик ва архив муассасалари ва (ёки) уларнинг мансабдор шахсларига йўлланадиган оғзаки, ёзма ёки электрон ҳужжат шаклидаги мурожаатидир.

3. Ахборотдан фойдаланувчи Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасаларига уларнинг фаолияти тўғрисида ахборот олиш учун бевосита ёхуд ўз вакиллари орқали сўров билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

4. Сўровлар “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасида кўрсатилган талабларга мувофиқ расмийлаштирилиши керак.

5. Ёзма сўровда мурожаат этувчининг электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Ёзма сўровда электрон манзилнинг кўрсатилганлиги мурожаат этувчининг сўровга ахборот тизими орқали электрон шаклда жавоб олишга бўлган розилигидир.

6. Сўровлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.

7. Қуйидагилар сўров ҳисобланмайди:

жисмоний ва юридик шахсларнинг ариза, шикоят ҳамда таклифлари;

тақдим этилишининг ўзига хос хусусиятлари бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган, Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасаларининг фаолиятига тааллуқли бўлган ахборотнинг айрим турлари, шу жумладан ижтимоий-ҳуқуқий сўровлар ва мавзули сўровлар.

8. Ахборотдан фойдаланувчи томонидан сўралган ахборот қонунда белгиланган тартибда давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар жумласига киритилган бўлса, сўровда кўрсатилган ахборотни тақдим этиш рад этилади ва ахборотдан фойдаланувчига асослантирилган жавоб юборилади.

 

2-боб. Сўровларни қабул қилиш

9. Ахборотдан фойдаланувчи Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасаларига оғзаки, ёзма ёки электрон ҳужжат шаклида сўров билан мурожаат этиши мумкин. Бунда электрон ҳужжат шаклидаги сўровлар Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасалари расмий веб-сайтлари, расмий электрон почта манзиллари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади.

10. Сўровларни қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказилишини таъминлаш Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасалари раҳбарининг буйруғи билан белгиланган сўровлар билан ишловчи масъул ходим томонидан амалга оширилади.

11. Сўров почта орқали келиб тушганда, сўровлар масъул ходим томонидан конвертда сўров мавжудлиги текширилади.

Конвертда сўровнинг ёки сўровда кўрсатилган иловаларнинг мавжуд эмаслиги аниқланганда, масъул ходим томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, улардан бири (сўров ва у юборилган конверт билан бирга) сўровлар билан ишловчи масъул ходимда қолади, иккинчиси кузатув хатига илова қилинган ҳолда конвертда кўрсатилган манзил бўйича юборилади.

12. Электрон ҳужжат шаклида сўров тушган кунида қоғозга босиб чиқарилиши, иш вақти тамом бўлгандан кейин тушган тақдирда эса — навбатдаги иш кунида қоғозга босиб чиқарилиши керак.

13. Ахборотдан фойдаланувчини идентификациялаш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилмаган сўров аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

14. Сўров аноним деб эътироф этилганда, бу ҳақда ижрочи (ёки ижрочилар) томонидан хулоса тузилади. Хулосада сўровни аноним деб эътироф этиш учун асослар кўрсатилади. Сўровни аноним деб эътироф этиш тўғрисидаги хулоса масъул ходим томонидан тасдиқланади ҳамда давлат органи раҳбари ёки ваколат берилган бошқа мансабдор шахс томонидан ижродан олинади.

15. Аввалги сўровлар бўйича юборилган жавобдан норозилик билдирилган, шунингдек агар такрорий сўров келиб тушган пайтда кўриб чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддати тугаган бўлса, аввалги сўров ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги ҳақида хабар қилинган, айнан бир ахборотдан фойдаланувчидан келиб тушган сўров такрорий деб ҳисобланади.

Такрорий сўровга у келиб тушгандан сўнг навбатдаги рўйхат индекси берилиб, Сўровларни рўйхатга олиш журналида ёки электрон ҳужжат айланиш тизимида “такрорий” деб қайд этилади.

16. Айнан бир ахборотдан фойдаланувчининг сўрови нусхаси сўров дубликати ҳисобланади. Давлат органига сўров дубликати (нусхаси) келиб тушган ҳолларда, ушбу сўровга алоҳида тартиб рақами берилмасдан, биринчи марта рўйхатга олинган сўровнинг тартиб рақами ва ундан сўнг бош ҳарфда “/Д” белгиси ҳамда сўров келиб тушган сана билан қайд этилади (масалан, сўров биринчи марта 2016 йил 10 мартда 10-1-25 билан рўйхатга олинган бўлиб, сўров дубликати ҳам келиб тушганда, “2016 йил 10 март, 10-1-25/Д” каби рўйхатга олинади).

 

3-боб. Сўровларни рўйхатдан ўтказиш

17. Сўров Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасаларига келиб тушгандан сўнг, у масъул ходим томонидан Сўровларни рўйхатга олиш журналига ёки электрон ҳужжат айланиш тизимига қайд этилади.

