“Янги Ўзбекистон архивлари” номли ҳужжатли фильм премьераси, “Ўзбекистон архивлари” китоби ҳамда “Мустақиллик 30” веб-сайти тақдимоти муносабати билан матбуот анжумани

Архив кенг маъноли сўз ҳисобланади. Архив тарихий ҳужжатларни, ёзма ва график ёдгорликларни сақлаш, тизимлаштириш ва тавсифлаш билан шуғулланадиган махсус муассаса. Аслида Архив “архи” сўзидан келиб чиқиб юксак унвон, юқори мансаб, бетакрор санъат асарлари кабиларга қўшиб айтиладиган феълдир.Унинг яна бир маъноси “Ҳукумат уйи” демакдир. Чунки архивларда ҳукуматлар тарихига, инсонларнинг ҳаёт-момотига таалуқли маълумотлар сақланиб келинган.У сизу-биз ўтиб кетсакда, келгуси авлодларга бизларнинг тарихимизни, қилган ишларимизни, ижтимоий-иқтисодий турмуш тарзимизни, қилган бунёдкорликларимизни, қолаверса ноўрин қилган ишларимиздан гапириб, ўзини ўзгартириб бўлмас фикрларини далиллар билан баён қилиб беради, чунки у ҳаёт кўзгусидир.

Жорий йил 25 август куни Тошкент шаҳридаги ИНҲА Университети биносида “Ўзархив” агентлиги томонидан “Янги Ўзбекистон архивлари” номли ҳужжатли фильм премьераси, “Ўзбекистон архивлари” китоби  ҳамда “Мустақиллик 30” веб-сайти тақдимоти муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжумани аввалида сўзга чиққан “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5834-сон Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-4463-сон қарори қабул қилиниши тарихий воқелик бўлганлиги. Мазкур икки ҳужжат асосида тизимда катта ўзгаришлар амалга оширилаётганлиги. Ўзбекистон Республикаси 30 йиллиги муносабати билан “Ўзархив” агентлиги буюртмасига асосан Кинематография агентлиги томонидан суратга олинган “Янги Ўзбекистон архивлари” ҳужжатли фильми соҳада меҳнат қилаётган устозлар ва ёшларни елкама-елка туриб, Ўзбекистон халқининг моддий ва маънавий ҳаётини акс эттирган, тарихий, илмий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий аҳамиятга эга бўлган архив ҳужжатларини сақлаш борасидаги меҳнатларини акс эттирганлиги. Бу эса архивчи касби жамият учун нақадар зарур эканлигини яна бир маротаба кўрсатиб бериш учун хизмат қилишини таъкидлади.

“Янги Ўзбекистон архивлари” ҳужжатлари фильми тақдимоти ўтказилди.

Фильм бўйича Ўзбекистон Миллий архиви директори, “Соҳа ифтихори” кўкрак нишони соҳибаси Дилбар Закирова, фильм режиссёри, сценарий муаллифи Абдусамад Саломовлар ўз мулоҳазаларини билдирдилар.Фильм иштирокчилар томонидан жуда яхши қабул қилинди ва тез кунларда Оммавий ахборот воситалари орқали фильми намойиш этилиши режалаштирилганлиги маълум қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Ўзархив” агентлиги томонидан “Ўзбекистон архивлари” ахборот китоб-албоми чоп этилди.

1989 йилда собиқ Совет Иттифоқи Министрлар Совети ҳузуридаги Бош архив бошқармаси томонидан Москванинг-“Мысль” нашриётида “СССР давлат архивлари” (Государственные архивы СССР справочник) тўплами нашр этилган. Мазкур тўплам 2-қисмида “Государственнные архивы Узбекской ССР” бўлимида 45-90 бетларда атиги 45 бетда республикамиздаги давлат архивлари тўғрисида маълумот берилган. Асосан 3 та марказий давлат архивлари ва вилоят давлат архивлари ҳақида ва уларда сақланадиган айрим фондлар номлари ҳақидагина маълумот мавжуд. Мазкур китоб-албомда алоҳида қимматли архив ҳужжатлари ва материаллар, “Ўзархив” агентлиги тизимидаги республикада фаолият кўрсатиб келаётган 3 та Миллий архивлар, 14 та архив иши ҳудудий бошқармалари, 101 та давлат ва 123 та шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари ҳақида батафсил маълумотлар келтирилган.

Мазкур китоб-албом бугунги авлодга, айниқса ёшларимизга давлат архивларида сақланаётган ҳужжатлар бебаҳо хазиналиги эканлигини, давлат архивлари эса давлат ва жамият учун нақадар аҳамиятли эканлигини тушуниб етишга ёрдам беради ҳамда жамиятимиз аъзолари учун давлат архивлари хизматларидан фойдаланишларида хизмат қилади. Зеро ушбу китоб-албом шиддат билан ривожланиб бораётган мустақил Ўзбекистонимизнинг бугунги кунидаги ахборотини юқори савияда ҳужжатлаштиришни ташкил этадиган ва мазкур ҳужжатларнинг тарихимиз кўзгуси бўлган архивларимизда кўз қорачиғидай асралиши ва албатта ундан шахс, жамият ва давлат манфаатлари йўлида фойдаланилиши учун келажак авлодга бекаму-кўст етказиш каби масъулиятни ҳис қиладиган, вазифасини дилдан севган, унинг машаққатини биладиган инсонлар меҳнатини бироз бўлсада кўрсатиб беришига ишонамиз.

Ватанимиз мустақиллиги куни муносабати билан қилинган янги замонавий лойиҳалардан бири бу “Ўзархив” агентлиги томонидан “Мустақиллик 30” веб-сайтининг яратилиши бўлди.

Мазкур электрон платформа Интернет орқали фойдаланувчиларга мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган муҳим архив ҳужжатлари билан танишиш, ўша даврда тасвирга олинган фотосуратлар ва видеолавҳалар орқали аниқ тасаввурга эга бўлиш имкониятитни беради. Шу билан бирга, қизиқарли маълумотлар контенти давлат архивларига келиб тушаётган архив ҳужжатлари билан доимий бойитиб, такомиллаштириб бориш режалаштирилган. Айни пайтда сайтда давлат архивлари сақловидаги «Ҳужжатлар» ҳақидаги маълумотлар, «Фото-галерея» ҳамда «Газеталар» қисмида бир қатор муҳим маълумотлар мавжуд. Ёшлар, ўқувчи-талабалар томонидан мустақиллик даври тарихи ўрганилар экан мазкур сайт улар учун бениҳоя аҳамиятли ва қизиқарли манба бўлиб хизмат қилади.

Хусусан сайтда эълон қилинган материаллар шу кунгача оддий аҳолининг эътиборига ҳавола этилмаган бўлиб, ҳаттоки Олий Мажлис сессияси ажараёнини акс эттирувчи ҳужжатлар ҳам тўлиқ матнда эълон қилинган. Мазкур сайтни архив ҳужжатлари билан доимий бойитиб бориш мақсад қилиб қўйилган.

Тадбирда “Ўзархив” агентлиги, Кинематография Агентлиги, Фанлар академияси Тарих институти, Миллий кутубхона, Ўзбекистон миллий архивлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.