ЎЗБЕКИСТОНЛИК ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАҲРАМОНЛАРИ ҲАҚИДА САЙТ ЯРАТИШДА ХОРИЖИЙ ТАЖРИБАНИНГ ЎРНИ

ЎЗБЕКИСТОНЛИК ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАҲРАМОНЛАРИ ҲАҚИДА САЙТ ЯРАТИШДА ХОРИЖИЙ ТАЖРИБАНИНГ ЎРНИ

(Россия Федерацияси мисолида)

 

1939–1945 йилларда бўлиб ўтган Иккинчи жаҳон урушида Совет иттифоқи таркибида бўлган Ўзбекистон ССР ўзининг бемисл ҳиссасини қўшганлиги тарихдан маълум. Ушбу урушда қанчадан қанча Ватанимизнинг мард ўғлонлари иштироқ этди. Уларнинг кўпчилиги она ватанга қайтмади. Урушда қатнашган ота-боларимиз номини абадийлаштириш, уларнинг кўрсатган қаҳрамонликлари ва жасоратини доимо ёдда сақлаш ҳамда уларга муносиб авлод бўлиш халқимизнинг ҳар бир аъзосининг бурчидир.

2019 йил 23 октябрдаги ПҚ-4495-сонли “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорига кўра: “Ўзбекистон халқининг жанг майдонларидаги, уруш ортидаги қаҳрамонлиги ва фидокорона меҳнатини, тарихий хизматларини мамлакатимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш ва абадийлаштириш” 1 лозимлиги белгилаб қўйилди. Хусусан, ушбу Қарорнинг 1-иловасида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилган. Дастурнинг маданий-маънавий тадбирлар қисмида Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган қаҳрамонликлари учун унвон ва орден билан тақдирланган юртдошларимиз тўғрисида маълумот берувчи www.warheroes.uz расмий интернет сайтини яратиш белгиланган эди.

Шундай экан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хотирасини абадийлаштириш, Ватан қаҳрамонлари ҳақидаги маълумотларни топишни осонлаштириш ва оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Миллий архиви базасида маълумотларни электронлаштириб, интернет сайтини яратиш бугунги куннинг долзарб мавзуларидан биридир. Бу борада хорижий тажрибадан унумли фойдаланиш фикримизча мақсадга мувофиқ бўлади. Бундай мазмундаги интернет ресурслари Россия Федерациясида яратилган 

бўлиб, улар қуйидагилар: http://www.warheroes.ru, https://obd-memorial.ru, http://www.podvignaroda.ru, https://pamyat-naroda.ru.

Ушбу сайтларнинг энг биринчиси – “Мамлакат қаҳрамонлари” («Герои страны» - http://www.warheroes.ru) лойиҳаси бўлиб, унда асосан собиқ Совет Иттифоқ Қаҳрамонлари унвони, Шуҳрат Ордени, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвони каби энг олий унвон соҳиблари ҳақида маълумотлар жамланган. 2000 йилда ўз фаолиятини бошлаган ушбу сайтни яратишдан мақсад собиқ Иттифоқ ва замонавий Россиянинг энг юқори давлат мукофотларининг соҳиблари ҳақида ягона ва тўлиқ маълумотлар базасини яратишдан иборат. Лойиҳа ижрочилари аввало Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларининг маълумотларини келтирганликлари ушбу сайт маълумотлари ва унинг тузилишини биз учун эътиборли эканлигини таъкидлаб ўтиш лозим.

2007 йили Россия Федерацияси Мудофа вазирлиги ташаббуси билан “Мемориал” (https://obd-memorial.ru) жамоат маълумотлар банки ташкил этилади. Бу сайтда уруш вақтида вафот этган ва бедарак йўқолганлар ҳақида маълумот берилади. Ушбу маълумотлар банкида ҳозирда 17 млн.дан зиёд ҳужжатларнинг рақамли нусхаси жойлаштирилган бўлиб, Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳалок бўлган 20 млн.дан ортиқ шахсларнинг номи келтирилган. Шунингдек, 5 млн.дан ортиқ аскар ва зобитларнинг дафн этилган жойлари ҳам кўрсатиб ўтилган. Маълумотлар банкининг техник таъминоти “ЭЛАР” корпорацияси томонидан амалга оширилган.

2010 йили Россия Федерацияси Мудофа вазирлиги ташаббуси билан “Халқ жасорати” («Подвиг народа» - http://www.podvignaroda.ru) жамоат маълумотлар банки ташкил этилади. Ушбу сайтда асосан уруш иштирокчиларининг шахсий маълумотлари келтирилган бўлиб, маълумотлар банкига киритилган уруш иштирокчиси мукофоти, қандай қаҳрамонлик кўсатганлиги ҳақида маълумот ва архив ҳужжатлари ҳам келтирилади. Ҳозирда маълумотлар банкида
40,5 млн. мукофотланганлик ҳақида маълумотлар жойлаштирилган. Маълумотлар банкининг техник таъминоти “ЭЛАР” корпорацияси томонидан амалга оширилган.