18. Сўровларни рўйхатга олиш журнали ёки электрон ҳужжат айланиш тизимида сўров қабул қилинган сана, сўровнинг тартиб рақами, сўров билан мурожаат қилган жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш жойи (юридик шахслар учун — юридик шахснинг тўлиқ фирма номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар, сўровнинг қисқача моҳияти, агар сўров дубликат ёки такрорий бўлса, унинг дубликат ёки такрорийлиги ҳамда сўров ижроси тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

19. Ахборотдан фойдаланувчи ўз сўровини у кўриб чиқилгунга қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда ариза бериш орқали қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

 

4-боб. Сўровларни қайта ишлаш

20. Қабул қилинган ва рўйхатга олинган сўровлар бир иш куни ичида Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасалари раҳбари ёки унинг ўринбосарига резолюция (сўровни ижро этиш бўйича кўрсатма) қўйиш учун киритилади.

21. Резолюцияда сўровни ижро этиш учун масъул этиб белгиланган ходим(лар)нинг фамилияси, топшириқ мазмуни акс эттирилади ҳамда Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасалари раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади ва сана қўйилади.

22. Резолюция ёзилганидан сўнг, сўров сўровни ижро этиш учун масъул этиб белгиланган ходимга имзо қўйдирган ҳолда топширилади.

23. Сўровлар “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасида белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади.

24. Сўровлар билан ишловчи масъул ходим(лар) мунтазам равишда Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасаларида сўровлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасалари фаолияти тўғрисида мунтазам сўралувчи ахборотларни нашр этиш ҳамда бошқа муҳим масалалар бўйича таклифлар тайёрлаш мақсадида сўровларни умумлаштириш, уларни мазмунан бирлаштириш ва бошқа шаклларда қайта ишлашни амалга оширади.

 

5-боб. Оғзаки сўровларни қабул қилишни ташкиллаштириш

25. Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасаларида раҳбарият томонидан тасдиқланган график асосида белгиланган кунлар ва соатларда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ташкил этилади.

26. Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасаларида ахборотдан фойдаланувчиларни қабул қилиш учун мўлжалланган алоҳида хона ажратилиши мумкин.

27. Ахборотдан фойдаланувчи оғзаки мурожаат этаётганда, Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасалари масъул ходимига ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини, юридик шахснинг вакили эса, ўзининг шахсини ва ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатларини кўрсатиши керак. Бундай ҳужжатларни кўрсатмаган ахборотдан фойдаланувчилар қабул қилинмайди.

28. Оғзаки сўров билан мурожаат қилган ахборотдан фойдаланувчини қабул қилиш сўров моҳиятидан келиб чиқиб, тегишли бўлим бошлиғи (мудири) ҳамда сўровлар билан ишловчи масъул ходим иштирокида амалга оширилади.

Агарда оғзаки сўров билан мурожаат этган ахборотдан фойдаланувчини қабул қилиш вақтида ушбу сўровни кўриб чиқиш Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасаларининг ваколат доирасига кирмаслиги аниқланса, унга сўралаётган ахборотни олиш бўйича сўров билан қайси давлат органига мурожаат этиши мумкинлиги тушунтирилади ва бу ҳақда Сўровларни рўйхатга олиш журналига ёки электрон ҳужжат айланиш тизимига қайд этилади.

29. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг оғзаки сўровлари Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасаларининг “ишонч телефонлари” орқали қабул қилиниши мумкин. Бунда сўровлар мазкур Йўриқномада белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

30. Оғзаки сўровга, имкониятга қараб, дарҳол жавоб берилиши керак.

 

6-боб. Сўровларнинг кўриб чиқилишини мониторинг қилиш

31. Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасалари раҳбарияти томонидан сўровларни ижро этиш учун масъул этиб белгиланган ходим(лар) томонидан сўровлар кўриб чиқилишини доимий мониторинг қилади, зарур ҳолларда, сўровларнинг ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш чораларини кўради.

32. Сўровлар билан ишловчи масъул ходим сўровларни умумлаштириб, таҳлил қилиб боради.

33. Таҳлил натижалари бўйича ҳар ойда Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасалари раҳбариятига маъулумот киритади.

Зарур ҳолларда, таҳлил натижалари бўйича раҳбариятга Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасаларида сўровлар билан ишлаш тизимини ва тегишли қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан, шунингдек ахборотдан фойдаланувчилар томонидан Агентлик ва унинг тизимидаги архив муассасалари фаолияти тўғрисида мунтазам сўралувчи ахборотларни нашр этиш ҳамда бошқа муҳим масалалар бўйича таклифлар киритади.

 

7-боб. Якуний қоидалар

34. Мазкур Йўриқнома талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.