2014 йилга келиб “Халқ хотираси” (“Память народа” - https://pamyat-naroda.ru) интернет портали яратилади. Ушбу интернет портал Россия Федерацияси Мудофа вазирлиги томонидан Россия Президенти топшириғи ва ҳукумат Қарори асосида вужудга келади. Ушбу портални яратишдан

 

мақсад аввал яратилган “Мемориал” ва “Подвиг народа” жамоат маълумотлар банкларидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига оид маълумотларни тўлиқ ва тезроқ олиш имконини яратишдан иборат. Қолаверса лойиҳа доирасида қатор янгиликлар амалга оширилган бўлиб, ҳали муомалага киритилмаган 425 минг ҳужжатлар порталга жойлаштирилади. Портал ҳозирда мавжуд бўлган маълумотлар банкларини бирлаштириш йўли билан аҳолининг сўровларини қондириш имконини оширди. Шунингдек, порталда маълумоти киритилган ҳар бир шахснинг “Жамланган маълумотлар”, “Ҳужжатлар”, “Ҳарбий йўли”, “Қўшимча маълумотлар” каби қисмларга ажратилган сўров ойналари орқали асл ҳужжатлар, ҳарбийнинг уруш давомида босиб ўтган йўлини кўрсатувчи харита билан танишиш мумкин. Ушбу порталнинг техник таъминоти ҳам “ЭЛАР” корпорацияси томонидан амалга оширилган.

Юқоридаги интернет ресурслар фаолиятидан келиб чиқиб Ўзбекистонлик уруш қатнашчилари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олувчи сайт яратиш муҳим вазифа ҳисобланади. Биз Россия Федрерацияси тажрибаси асосида юқоридаги 4 та рессурснинг барча маълумот турлари ва афзалликларини ўзида жамлаган сайтни ишга тушуриш лозимлигини таклиф этамиз. Кўзда тутилаётган мазкур сайтнинг яратилиши ҳақида қуйидаги таклифларни келтириб ўтиш мумкин:

1. Ҳар бир ўзбекистонлик уруш қатнашчиси учун персонал маълумот базасини яратиш лозим. Ушбу база бевосита сайт таркибида бўлиб унда аскар ёки зобитнинг уруш давомидаги босиб ўтган йўли, қаҳрамонликлари, мукофотлари, вафот этган бўлса дафн этилган жойи, ярадорликлар ҳақида маълумот ва ҳ.к.лар киритилиши мумкин.

2. Мазкур сайтдаги маълумотларни бойитиб бориш маҳаллий ва хорижий архивлардан ташқари аҳолининг қўлидаги манбалар билан ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунинг учун махсус “дарча” орқали маълумот юборувчининг маълумотлари қабул қилиниб, унинг ҳақиқийлигини кўздан кечириб, кейин сайтга киритиш мумкин бўлади.

3. Сайтнинг тузилишида асосий “ойна”да умумий “дарча”лар ҳақида маълумотлар ва ватанпарварлик ва хотира руҳи сингдирилган фон жойлаштирилиши, ҳар бир “дарча”да аввало ўз мазмуни доирасидаги умумий статистик маълумотлар келтирилган бўлиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

4. “Излаш” (“қидирув”) тизими орқали шахсларни топиш ва у ҳақидаги маълумотларни билиб олиш имконияти бўлиши муҳимдир. Бундан ташқари шахслар ҳақидаги маълумотларни ўзгартириш ва бойитиш мақсадидаги 

кузатувчи томонидан юборилган маълумот қисқа вақт ичида ўрганиб чиқилиб тезлик билан киритилиши мақсадга мувофиқ.

5. Сайт икки ёки уч тилда бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Ушбу таклифлар асосида тузилган сайт ёки маълумотлар банки аввало тарихимизни оммалаштириш, аждодлармизнинг муқаддас хотирасини сақлаб қолиш, ватандошларимиз қаҳрамонликларининг унитилмаслигига хизмат қилар эди.

#архивлар_куни #день_архивов, @uzarxiv

Адилов Жамшид Хасан ўғли – ЎзР ФА Тарих институти таянч докторанти

 +998971575888 E-mail: jamshid8880@bk.ru  

Ҳамраев Суннатилло Аллабердиевич – ЎзМУ тарих факультети магистратура талабаси

+998977393076 E-mail: hamroyev.s@mail.ru

 

 

 


Manba : "Ўзархив" агентлиги Ахборот хизмати